• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи Россияга вагон экспорт қилишни бошлайди


«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимидаги Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи Россия бозорига чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ЎТЙ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, корхона 2026 йил якунига қадар Россия Федерациясига 42 та йўловчи-юк (багаж) вагонларини етказиб беришни мўлжаллаган.

Компания маълумотига кўра, бу қадам «Made in Uzbekistan» брендининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда темир йўл транспортини модернизация қилиш доирасида заводда замонавий вагонлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жумладан, 2024 йилдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» туркумидаги вагонлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар нафақат дизайни, балки технологик ечимлари билан ҳам ажралиб туради.

Завод турли сегментлар учун вагонлар ишлаб чиқармоқда:

  • плацкарт ва купе туридаги 61−950 ва 61−951 моделлари;
  • юқори қулайликка эга 61−955 (SV) вагонлари;
  • имконияти чекланган йўловчилар учун махсус жиҳозланган 61−956 моделлари;
  • саёҳат давомида хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган 61−954 ресторан-вагонлар.

Янги авлод вагонларида йўловчилар учун қатор қулайликлар жорий этилган. Улар орасида алоҳида ҳаво ҳароратини бошқариш тизими, USB портлар, замонавий ёритиш, видеокузатув, экологик тоза ҳожатхоналар, шунингдек, мобиль қурилмаларни қувватлаш имкониятлари бор.

25 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда темир йўл транспорти соҳасини модернизация қилиш бўйича 2025−2026 йилларга мўлжалланган 150 миллион долларлик босқичда юк ва йўловчи вагонларини қуриш, шу билан бирга, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидаги вагон ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилган эди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 954 дона юк ва 70 дона йўловчи вагонининг қурилиши бошлангани маълум қилинган эди.

ЎТЙ хабарида таъкидланишича, режалаштирилган 70 та вагондан 55 таси аллақачон фойдаланишга топширилган, қолган 15 тасини 2026 йилнинг иккинчи чораги якунига қадар тайёрлаш режалаштирилган.

Шу билан бирга, маҳаллий мутахассислар томонидан EP3D русумли янги электропоезд вагонлари ҳам муваффақиятли синовдан ўтказилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *