Интерпол каналлари орқали Бирлашган Араб Амирликлари ва Грузиядан халқаро қидирувда бўлган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга олиб келинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, улардан уч нафари республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ташаббуси билан халқаро қидирувга берилган бўлиб, иккиси фирибгарликда, яна бири одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда. Улар жиноят содир этгандан сўнг БААга қочиб кетган.
Интерпол каналлари орқали ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида уларнинг турган жойи аниқланиб, Интерполнинг Абу Дабидаги Миллий марказий бюроси кўмагида қўлга олинган. Кейинчалик уларни топшириш Тошкент ва Абу Даби Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳуқуқий механизмлар доирасида амалга оширилган.

Яна бир ҳолатда, ўта йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Грузия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинди. Бу Интерполнинг Тбилисидаги Миллий марказий бюроси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида амалга оширилди.
Грузия Адлия вазирлиги Ўзбекистон Бош прокуратурасининг илтимосномасини қаноатлантиргач, мазкур шахс экстрадиция қилиниб, Интерпол ходимлари ҳамроҳлигида Тошкентга олиб келинган.
Қайд этилишича, барча ушланганлар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади. Интерпол Миллий марказий бюроси чет элда яшириниш жавобгарликдан озод қилмаслигини таъкидлади.
Аввалроқ қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқаролари Баҳрайн ва АҚШдан экстрадиция қилинган эди. Улардан бири фирибгарликда, иккинчиси ўта йирик миқдордаги ўғирликда гумонланиб халқаро қидирувга берилган.
