Бухорода 12 туп арча ноқонуний кесилиши оқибатида табиатга қарийб 95,6 миллион сўм зарар етказилди, деб хабар бермоқда вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги собиқ Телефон-телеграф биноси ҳудудида дарахтлар кесилаётгани ҳақида бир неча марта хабарлар тарқалгани ортидан ҳолат ўрганилган.
Бухоро шаҳар экология бўлими инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўтказилган текширувлар давомида ҳудудда 12 туп манзарали арча дарахти ноқонуний равишда кесилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат белгиланган тартибда расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома тузилган. Унга 10 млн 300 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган, шунингдек, табиатга етказилган зарар 95 млн 584 минг сўм этиб ҳисобланган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига мувофиқ, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача (10,3 — 20,6 млн сўм), мансабдор шахсларга эса — 50 бараваридан 75 бараваригача (20,6 — 30,9 млн сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга етказилган зарар миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 ноябрдаги [464-сон] қарори асосида ҳисобланади. Ҳужжатга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесишга нисбатан мораторий амал қилган даврда етказилган зарар миқдори икки бараварга оширилган ҳолда ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилдан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2328 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Энг кўп ҳолат Тошкент шаҳри, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистонда қайд этилган. Ушбу ҳуқуқбузарликлар оқибатида 13,3 млрд сўм миқдорда табиатга зарар етказилган.