Ўзбекистонда 086-шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн олиш имконияти яратилди, дея хабар бермоқда Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Илгари ушбу ҳужжатни олиш учун тиббиёт муассасасига қайта бориш ва навбатда туриш талаб этилган бўлса, энди бу жараён рақамлаштирилди.

Мазкур маълумотнома қуйидаги шахсларга тақдим этилади:

  • ОТМ, лицей ва коллежларга ҳужжат топширувчи абитуриентлар;
  • ишга кирувчи номзодлар ва спортчилар;
  • судьялик лавозимига тайинланувчилар;
  • «Мурувват» ва «Саховат» уйларига йўлланма олувчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар.

Маълумотнома порталда пайдо бўлиши учун фуқаро аввал тегишли тиббиёт муассасасида шифокорлар кўригидан ўтган бўлиши шарт. Шифокорлар хулосаси электрон базага киритилгандан сўнг, ҳужжатни масофадан туриб олиш мумкин бўлади.

Ҳужжатни олиш учун my.gov.uz порталидаги «Соғлиқни сақлаш» бўлимига кириб, «086-шаклдаги тиббий маълумотномани олиш» хизматини танлаш лозим. Тизим ҳужжатни автоматик тарзда шакллантиради ва юклаб олиш имконини беради.

Хизматдан фойдаланиш бепул ва фойдаланувчидан қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.