«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Чехиянинг Škoda Group компанияси билан 10 та замонавий электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.
ЎТЙ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Рахметовнинг маълум қилишича, гап жаҳон стандартларига жавоб берадиган 10 та Škoda поездини сотиб олиш, шунингдек, уларни маҳаллийлаштириш ва Ўзбекистон ҳудудида қисман ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда.
«Бу жуда муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайман. Škoda компанияси бугунги кунда дунёдаги энг машҳур компаниялардан бири саналади. Албатта, бу „Ўзбекистон темир йўллари“ учун ғурурли иш бўляпти. Ҳурматли президентимиз қарорларига мувофиқ, ушбу 10 та электропоезд 2027 йилда Ўзбекистонга кириб келиши керак», — деди у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Škoda Group компаниялар гуруҳи раҳбари Петр Новотни Ўзбекистон стратегик бозор сифатида қаралаётганини таъкидлади.
«Бу нимани англатади? Биринчидан, биз шаҳарлараро поездларни етказиб бериш бўйича илк лойиҳани кўриб чиқяпмиз. Сўнгра, таъкидлаб ўтганимдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва сервис марказини ташкил этиш бўйича ишларни давом эттирамиз. Ушбу сервис маркази нафақат Ўзбекистон миқёсида ишлаши, балки келажакда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам тажриба алмашиш марказига айланиши керак», — деди у.
120 млн евролик шартнома, шунингдек, қўшма корхона ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, сервис инфратузилмасини ривожлантириш ва Škoda Academy таълим платформасини очишни ҳам назарда тутади.
«Инвестициялар салмоқли бўлади: инфратузилма, ускуналар, жиҳозлаш ва сервис хизмати кўрсатишга йўналтирилади. Аввалига хизмат кўрсатишдан бошлаймиз, кейин эса маҳаллийлаштиришни чуқурлаштирамиз. Бу минтақадаги бошқа етказиб берувчиларни ҳам жалб қилишига ва шу орқали Ўзбекистон ҳамда минтақада ҳаракатчанлик ва таъминот занжири барқарорлигини мустаҳкамлашига умид қиламиз. Ўйлайманки, бу айнан шу ерда ва ҳозир бошланаётган мутлақо янги йўлнинг дебочасидир. Биз ушбу ишни давом эттиришдан чин дилдан манфаатдормиз ва ғайрат билан ҳаракат қиламиз», — деб таъкидлади Новотни.
Компаниянинг маълум қилишича, 10 та ҳудудий электропоезд 1520 мм ўлчамдаги темирйўл изига мўлжалланган бўлиб, улар Škoda платформалари негизида Латвия ва Эстониядаги ишлаб чиқариш қувватлари иштирокида ишлаб чиқарилади. ЎТЙдан Gazeta`га хабар беришларича, аниқ модел ҳозирча очиқланмаган, бироқ поездлар Ўзбекистон иқлим шароитига мослаштирилади.
2023 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Чехия бизнес-форумида «Ўзбекистон темир йўллари» ва Škoda Group 320 млн евролик 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди. Ўшанда бош вазир Абдулла Арипов ушбу келишувни «Ўзбекистон темир йўллари» инқилобий қадам деб атаганди.
Қисман паст полли поездларни ишлаб чиқариш 2024 йилда бошланиши кутилган эди. Бироқ кейинчалик ушбу поездларни етказиб бериш бўйича янгиликлар чиқмади. Вазиятдан хабардор манбаларнинг қайд этишича, шартнома тўхтатиб қўйилган, аммо эндиликда у Чехия суғурталовчилари ва Европа инвестиция банки томонидан қўллаб-қувватланмоқда.