Бухоронинг янги халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва бошқариш лойиҳасида иштирок этишга 50 га яқин компания қизиқиш билдирди. Бу ҳақда 5 май куни Самарқандда ўтаётган Осиё тараққиёт банки йиғилиши доирасида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Бухорода тендер эълон қилдик. У ерда 50 га яқин компания қизиқиш билдириб улгурди. Номларини айта олмайман, лекин 11 май атрофида биринчи босқич якунланади. Кейин иккинчи босқичга ўтамиз. Саралаб оламиз ва шу саралаш асосида кейинги босқичга ўтамиз. Бу ҳам катта лойиҳа», — деди у.
11 март куни Транспорт вазирлиги ДХШ модели асосида Бухоро янги халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси доирасида малака сўрови (RfQ) бошланганини маълум қилган эди. Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Uzbekistan Airports, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида амалга оширилмоқда.
Янги аэропорт мажмуасини Бухоро туманидаги «Қумсултон» массиви ҳудудида қуриш режалаштирилган. У ички ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатади ҳамда минтақанинг асосий транспорт боғламларидан бирига айланиши кутилмоқда.
2025 йил якунларига кўра, Бухоронинг амалдаги халқаро аэропорти 574 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди. Йўловчи оқимининг асосий қисмини халқаро рейслар ташкил этди.
Лойиҳа доирасида майдони 48,5 минг кв. м бўлган йўловчи терминали қурилиши кўзда тутилган. Унинг ўтказувчанлик қуввати халқаро рейсларда соатига 1200 нафар, ички рейсларда эса 400 нафар йўловчини ташкил этади.
Шунингдек, кейтеринг биноси, автотураргоҳлар, юк майдончалари ва сиғими 8000 куб м бўлган ёқилғи қуйиш мажмуаси қурилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа шартларига кўра, аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади. Хусусий шерик эса йўловчи терминали ва унга тегишли инфратузилмани қуриш ҳамда эксплуатация қилиш учун масъул бўлади.
Лойиҳа ҳақида нималар маълум?
2022 йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёевга давлат-хусусий шериклик асосида Бухоро халқаро аэропортининг янги терминалини қуриш лойиҳаси тақдим этилганди. Хусусий шерикни тендер орқали (2023 йил кузида) танлаб олиш режалаштирилганди.
Шавкат Мирзиёев 2024 йилда Бухоро туманида янги аэропорт қуриш зарурияти ҳақида шундай деган:
«Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилмоқда. Кеча Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади». Ўз навбатида, ўтган йил баҳорида Бухоро янги аэропортини 2026 йил охирида очиш режалаштирилаётгани айтилганди.
Яқинда аэропорт қурилишида Enter Engineering компанияси хусусий шерик бўлгани маълум бўлди. Ушбу лойиҳага янги инвесторларни жалб қилиш режалари ҳақида хабар берилган.