• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Эрон АҚШ билан музокараларнинг иккинчи босқичига рози бўлди — Axios – Gazeta


АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс урушни тўхтатиш бўйича эҳтимолий келишув юзасидан Эрон билан музокаралар ўтказиш учун Покистон пойтахтига йўл олади, деб хабар берди Axios нашрининг АҚШдаги манбалари.

Оқ уй душанба куни бўйи Теҳрондан ўз музокарачилар гуруҳини Исломободга юбориши ҳақидаги сигнални кутган, деб ёзади нашр.

Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, эронликлар музокараларни пайсалга солмоқда. Бунга Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИҚК) томонидан бўлаётган очиқдан-очиқ босим сабаб бўлмоқда. ЭИҚК қатъий позицияда туриб — АҚШ Эрон портлари қамалини тўхтатмагунча ҳеч қандай музокара ўтказилмаслигини талаб қилмоқда.

«Эрон жамоаси олий раҳнамо [Можтаба Хоманаий]дан рухсат кутаётган эди. Манбанинг сўзларига кўра, ушбу рухсат душанба оқшомида олинган», — дея аниқлик киритди Axios.

Нашрнинг икки манбаси Вэнс Исломободга сешанба куни эрталаб учиб кетишини маълум қилган.

Вэнс Покистонга ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув муддати тугаётган бир пайтда етиб боради. АҚШ президенти Дональд Трамп агар келишувга эришилмаса, Эрондаги кўприклар ва электр станцияларига зарба беришни бошлаш билан таҳдид қилганди, деб эслатади Axios.

Бундай қисқа муддат ичида кенг қамровли битим тузиш қийин бўлса-да, агар музокараларда силжиш белгилари кўринса, Трамп муддатни узайтиришга рози бўлиши ҳам мумкин, деб ҳисоблайди нашр.

Расмий Теҳрон ҳозиргача музокараларда иштирок этишини тасдиқлагани йўқ. Эрон давлат ОАВлари мамлакат музокарачилар гуруҳи Исломободга етиб боргани ҳақидаги маълумотларни инкор этмоқда. «Ҳозирча Эрондан бирорта ҳам делегация Покистонга кириб келмади», — деб хабар берди 21 апрель куни Tasnim агентлиги.

Музокаралар боришидан хабардор Эрон манбаларининг CNN’га маълум қилишича, Эрон делегацияси Покистонга сешанба куни етиб келади. Делегация таркибидан, ўтган галгидек, ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи ва парламент спикери Муҳаммад Бақир Қолибоф ўрин олади.

  • АҚШ ва Эрон 8 апрелга ўтар кечаси икки ҳафталик сулҳга келишиб олган эди. Келишувнинг асосий шартларидан бири Ҳурмуз бўғозини очиш бўлган. Теҳрон сулҳ кучга кирган биринчи куни бир нечта кемани ўтказиб юборган, бироқ кейинроқ Исроилнинг Ливанга берган зарбалари сабабли бўғозни қайта тўсиб қўйган. Бунга жавобан АҚШ Эрон портларига кемалар ўтишини блоклашини эълон қилган. Икки давлатнинг Покистондаги тинчлик музокаралари натижасиз якунланди.
  • 17 апрель куни Исроил ва Ливан ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув тузилгач, Эрон Ҳурмуз бўғозини барча тижорат кемалари учун очди. Бир кун ўтиб, Теҳрон бўғозни яна тўсиб қўйди ва у АҚШ Эрон кемалари ҳамда портларидан блокадани ечмагунча ёпиқ қолишини билдирди.
  • 19 апрель куни АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари эсминеци денгиз қамалини ёриб ўтишга уринган Эрон байроғи остидаги юк кемасини қўлга олди. Теҳрон Вашингтонни сулҳни бузишда айблади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *