• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда экологик ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан жарималар оширилди


Ўзбекистонда экологик ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан жарималар каррасига оширилмоқда. Тегишли қонун [ЎРҚ-1143-сон] 4 май куни қабул қилинди. Қонун Сенат томонидан 7 апрелда маъқулланган.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун молиявий санкциялар жорий этилиши белгиланди.

Жумладан, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун янги моддалар (54−61-моддалар) билан тўлдирилиб, унда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан қуйидаги молиявий санкциялар белгиланмоқда. Хусусан:

  • дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун — атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 3 баравари миқдорида;
  • сувларни ифлослантирганлик, шунингдек сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун — атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 10 баравари;
  • дарахтларни ва буталарни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик, шунингдек уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаганлик учун — кам қийматли навлар учун — атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 5 баравари миқдорида, қимматбаҳо навлар учун эса 10 баравари миқдорида;
  • ифлослантирувчи моддаларни йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқариб ташланганлик учун, тоифаларига қараб — атроф-муҳитни таъсир кўрсатишнинг атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 2 бараваридан — 10 баравари миқдорида;
  • қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик учун — атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 3 баравари миқдорида;
  • ёқилғини, моддаларни, материалларни ва чиқиндиларни ёқишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик (жумладан, шина, битум, мазут, плёнка, резина, жун толаси ва бошқалар) ёқиш ҳолати учун — атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 5 баравари миқдорида;
  • саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун — тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 5 баравари миқдорида этиб белгиланмоқда.

Бунда, юридик шахслар ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганда, молиявий санкция Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўлланилиши, низо мавжуд бўлган тақдирда ёки юридик шахс молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддатда молиявий санкция суммасини ихтиёрий равишда тўламаган ҳолларда, масала суд тартибида ҳал этилиши қайд этилмоқда.

Молиявий санкциялар қўлланилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун қайта маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) янги қисмлар билан тўлдирилиб, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ёки қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек, иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шина, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина ва бошқа шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёққанлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бунда, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 25 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда, такроран содир этилса фуқароларга — 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 70 бараваригача жаримага тортилиши белгиланмоқда.

Қонун эълон қилинганидан 3 ой ўтгач кучга киради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *