Президент 20 апрель куни «Асакабанк»ни хусусийлаштиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжат банкни трансформация қилиш, улушни стратегик инвесторга сотишга тайёргарлик кўриш ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкини (EТТБ) жалб қилишни назарда тутади.
Қарорга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, EТТБ ва «Асакабанк» ўртасида банкнинг операцион самарадорлиги ва капиталлашувини ошириш, шунингдек, EТТБнинг 15% улушини сотиб олиш имкониятини назарда тутувчи битим имзоланган.
Трансформация доирасида барча банк операцияларини бозор тамойилларига ўтказиш, соҳага оид бўлмаган функцияларни тугатиш ва активлар қийматини бозор баҳосига мувофиқлаштириш (банк акцияларининг номинал қийматини бозор қийматига мувофиқлаштиришда юзага келган фарқни унинг қўшилган капиталига киритиш) кўзда тутилган.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир ой муддатда активлар сифатини таҳлил қилиш натижасида аниқланган муаммоли кредитлар бўйича юзага келиши мумкин бўлган йўқотишларни қоплаш механизмини жорий этиш топширилди. Бунинг учун давлат бюджети маблағлари, шунингдек, вазирликнинг банкда жойлаштирилган узоқ муддатли ресурслари жалб қилиниши мумкин.
Хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасида «Асакабанк» активларининг бир қисми Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади. Хусусан, гап кейинчалик хусусийлаштирилиши ёки ишончли бошқарувга берилиши лозим бўлган умумий қиймати 382,6 миллиард сўм бўлган тўртта лойиҳа ҳақида бормоқда:
- «Яшил энергия» — 67 млрд сўм;
- Uz CLAAS Agro — 222,3 млрд сўм;
- Khorezm Invest Project — 90,2 млрд сўм;
- Sayhun Tomorqa Export — 2,9 млрд сўм.
Бундан ташқари, муаммоли активларни ундириш ва банк акцияларининг номинал қийматини тузатиш механизми назарда тутилган. Марказий банкка рискларни бошқариш ва захираларни шакллантириш бўйича ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш тавсия этилди.
Банк капиталини мустаҳкамлаш учун 2026 йилда давлат бюджети ҳисобидан қарийб 95 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2024−2025 йиллардаги соф фойда дивидендлар кўринишида тақсимланмайди.
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Асакабанк»нинг активларининг бир қисми Давлат активларига ўтказилгандан сўнг камайиши мумкин бўлган капиталини тиклаш ҳуқуқини олди. Бунинг учун вазирлик банкка берилган кредитларнинг қарийб 2 трлн сўмлик қисмини унинг устав капиталига айлантира олади. Бошқача айтганда, давлат тўртта активни ўтказиш учун компенсация сифатида кредитни қайтаришни талаб қилмайди.
«Асакабанк»га EТТБ билан битимни қўллаб-қувватлаш ва улушни сотишга тайёргарлик кўриш учун халқаро юридик ва молиявий маслаҳатчини (шу жумладан, «катта тўртлик»дан) жалб қилишга рухсат берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «Асакабанк»ка 2026 йил 1 сентябрга қадар 15 фоизлик улушни сотиш қиймати ва EТТБ билан инвестиция битими шартлари бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Ижтимоий ва иқтисодий мақсадларни ҳисобга олган ҳолда собиқ Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ҳудудидан фойдаланиш лойиҳасини ишлаб чиқиш алоҳида назарда тутилган.
2024 йил май ойида Ўзбекистон президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Асакабанк»ни хусусийлаштириш бўйича келишув имзоланганини маълум қилганди.
«Асакабанк» бугунги кунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига 71,09% (бир йил аввал 88,22%), Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 28,17% (10,85%), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига (0,59%), «Ўзавтосаноат»га (0,08%), «Ўзагросуғурта»га (0,06%) ва «Ўзбекинвест»га (0,01%) тегишли.
Бунгача учта йирик банкни хусусийлаштириш муддати бир неча бор кечиктирилган. «Асакабанк»ни хусусийлаштириш 2025 йил охирига режалаштирилган эди — аввалроқ у 2023 йил охиригача режалаштирилганди. Охирги муддат давлат банкини 2026−2027 йилларда сотишни назарда тутади.