• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

фармацевтикада коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ чоралар кучайтирилади — Антикоррупция агентлиги – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta



Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят иши бўйича суд ҳужжатлари асосида таҳлил ўтказди. Gazeta агентликнинг бу бўйича хулосаси билан танишди.

Таҳлил натижаларига кўра, фармацевтика соҳасида дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, сертификатлаштириш ва лицензиялаш жараёнларида очиқлик ва рақамлаштириш етарли даражада йўлга қўйилмаган бўлган. Бу ҳолат инсон омилининг юқори улуши сақланиб қолишига ва коррупциявий хавфлар юзага келишига сабаб бўлгани қайд этилди.

2024 йил 26 февраль куни Тошкент шаҳар суди томонидан мазкур иш бўйича бир қатор шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Жумладан, 20 йилдан 3 йилгача турли муддатлардаги жазолар белгиланган.

Иш материалларида «Док-1 Макс» дори воситасининг рўйхатдан ўтказилиши жараёнида қатор ҳужжатларда камчиликлар мавжуд бўлгани, айрим ҳолатларда талабларга зид қарорлар қабул қилингани кўрсатилган.

Агетнликка кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзоларини танлаш ва таркибини шакллантириш тартиби бирор-бир ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмаган. Кенгаш 17 нафар мустақил овозга эга аъзодан иборат бўлиб, улар ҳужжатлар, эксперт хулосалари ва дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки рад этиш бўйича якуний хулосани тақдим қилади. Аммо аъзоларнинг айримлари марказда раҳбарлик лавозимларида ҳам фаолият юритиши манфаатлар тўқнашувини юзага келтирмоқда. Масалан, марказ бўлим бошлиғи Н.Мусаев кенгаш аъзоси сифатида «Док-1 Макс»ни рўйхатдан ўтказиш жараёнида иштирок этган ва Экспертлар кенгаши аъзоси сифатида овоз беришда ҳам қатнашган, дейилади таҳлилда.

Таъкидланишича, экспертлар кенгаши фаолиятида шаффофлик принципи ҳам етарли даражада жорий этилмаган. Чораклик ва йиллик ҳисоботлар, аъзолар рўйхати ҳамда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижалари марказнинг расмий сайтида эълон қилинмаган. Шунингдек, фармацевтика корхоналарида инспекцион текширув ва унинг натижаларини жамоатчиликка тақдим этиш тартиби ҳам ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланмаган. Бу эса соҳада коррупциявий муносабатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, инспекцион текширув ўтказиш фаолияти халқаро стандартларга зид равишда йўлга қўйилгани айтилган. Оқибатда, давлатнинг назорат механизмлари сунъий равишда камайтирилиб, соҳада коррупциявий омиллар юзага келмоқда.

Хусусан, ҳукуматнинг 2021 йил 3 августдаги 486-сон қарори билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги таркибида Зарур амалиётлар маркази ДУК корхоналарда инспекцион текширувларни амалга ошириш бўйича ягона ваколатли тузилма сифатида ташкил этилган. Аммо ушбу тартиб ЖССТ ва Европа директорати тавсиялари ва стандартларига зид. Аслида дори воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мувофиқлик талабларини баҳолаш ва текширув ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиши лозим.

Таъкидланишича, бугунги кунга келиб, фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, сертификатлаштириш, фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ барча жараёнлар, тўлиқ рақамлаштирилди. Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида дори воситаларининг рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари қайта экспертизадан ўтказилиб, камида 92 турдаги дори воситаларининг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалари бекор қилинди ҳамда уларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва реализация қилиш тақиқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хулосаларига кўра, соҳада коррупциявий хавфларни камайтириш учун қуйидаги йўналишлар муҳим: дори воситаларини рўйхатдан ўтказишни тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш, барча маълумотларни очиқ эълон қилиш, экспертлар кенгаши фаолиятида шаффофликни таъминлаш ҳамда инспекцион текширув тизимини халқаро стандартларга мувофиқ қайта ташкил этиш.

Маълум қилинишича, мазкур таклифлар тегишли давлат органларига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур иш бўйича вафот этган ҳамда ногирон бўлиб қолган ота-оналар судлар томонидан белгиланган компенсация тўлиқ қоплаб берилмаётганидан норози бўлиб ОАВ, хусусан, Gazeta нашрига ҳам бир неча бор мурожаат қилганди. Oта-оналарнинг аксари заҳарланган болаларини даволатиш давомида уй-жойи, машинаси, бошқа мол-мулкларини сотишга, катта қарзлар ва кредитлар олишга мажбур бўлганди.

Суд томонидан белгиланган компенсация пулларини ололмаётган ногиронлик орттирган болаларнинг ота-оналари 2024 йил кузида «Энди кимга мурожаат қилишимиз керак, президентгами?» деган савол қўйганди. Шундан бир неча кун ўтиб, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров жабрланганларнинг ҳолида хабар олинаётгани ҳақида гапирганди, аммо ота-оналар вазирни ёлғончиликда айблаганди.

2025 йилнинг октябрида вафот этган ва ногирон бўлиб қолган фарзандлари учун қонуний ҳақини ололмаётган ота-оналар президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаганди.

2026 йил 20 февраль куни соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров «Док-1 Макс» жабрланувчиларига амбулатор ва стационар тарзда тиббий хизмат кўрсатилаётгани, аммо компенсация масаласи вазирлик ваколатида эмаслигини таъкидлаб ўтганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *