• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Синдаров ва Гукеш Варшавадаги турнирда дона суради – Gazeta


Варшавада олий даражадаги шахмат турнирлари серияси — Grand Chess Tour 2026’нинг биринчи босқичи бошланмоқда. Турнирда Жавоҳир Синдаров илк бор иштирок этади. Унинг сериядаги иштироки, халқаро мусобақаларга тайёргарлиги ва мураббийлар билан машғулотлари Ўзбекистон Миллий банки кўмагида амалга оширилмоқда.

Асосий интригалардан бири унинг Номзодлар турниридаги ғалабасидан сўнг жаҳон тожи учун кечадиган баҳсдаги бўлажак рақиби — жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан илк учрашуви бўлади.

Super Rapid & Blitz Poland турнири 5−10 май кунлари бўлиб ўтади ва Grand Chess Tour’нинг янги мавсумини очиб беради. Варшавадан сўнг серия Бухарестдаги (Руминия) классик турнир, Загребдаги (Хорватия) рапид босқичи, Cент-Луисдаги иккита турнир ва финал билан давом этади. Финал ҳам АҚШда бўлиб ўтади.

Польшада ўтадиган ушбу босқичда 10 нафар шахматчи иштирок этади: Жавоҳир Синдаров, Фабиано Каруана, Уэсли Со, Ханс Моке Ниманн (учаласи ҳам АҚШ вакили), Алиреза Фирузжа, Максим Ваче-Лаграв (Франция), Ян-Кшиштоф Дуда, Радослав Войташек (Польша), Доммаражу Гукеш (Ҳиндистон) ва Владимир Федосеэв (Словения).

Турнирнинг мукофот жамғармаси 200 минг долларни ташкил этади. Ғолиб 50 минг доллар олади, иккинчи ва учинчи ўринлар учун эса мос равишда 40 ва 30 минг доллар мукофот белгиланган.

Дастлаб иштирокчилар рапид бўйича бир даврали турнирда ўйнайди: ҳар бир иштирокчига 25 дақиқадан вақт назорати ва ҳар бир юришдан сўнг 10 сония қўшиб бериладиган 9 та тур. Шундан сўнг блиц бўйича икки даврали турнир ўтказилади: ҳар бир юриш учун 5 дақиқа вақт назорати ва 2 сония қўшиб бериладиган 18 та тур.

Рапидда ғалаба 2 очко, дуранг эса 1 очко билан баҳоланади; блицда ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5 очко берилади. Якуний ўрин турнирнинг ҳар икки қисмида тўпланган очколар йиғиндисига қараб аниқланади.

Бундай вақт назорати кўплаб онлайн турнирлар учун одатий бўлган «15+10» ва «3+2» форматларидан узоқроқ, лекин барибир жиддий ўйлаш учун кам вақт қолдиради. Бундай партияларда аксарият қарорлар рефлекслар асосида қабул қилинади, вариантларни ҳисоблаш тезлиги ва сезги биринчи ўринга чиқади.

Рапид ва блицда ғолибни тахмин қилиш классик шахматга қараганда қийинроқ. Кўпинча биринчи ўринга нафақат шахматчининг умумий савияси, балки унинг айни дамдаги спорт формаси, тезкор қарорлар қабул қилишга тайёрлиги ва вазият доимий ўзгариб турадиган партиялардаги барқарорлиги ҳам чиқади.

Хусусан, Жавоҳир Синдаров Номзодлар турниридаги ғалабасидан сўнг яқинда ўтказилган ChessCom Open онлайн турнирида ёрқин иштирок эта олмади: дастлаб россиялик Даниил Дубовга 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, кейин Максим Ваше-Лагравга мағлуб бўлди ва турнирни тарк этди. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда бу даражадаги натижаларни камдан-кам кўрсатаётган Ян-Кшиштоф Дуда турнир финалига қадар етиб борди.

Каруана, Фирузжа, Ваше-Лаграв, Федосеэв ва Синдаровни номинал фаворитлар қаторига киритиш мумкин. Федосеев ўтган йилги Польша турнирининг ҳақиқий қаҳрамони бўлиб, ҳам рапид, ҳам блиц баҳсларида ғалаба қозонган эди.

Тезкор шахматда бир неча бор кучли натижалар қайд этган Со ва Дуда ҳам юқори имкониятларни сақлаб қолмоқда. Ниэманн ҳали шоҳсупага кўтарилмаган бўлса-да, жаҳон чемпионатларида совринли ўринларга яқин келган.

Гукеш ва Войташекнинг имкониятлари эса анча паст баҳоланмоқда: амалдаги жаҳон чемпиони сўнгги пайтларда беқарор ўйин намойиш этмоқда, польшалик гроссмейстер эса рейтинг бўйича аксарият иштирокчилардан ортда қолмоқда.

Шахмат мухлислари учун турнирнинг асосий сюжет чизиғи Синдаров ва Гукешнинг номзод ҳамда жаҳон чемпиони мақомидаги илк учрашуви бўлади. Бу партиялар рапид ва блицда ўтказилгани боис, уларнинг натижасига кучлар нисбати нуқтаи назаридан жуда катта аҳамият бериш керак эмас, чунки уларнинг бўлажак чемпионлик учрашуви классик шахматда кечади.

Аммо бу учрашувларнинг психологик аҳамияти барибир катта бўлади: бўлажак рақиб устидан қозонилган ғалаба бирининг ўзига бўлган ишончини оширса, иккинчисига қўшимча босим юклаши мумкин.

Гукеш ва Синдаров январь ойида Tata Steel Chess 2026 мусобақасининг биринчи босқичида. Фото: Prajwal Bhat

Ҳозирга қадар улар ўзаро атиги учта партия ўйнашган. Ўзбекистонлик гроссмейстер 2018 ва 2022 йилларда ғалаба қозонган. 2026 йилнинг январь ойида Tata Steel Chess супертурнирида эса Гукеш реваншга яқин келган эди, бироқ Синдаров топқир ҳимояси билан мағлубиятли вазиятни қутқариб қолди. Якунда ушбу мусобақа Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаровнинг муваффақияти билан якунланди, ҳиндистонлик шахматчи эса 9-ўринни эгаллади.

Синдаров фаолиятидаги энг катта муваффақиятдан сўнг турнирга етиб келди — Номзодлар турниридаги ғалаба унга жаҳон тожи учун ўйин ўтказиш ҳуқуқини берди. У турнирни мағлубиятсиз якунлаб, ғалабалар сони (6) ва очколар (10) бўйича рекорд ўрнатди ҳамда биринчи ўринни муддатидан аввал нақд қилди. Бунгача у Жаҳон кубогининг энг ёш ғолиби бўлган эди.

Гукеш эса, аксинча, чемпионликни қўлга киритганидан кейинги бир ярим йилни беқарор натижалар билан ўтказмоқда. Унинг ягона муваффақияти — 2025 йил январь ойида Tata Steel Chess турнирида биринчи ўринни бўлишиб олгани бўлди.

Бунга турли сабаблар келтирилмоқда: чемпионлик унвонининг руҳий босимидан тортиб, чемпион таклиф этиладиган кўплаб турнирлар туфайли чарчашгача. Гукеш учрашув олдидан дам олиш ва куч тўплаш мақсадида Grand Chess Tour туркумидаги ҳолдан тойдирувчи классик турнирларда қатнашишдан бош тортди — у фақат тезкор шахмат бўйича қисқа мусобақаларда иштирок этади.

Айнан шу қарор Синдаров учун туркумнинг асосий таркибидан жой очиб берди. Grand Chess Tour ўзбекистонлик шахматчи Гукеш ўрнига тўлақонли иштирокчи сифатида қабул қилиниб, Варшава, Бухарест ҳамда Cент Луисдаги иккита турнирда ўйнашини маълум қилди. Туркум финали 21−28 август кунлари Cент Луисда ўтказилиши режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *