Сўнгги кунларда тармоқларда Туркия ҳудудида яшаш учун рухсатнома (ikamet izni)ни расмийлаштириш билан боғлиқ давлат божлари миқдори кескин оширилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хусусан, 1 майдан бу миқдор айрим тоифалар учун 930 фоизга ошгани айтилди.

Туркия Миграция бошқармаси расмий хабарига кўра, яшаш учун рухсатнома тўловлари ҳар йили Ғазначилик ва молия вазирлиги томонидан белгиланади ва айни кунларда тўловлар миқдорида ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган.

Шунингдек, иқтидордаги «Адолат ва тараққиёт партияси» (AKP) раиси ўринбосари ва Туркий давлатлар билан алоқалар бўлими бошлиғи Куршад Зорлу яшаш рухсатномаси тўловлари борасида иддао қилинганидек ўзгариш юз бермаганини, мавжуд тизим амалдаги нархлар асосида давом этишини билдирди.

«Иқомат божлари масаласида айтилганидек ўзгариш содир бўлгани йўқ. Мавжуд тизим ҳозирги тўловлар асосида давом этади. Бу масалани бошқармамиз ва Ички ишлар вазирлигимиз яқиндан кузатиб бормоқда. Айниқса, Туркий дунёдан келган қардошларимиз бўйича алоҳида эътибор қаратамиз», — дейди у.

«Асоссиз хабарларга ишонманг»

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам тўловлар миқдори ошаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Мазкур хабарлар расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган ҳамда ҳуқуқий асосга эга эмас. Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция бош бошқармаси (Göç İdaresi Başkanlığı) томонидан ушбу масала юзасидан бирон-бир расмий ўзгариш ёки қўшимча қарор эълон қилинмаган», — дейилади хабарда.

Ҳар қандай янгилик ва ўзгаришлар юзасидан фақатгина Туркия ваколатли давлат органлари ҳамда Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тақдим этиладиган расмий маълумотларга таяниш тавсия этилди.

Расмий манбалар: