• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзбекистондаги хавфларга қизиқишимиз ва „иштаҳамиз“ ортди» — ОТБ департаменти раҳбари


Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон бўйича прогнози «жуда ижобий», мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар фонида банкнинг инвестицияларга қизиқиши ортган. Бу ҳақда 4 май куни Самарқандда ОТБнинг хусусий сектор билан операциялар департаменти бош директори Изабель Чаттертон маълум қилди.

У Gazeta мухбирининг ҳозирда Ўзбекистонда инвесторлар учун энг муҳим хавфлар қайсилар экани ҳақидаги саволига жавобан, ОТБ алоҳида бир омилни эмас, балки хавфлар йиғиндисини баҳолашини таъкидлади.

«Биз барча мамлакатларда, албатта Ўзбекистонда ҳам инвестицияларни кўриб чиқар эканмиз, хавфларнинг умумий йиғиндисини баҳолаймиз. Биз кредит-инвестиция институти сифатида бу масалага бошқа хусусий кредиторлар ва инвесторлар каби ёндашамиз. Мамлакат хавфи, ҳомий хавфи (ушбу инвестициялар ортида айнан ким турибди? қайси компания?) ва аниқ лойиҳа хавфини таҳлил қиламиз. Шу уч омилни бирлаштириб, улар асосида хавфларнинг бир қисмини юмшатиш имконини берувчи тузилмани шакллантирамиз», — деди Чаттертон.

Унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда инвесторлар эҳтимолий хавфларни тўлиқ англаган ҳолда лойиҳаларга кириши лозим.

«Айрим ҳолларда инвестицияларга „кўзни катта очиб“ киришимизга тўғри келади. Ўзбекистонга келсак, ҳукумат ҳайратланарли трансформацияни амалга оширмоқда, бу эса рейтинг агентликлари баҳоларида ҳам ўз аксини топган. Кўриб турганингиздек, вазият яхшилангани сабабли Ўзбекистондаги хавфларга бўлган қизиқишимиз ва „иштаҳамиз“ ортди», — дея қайд этди ОТБ вакили.

Чаттертон таъкидлашича, банк потенциал ҳамкорларни баҳолашда уларнинг узоқ муддатли ишга ва иқтисодиётда тизимли ўзгаришларга тайёрлигига эътибор қаратади.

«Биз ҳомийларни баҳолар эканмиз, узоқ муддатли истиқболга ва тармоқ ҳамда иқтисодиётда тизимли ўзгаришларга қаратилганларини танлаймиз. Биз энергетика соҳасига айнан шунинг учун инвестиция киритдикки, кўплаб инвесторларга ишончли узоқ муддатли лойиҳалар «пайплайни»ни (портфелини) кўриш имконини берган шароитлар шаклланди. Инвесторлар учун битта лойиҳанинг ўзи етарли эмас — уларга узоқ истиқбол керак. Энергетика сектори буни таъминлади ва биз бу йўналишда ҳукумат билан ҳамкорликдан мамнунмиз», — деди у.

Департамент раҳбари сўзларига кўра, ОТБ учун ҳукуматнинг трансформация дастурига киритилган ва «ислоҳотларнинг аниқ стратегияси» кўринаётган бошқа соҳалар ҳам қизиқ.

У, шунингдек, асосий хавфлардан бири лойиҳаларни амалга ошириш хавфи бўлиб қолаётганини қўшимча қилди.

«Аниқ лойиҳаларга оид хавфлар ҳақида гап кетганда — ва бу фақат Ўзбекистонга эмас, балки биз ишлайдиган барча 50 аъзо мамлакатга ҳам тегишли — бу, аслида, амалга ошириш хавфидир (execution risk). Уни баҳолаш жуда қийин. Бу спонсорнинг муайян тармоқдаги экспертизаси чуқурлиги, бошқарув жамоасининг салоҳияти ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг узоқ муддатли истиқболда қанчалик барқарор ва прогноз қилина олиши билан боғлиқ. Шунда инвесторлар сармояларни амалга ошириш ва маблағларни қайтариш бўйича аниқ йўлни кўра олади», — деди ОТБ вакили.

«Умуман олганда эса, Ўзбекистон бўйича прогнозимиз жуда ижобий. Мамлакатга инвестиция киритишга бўлган қизиқишимиз юқори даражада сақланмоқда», — дея таъкидлади у.

Чаттертон, шунингдек, Ўзбекистон учун денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган ва худди шундай жаҳон океанига тўғридан-тўғри чиқиш имкони йўқ давлатлар билан ўралган мамлакат мақоми хавф ҳисобланадими, деган саволга ҳам жавоб берди.

«Эндиликда йўқ. Бу анча аввал — шахсий компьютерлар, интернет ва Wi-Fi’ни олиб келган технологик инқилобдан олдин шундай эди. Бугун жисмоний боғлиқлик, албатта, аввалгидек ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас, чунки мамлакатлар виртуал тарзда боғланиши мумкин. Балки, кеча президентимиз „Осиё учун рақамли магистраль“ ташаббусига старт берганини эсларсиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, рақамли боғлиқлик мамлакатларга глобал таъминот занжирларида иштирок этиш ва иқтисодиётнинг янги йўналишларини ривожлантириш имконини беради.

«Яна шуни таъкидлаш керакки, рақамли уланиш мамлакатларга глобал таъминот занжирларининг бир қисмига айланиш ва минтақавий талаб ўчоқлари мавжуд бўлган соҳаларга кириш имконини беради. Бу капиталнинг чегаралар орқали ҳаракатланишига, ишчиларнинг эса гиг-иқтисодиётда иштирок этиши ва масофадан ишлашига шароит яратади. Шунинг учун бугунги кунда биз, аслида, бунда [денгизга чиқиш имкони йўқлигида] камчилик кўрмаяпмиз», — деди Чаттертон.

Шу билан бирга, у географик жойлашув барибир товарларни ташишда муайян чекловлар яратишини тан олди.

«Масалан, порт қувватларидан фойдаланиш ва самолётда ташиш жуда қимматга тушадиган юкларни етказиб бериш масаласида бошқаларга қарам бўлишга тўғри келади. Оғир юклар доимо денгиз орқали ташилади, чунки бу компаниялар учун анча арзон. Бироқ бугунги кунда мамлакатларда темир йўл ва автомобиль йўллари каби жисмоний боғлиқлик, шунингдек, бошқа портлар орқали ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари мавжуд экан, муаммолар бўлмаслиги керак», — деди у.

ОТБ департаменти раҳбари рақамлаштириш мамлакатларнинг рақобат устунликлари ҳақидаги аввалги тасаввурларни ўзгартираётганини таъкидлади.

«Аслида, ўнлаб йиллар давомида амал қилиб келган мамлакатларнинг қиёсий ва рақобат устунликлари ҳақидаги тасаввурлар бугун рақамлаштириш туфайли кўп жиҳатдан қайта кўриб чиқилмоқда. Мамлакатлар рақамли иқтисодиётнинг бир қисмига айланиш имкониятига таяниб, амалда ўзини қайта „кашф этиши“ мумкин. Шунинг учун замонавий даврда мамлакатнинг денгизга чиқиш имконига эга эмаслиги муаммо деб ҳисобламайман», — деди Изабель Чаттертон.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни Шавкат Мирзиёев Самарқандда ОТБ президенти Масато Канда билан учрашди. Музокараларда 2030 йилгача мўлжалланган 12,5 млрд долларлик янги стратегик шериклик дастури муҳокама қилинди. У ижтимоий соҳани модернизация қилиш, камбағалликни қисқартириш ва «яшил» энергетикани қўллаб-қувватлашни кўзда тутади. Жорий лойиҳалар портфели қарийб 16 млрд долларни ташкил этмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *