Андижон вилоятининг Марҳамат туманида юк автомобили пиёдани уриб юбориши оқибатида у воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 26 апрель куни соат 17:05 атрофида Марҳамат тумани «Мустақиллик» МФЙ ҳудудидан ўтган D-140 «Шаҳрихон — Асака — Марҳамат — Қирғизистон Республикаси чегараси» автомобиль йўлининг 41-километрида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 20 ёшли ҳайдовчи «КамАЗ-5511» русумли юк автомобилини бошқариб кетаётиб, пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани кўрмай қолган ва уни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида 39 ёшли пиёда олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентнинг Яккасарой туманида Cobalt йўлни кесиб ўтаётган 78 ёшли пиёдани уриб кетган эди. Ҳодиса оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган.

Маълумот учун, 2026 йилнинг 3 ойида Ўзбекистонда 1102 та ЙТҲда 346 киши вафот этди. Таҳлилларга кўра, ЙТҲларнинг 32,9 фоизи белгиланган тезликка риоя этмаслик, 22,4 фоизи светофор талабларига амал қилмаслик, 13,6 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик оқибатида содир бўлган.