Тошкентдаги «Чорсу» метро бекати кириш қисмини сув босишига 3 май куни ёмғир пайтида ирригация-дренаж тармоқларининг ёпилиши асосий сабаб бўлган. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати ролигида ҳокимлик дренаж ва коллектор тизимлари бошқармаси муҳандиси Фарҳод Нажмиддинов маълум қилди.
«Ўзбошимчалик билан ёпиб қўйишган: автотураргоҳлар, йўлаклар қуришган-у, улар (ирригация тармоқлари) тўсилиб қолган. Илгари бундай муаммо йўқ эди, чунки ирригация тармоқлари нормал ҳолатда эди», — деди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентдаги дренаж тизими суткасига 20 мм ёғингарчиликка мўлжалланган бўлиб, якшанба куни икки соат давом этган ёмғирда 12 мм ёғин ёғган. Аммо бу ҳам кўчаларда сув тўпланишига сабаб бўлган.
Фарҳод Нажмиддинов маълум қилишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 36 км ирригация ва дренаж тармоқларини қамраб олган мастер-режа ишлаб чиқилган.

Унинг айтишича, шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков вазиятни ўрганиш учун ҳодиса жойига якшанба ва душанба кунлари борган.
Ҳозирда ёпиб қўйилган дренаж тизимини тозалаш ва янги тармоқларни ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.

Gazeta сув босиши натижасида айрим кўча участкалари ва кўплаб турар-жой ҳовлилари ҳам зарар кўргани ҳақида хабар берганди.
2014 йилда ҳам кўплаб кўчалар ва собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси яқинидаги ерости ўтиш йўли сув остида қолгани ҳақида хабар қилинган эди. 2023 йил апрель ойида эса ёмғирдан кейин «Амир Темур хиёбони» метро бекатига сув кирган.
2025 йил декабрида Тошкент учун дренаж тизими бўйича мастер-режа ишлаб чиқилгани маълум қилинган. Унга кўра, 150 км ёпиқ дренаж тармоғини барпо этиш, 197 км канал ва коллекторларни таъмирлаш ҳамда 63 км янги канал қуриш режалаштирилган.
