Тошкентдаги Ёшлар ижод саройи Европа Иттифоқининг ҳар йили Европа кунига бағишлаб ўтказиладиган анъанавий фестивалига мезбонлик қилди. ЕИга аъзо ўнта давлат элчихоналари миллий павильонларини тақдим этди, ҳамкор ташкилотлар эса Ўзбекистон ва Марказий Осиёда амалга оширилаётган ҳамкорлик дастурлари ҳақида маълумот берди.
Европа куни 9 май — 1950 йилда Европа интеграциясига асос солган Шуман декларацияси қабул қилинган санада нишонланади. Жорий йилда фестиваль 2 май куни бўлиб ўтиб, пойтахтдаги Erasmus Week тадбирлари кетма-кетлигини бошлаб берди.
«Европа Иттифоқи — бу фақат сиёсат ва келишувлар эмас. Бу одамлар ўртасидаги алоқалар, бир-биридан ўрганиш ва умумий келажакни барпо этиш имкониятидир. Европа куни оддий, аммо кучли ғояни ифодалайди: ҳамкорлик тинчлик, имконият ва тараққиёт олиб келади. Бугун биз буни фақат сўзлар билан эмас, балки тажриба орқали ҳам нишонлаяпмиз. Ушбу фестиваль — Европани сизга яқинлаштириш йўлимиз», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар табрик сўзида.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Тадбир формати жонли мулоқот учун қулай шароит яратди. Меҳмонлар павильонларга яқинлашиб, элчихоналар вакилларига саволлар берди, миллий таомлардан татиб кўрди. Асосий саҳнада маданий дастур чиқишлари алмашиб турди: фин полькаси, грек ва поляк халқ рақслари, Германия элчихонаси ансамблининг чиқиши намойиш этилди. Шунингдек, барча ўнта давлат стендларида муҳрларни йиғиш талаб этилган квест ҳам ташкил этилди. Унинг якунларига кўра иштирокчилар ўртасида совғалар ўйналди.
«Ҳар бир стенд ортида реал одамлар, ҳақиқий ғоялар ва аниқ имкониятлар бор», — дея таъкидлади элчи ва меҳмонларни мулоқот қилишга, саволлар беришга ҳамда тақдим этилган лойиҳалар билан танишишга чақирди.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Миллий павильонлардан ташқари, майдонча Ўзбекистон ва Марказий Осиёда Европа дастурлари устида ишлаётган ташкилотларни ҳам бирлаштирди. Тадбирда илк бор Европа инвестиция банки иштирок этди. Унинг вакили Оливье Кюлье Марказий Осиёда амалга оширилаётган жорий лойиҳалар, жумладан, Жиззах, Самарқанд ва Шерободда қуёш электр станцияларини молиялаштириш, чекка аҳоли пунктларини интернетга улашга қаратилган сунъий йўлдош дастури, шунингдек, Ўзбекистон ва Чехия бош вазирлари томонидан имзоланган ўнта Škoda электр поездларини етказиб бериш бўйича келишув ҳақида сўзлаб берди.
«Биз бу ерда нима иш қилаётганимизни ва нега Европа Иттифоқи ушбу минтақага сармоя киритаётганини тушунтирмоқчимиз. Биз умумий қадриятларга ишонамиз ва одамларни бирлаштириш учун Европани Марказий Осиё билан боғлайдиган кўприкларни барпо этишга интиламиз», — деди Кюлье.
Фестиваль Erasmus Week — 8 майгача мамлакат бўйлаб ўтказиладиган 11 та тадбирдан иборат сериянинг бошланишига тўғри келди. Тўлиқ дастур билан ташкилотчи сайтида танишиш мумкин.
Erasmus+ — Европа Иттифоқининг таълим ва ёшлар алмашинуви соҳасидаги дастури бўлиб, у талабалар, ўқитувчилар ва университетларга қўшма лойиҳаларда иштирок этиш, академик мобиллик ва Европа олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун грантлар олиш имконини беради.

Erasmus+ миллий офиси стенди кўплаб ташриф буюрувчиларни жалб қилди. Лойиҳа менежери Маҳмуджон Ўткуров Ўзбекистонда дастурга қизиқиш ортиб бораётганини, бироқ кўпчилик қаердан бошлашни билмаслигини таъкидлади. «Биз ана шу маълумотни бериш учун шу ердамиз», — деди у.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Erasmus+ дастурларида Ўзбекистоннинг 98 та университети иштирок этмоқда, экспертлар Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Қорақалпоғистонда фаолият юритмоқда. Ушбу дастурлар доирасида мамлакатда 69 та лойиҳа йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 26 таси ҳозир ҳам давом этмоқда. Ҳар йили Ўзбекистондан 3 нафардан 19 нафаргача талаба Erasmus Mundus стипендиясини қўлга киритиб, Европа олий таълим муассасаларида таҳсил олади. Марказий Осиё учун устувор йўналишлар «яшил» кун тартиби, рақамлаштириш ва барқарор иқтисодий ўсиш ҳисобланади.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бундай лойиҳалардан бири — Конрад Аденауэр жамғармаси томонидан «Юксалиш» ҳаракати билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда жамоаларни инклюзив ривожлантириш учун фуқаролик жамияти салоҳиятини ошириш» лойиҳасидир.
Коммуникациялар бўйича мутахассис Шаҳзода Тожибоева маълум қилишича, лойиҳа доирасида Фарғона вилояти, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда 100community марказлари очилган бўлиб, улар ННТлар, аёллар ва ёшлар учун хаб вазифасини бажаради. Бу ерда инсон ҳуқуқлари бўйича ижтимоий тармоқлар учун контент яратиш ўргатилади, шунингдек, юридик коллежлар ҳузурида барча хоҳловчилар учун бепул ҳуқуқий клиникалар фаолият юритади. Уларда талабалар ва ўқитувчилар маслаҳат беради. 2026 йил январь ойида тўққизта маҳаллий ННТга грантлар ажратилган, жумладан, аёллар учун шелтерлар ташкил этишга ҳам. Ёзда ташкилот ёшлар ўз лойиҳаларини тақдим этиши ва молиялаштиришга даъвогарлик қилиши мумкин бўлган форум ўтказишни режалаштирмоқда.
«Рақамли ҳуқуқ Ўзбекистон учун нисбатан янги соҳа. Технологиялар жадал ривожланмоқда, бироқ инсонга йўналтирилганлик фуқаролик жамияти томонидан кузатиб борилиши керак. Унинг вазифаси — давлат ташаббуслари қандай амалга оширилаётгани устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш», — деди Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директор ўринбосари Дарья Османова.
Марказ Европа Иттифоқи кўмагида Deutsche Welle Akademie билан ҳамкорликда Tabassum (Smile) лойиҳасини амалга оширмоқда. У аёллар ҳуқуқларини медиа орқали илгари суришга қаратилган бўлиб, журналистлар, блогерлар, ёшлар ва аёллар ННТлари билан ишлашни ўз ичига олади. Ташаббус доирасида тренинглар, менторлик дастури ва воркшоплар ўтказилди, ННТларга контент ишлаб чиқариш учун кичик грантлар ажратилди. Натижада алоҳида материаллар кенг қамровли ахборот кампаниясига бирлашди.

Алоҳида лойиҳалар иштирокчиларнинг шахсий ҳикояларида ҳам акс этмоқда. Сурхондарё вилоятидаги ташаббус вакили Афра Европа Иттифоқи молиялаштируви асосида 2022 йилдан бери амалга оширилаётган Афғонистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш дастури ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, дастурда 300 га яқин киши иштирок этган бўлиб, уларга турар жой, овқатланиш, тиббий суғурта, таълим олиш имконияти ҳамда ўз бизнесини бошлашда ёрдам тақдим этилган.
«Орамизда тикувчилар, ошпазлар бор — ўз бизнесини йўлга қўйган инсонлар», — деди Афра.
Дастурнинг муваффақиятли иштирокчиларига 4 минг доллар миқдорида бошланғич грантлар ажратилган. Май ойи охирида лойиҳанинг уч кунлик якуний фестивалини ўтказиш режалаштирилган.


