Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи эркак турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандини қасддан ўлдирганликда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар берилди.
Суд ҳужжатларига кўра, воқеа 2025 йил 3 ноябрь куни соат 18:00 атрофида содир бўлган. Спиртли ичимлик таъсирида бўлган Ҳайитов қайнотасининг хонадонига келиб, у ерда икки нафар фарзанди билан яшаётган турмуш ўртоғи Ҳайитова билан учрашган.
Можарога аёлнинг турмуш ўртоғидан алимент ундириш бўйича судга мурожаат қилгани сабаб бўлган. Қайд этилишича, бундан аввал Ҳайитов алимент тўламагани учун 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан.
Жазо муддатини ўтаб қайтган эркак хонадонга маст ҳолда келиб, алимент масаласида жанжал кўтарган. Жанжал давомида у ёнида олиб келган ошхона пичоғи билан вояга етмаган фарзандлари кўз ўнгида аёлига бир неча бор жароҳат етказган. Шунингдек, у ўзининг 3 ёшли қизини ҳам пичоқлаган.
Оқибатда бола воқеа жойида вафот этган, аёл эса шифохонага олиб кетилаётган вақтида жон берган. Эркак жиноятни содир этгач, воқеа жойидан қочиб кетган.
Суд мажлисида у Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, в, ж, и» бандлари (Айбдорнинг ўзига аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни, икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) бўйича айбдор деб топилди.
Суд ҳукми билан эркакка 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
