• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишда маҳаллий деҳқон ва тадбиркорларга устуворлик берилади



Шавкат Мирзиёев ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, сўнгги беш йилда мамлакатда ер муносабатларини ислоҳ қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилган. Хусусан, ер ажратиш ваколати ҳокимлардан олиниб, ер участкаларини аукцион орқали реализация қилиш тартиби жорий этилди. Шу даврда 616,3 минг гектар ер аукцион орқали ажратилди, бюджетга 1,4 триллион сўм тушум таъминланди.

Тақдимотда ердан юқори даромад олишда илғор хорижий тажрибани, айниқса, чет элнинг замонавий агротехнологияларини кенг қўллаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, бу жараёнда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш лозимлиги қайд этилди.

Хусусан, хорижий инвесторларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг тартиби ва шартлари қайта кўриб чиқилади. Бундан буён уларга фақат вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги дирекциялар орқали, инвестиция миқдори камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар доирасида, яйлов, лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти билан иккиламчи ижарага бериш тартиби қўлланади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини олиш бўйича аукционда фақат маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар иштирок этишини белгилаш лозимлиги таъкидланди. Мудофаа, чегара, тарихий-маданий ерлар ва ўрмон фонди ерлари фақат мамлакатимиз фуқароларига берилади. Айни пайтда ерларни ижарага бериш муддатини барча турдаги ерлар учун, шу жумладан, саноат ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширадиган чет эллик инвесторлар учун ҳам 49 йил этиб белгилаш таклиф этилди.

Бугунги кунда қарийб 100 минг гектарга яқин ернинг ижара муддати тугаган. Шу боис, тадбиркорлар ушбу ерларни қайта аукционга чиқармасдан, ижара муддатини узайтириш бўйича қулай ва шаффоф тартиб жорий этиш зарурлигини билдирмоқда. Тақдимотда мазкур жараённи давлат хизматлари марказлари ва электрон платформалар орқали амалга ошириш, кадастр, қишлоқ хўжалиги ва адлия тизимларини ўзаро интеграция қилиш, эътирозлар бўлмаган тақдирда қишлоқ хўжалиги ерлари учун 30 йилгача, ноқишлоқ ерлар учун 49 йилгача узайтириш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Солиқ ёки ижара тўловидан қарздорлик, суд низоси ёки ноқонуний қурилиш аниқланган ҳоллардагина ижара шартномаси янги муддатга узайтирилмаслиги белгиланмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *