Марказий Осиё ва Германия ҳамкорликни жадаллаштириш учун янги соҳаларни изламоқда, бу рақамли технологиялардан тортиб, инсон капиталини ривожлантиришгача бўлганларни қамраб олади. Ушбу масалалар 16−17 апрель кунлари Хивада бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Германия» биринчи экспертлар форумида муҳокама қилинди.
Тадбир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Gazeta Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази бош илмий ходими Дарья Горелкина билан яқин йиллардаги ўзаро ҳамкорликни белгилаб берувчи йўналишлар ҳақида суҳбатлашди.
— Сизнингча, Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг қайси асосий йўналишлари ўрта муддатли истиқболда устувор бўлиши керак? Бундай танлов нима билан изоҳланади?
— Ўрта муддатли истиқболда мен учта устувор йўналишни ажратиб кўрсатган бўлардим. Биринчидан, бу минтақа мамлакатларида институционал ривожланишни қўллаб-қувватлашдир. Германия ўн йиллар давомида давлат бошқаруви соҳасидаги салоҳиятни оширишни қўллаб-қувватловчи ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича маслаҳатлар берувчи тизимли ҳамкор бўлиб келмоқда. Идоралараро жадал мулоқот, шунингдек, ҳамкорлик кун тартибидаги барча масалалар бўйича муносабатларни ривожлантириш ва қўшма ҳаракатлар учун барқарор база яратади.
Иккинчидан, иқтисодий ва технологик шериклик. Германия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги жами товар айирбошлаш ҳажми қарийб 11 миллиард еврога етди ва 2017 йилга нисбатан уч баробардан зиёд ошди. Германия Европа Иттифоқи давлатлари орасида минтақанинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради, немис капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 1300 тадан ошади. Масалан, Ўзбекистонда саноат, энергетика ва инфратузилма соҳаларига йўналтирилган немис инвестицияларининг умумий ҳажми 1−1,5 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар ўзаро иқтисодий алоқаларнинг барқарор ўсишини акс эттиради ва ҳамкорликнинг янада мураккаб шаклларига — саноат кооперацияси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, «яшил» энергетикани ривожлантириш ва транспорт боғлиқлигини таъминлашга ўтиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Учинчидан, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш. Халқаро тизим ўзгариб бораётган шароитда стратегик ёндашувларни мувофиқлаштириш ва ҳамкорликнинг амалий шаклларига ўтиш, жумладан, халқаро ташкилотлардаги позицияларни ўзаро келишиб олиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Бугунги кунда халқаро кун тартибидаги қайси масалалар бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Германиянинг позициялари мос келади? Қайси масалаларда тафовутлар сақланиб қолмоқда?
— Глобал кун тартибидаги аксарият масалалар бўйича мамлакатларимизнинг ёндашувлари жуда яқин. Иқлим ўзгариши ва «яшил» трансформация каби глобал муаммоларни ҳал қилишда биз кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларига бирдек содиқмиз. Иқтисодий соҳада эса Марказий Осиё ва Германия транспорт коридорларини ривожлантириш, ўта муҳим хомашёларни қазиб олиш, саноат ва ахборот технологияларини тараққий эттиришдан манфаатдор.
Тафовутлар ҳам мавжуд. Улар асосан Германиянинг етакчи Европа давлати, НАТО ва ЕИ аъзоси экани, шунингдек, иқтисодий ривожланиш даражасининг ўта юқорилиги билан боғлиқ хусусиятлардир. Бизнинг минтақамиз ҳозирча ривожланиш босқичида, шу сабабли, энг аввало, энергетик трансформация суръатлари, геоиқтисодий сиёсатнинг ўзига хос жиҳатлари ва санкция режимларига бўлган ёндашувлар борасида турлича қарашлар юзага келмоқда. Бироқ бундай фарқлар чекланган характерга эга ва стратегик мулоқотга тўсқинлик қилмайди.
— Сизнингча, Марказий Осиё мамлакатлари Германия ва, умуман, Европадан инвестицияларни жалб қилишда умумий келишилган ёндашувни ишлаб чиқиши керакми? Бу қандай афзалликлар бериши мумкин?
— Ҳа, жипслашган минтақавий ёндашувнинг шаклланиши Марказий Осиёнинг глобал майдондаги инвестициявий жозибадорлиги ўсиши учун катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу минтақани немис бизнеси учун стратегик манфаат уйғотадиган кенг қамровли ва шаффоф бозорга айлантириб, масштаб самарасини яратади. Шу билан бирга, макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хатарларни камайтириш, бозорга кириш тўсиқларини қисқартириш ва тартибга солиш шартларининг изчиллигини таъминлаш имконини беради. Бу, айниқса, трансчегаравий кооперация ва катта миқдордаги инвестициявий ресурслар талаб қилинадиган капитал талаб қилувчи инфратузилма ва энергетика лойиҳалари учун жуда долзарбдир.
Бундай ҳамкорлик моделининг жорий этилиши узоқ муддатли технологик шериклик ва Германиянинг етакчи компанияларининг минтақадаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтириш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
— Миллий ёки минтақавий даражада немис инвесторларининг устувор йўналишлари таҳлил қилиняптими? Уларнинг манфаатлари минтақа мамлакатларининг устувор йўналишлари билан қай даражада мос?
— Таҳлиллар ҳам ваколатли органлар, ҳам бизнес ҳамжамиятининг ўзи томонидан олиб борилмоқда. Қувонарлиси, сўнгги йилларда тадбиркорлар бирлашмалари ҳукумат билан фаол мулоқот олиб бормоқда ва шароитларни яхшилаш бўйича ўз таклифларини киритмоқда.
Немис инвесторлари саноат, энергетика, транспорт ва логистика, шунингдек, экологик тоза технологияларни жорий этишга эътибор қаратмоқда. Хусусан, Германия қайта тикланувчи энергетика ва энергия самарадорлиги соҳасидаги лойиҳаларни фаол илгари сурмоқда. Ушбу йўналишлар минтақа мамлакатларининг стратегик вазифаларига тўлиқ мос келади.
Шу билан бирга, институционал муҳит, инвестицияларни ҳимоя қилиш ва тартибга солишнинг барқарорлиги билан боғлиқ муаммоли масалалар мавжуд. Уларни чуқур ўрганиш асосида инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
— Бугунги кунда Германия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси йўналишларида ишга солинмаган энг катта салоҳият сақланиб қолмоқда?
— Энг катта салоҳият бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта йўналишда сақланиб қолмоқда.
Аввало, бу — рақамли технологиялар, жумладан, сунъий интеллект соҳаси. Бу соҳада қўшма технологик платформаларни шакллантириш имконияти мавжуд.
Иккинчи йўналиш — саноат кооперацияси. Германияда энергия нархининг юқорилиги ишлаб чиқариш қувватларини хорижда, жумладан, Марказий Осиёда жойлаштиришга бўлган қизиқишни оширмоқда.
Учинчиси — инсон капитали. Германияда ишчи кучи тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда, Марказий Осиё аҳолиси дунёдаги энг ёшлардан бири экани ўзаро бир-бирини тўлдирувчи моделни юзага келтирмоқда: минтақа меҳнат ресурслари манбаи, Германия эса таълим ва технологик ечимлар етказиб берувчиси сифатида намоён бўлади.
Шунингдек, иқлим, сув ресурслари ва энергетика туташган соҳаларда ҳам юқори салоҳият мавжуд бўлиб, бу ерда комплекс минтақавий ёндашув зарур.
Ниҳоят, савдо-сотиқни ривожлантириш, транспорт боғлиқлиги ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган минтақавий ишлаб чиқариш занжирларини яратиш борасида ҳам катта имкониятлар бор.
Дарья Горелкина, Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази бош илмий ходими.
Дарья Горелкина, Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази бош илмий ходими.