• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ACWA Power Ўзбекистонга инвестицияларни яна 5 млрд долларга оширишни режалаштирмоқда


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида ACWA Power компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент Ўзбекистон «яшил» энергетика соҳасининг асосий ҳамкори бўлган ACWA Power фаолиятини юқори баҳолади.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, «Янги Тошкент» халқаро аэропорти қурилишини бошлаш, Фарғона шаҳрида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини барпо этиш, IT-паркда замонавий маълумотлар марказини ишга тушириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Муҳаммад Абунайян Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, делегацияни қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.

«Ўзбекистон аллақачон менинг иккинчи ватанимга айланиб қолди ва бу мамлакатга ҳар сафар келишни интиқлик билан кутаман. Бу юртга келар эканман, сиз билан мазмунли учрашувлар ўтказишдан ҳамиша умидвор бўлиб тураман», — деди у.

ACWA Power раҳбари минтақадаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Саудия Арабистони Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.

«Лекин шундай бўлишига қарамай, Саудия Арабистони подшоҳлиги Ўзбекистонга, яъни биз учун қадрли бўлган Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга, инвестицияни яна ҳам кўпайтириш бўйича кўрсатма бердилар ва биз ҳам Ўзбекистонга инвестицияларни янада ошириш устида ишлаяпмиз», — деди Абунайян «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, аввалги учрашувда томонлар ACWA Power`нинг Ўзбекистонга инвестицияларини яна 5 млрд долларга ошириш масаласини муҳокама қилган. «Биз бу мақсадларимизни амалга ошириш йўлида қатъият билан олдинга интиламиз», — деди у.

Абунайян ўзбекистонлик ҳамкорлар билан водород энергетикаси ва Сирдарё вилоятидаги иссиқлик электр станциясининг иккинчи босқичи каби янги лойиҳалар муҳокама қилинганини маълум қилди.

«Мен бугун Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан гаплашганимда ҳам янги-янги лойиҳаларни муҳокама қилдик, жумладан, водород соҳасидаги, шунингдек, Сирдарё иккинчи лойиҳаси бўйича гаплашиб олдик ва бу ҳамма лойиҳаларни биргаликда амалга оширамиз», — деди у.

Шунингдек, у компания Янги Тошкент қурилиши билан боғлиқ лойиҳалар устида ҳам ишлаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, Абунайян Саудия Арабистонидаги Ар Риёд (Riyadh City Boulevard) хиёбонида Ўзбекистон учун 5−6 минг кв. метр майдон ажратиш режалаштирилаётганини маълум қилди. «У ерда Ўзбекистон павильони барпо этиш ва албатта, Ўзбекистоннинг тарихи, маданиятини намоён қиладиган катта лойиҳани амалга оширишни мақсад қилганмиз», — деди у.

ACWA Power раиси, шунингдек, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўзгармаслиги ҳақидаги позициясини етказди.

«Яна такрор айтаман, валиаҳд ҳазрати олийлари дунёда нима содир бўлмасин, геосиёсий вазият қандай бўлмасин, бу Ўзбекистон билан бўлган шериклигимизга заррача таъсир қилмаслиги, алоқаларимиз суръатини ўзгартирмаслигини қатъий таъкидлаб, сизга етказишимни тайинлади», — деди Абунайян.

Ўтган йил июнь ойида ACWA Power`нинг Ўзбекистон бўйича молия директори (CFO) Сумендрa Раут компания ҳукумат билан 5 млрд долларлик янги келишув имзолашни режалаштираётганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ўша вақтда ACWA Power`нинг Ўзбекистондаги умумий инвестициялари ҳажми 15 млрд долларга етган, портфели эса 19 та энергетика лойиҳасини ўз ичига олади, уларнинг 18 таси қайта тикланувчи энергия манбаларига тўғри келади.

ACWA Power`нинг Ўзбекистондаги фаолияти

ACWA Power — Саудия Арабистонидаги энг йирик энергетика компанияларидан бири бўлиб, қайта тикланувчи энергия, сув таъминоти ва энергияни сақлаш тизимлари соҳасидаги лойиҳаларга ихтисослашган. Компания 10 дан ортиқ мамлакатда, жумладан Ўзбекистонда фаолият юритади ва энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади.

Қорақалпоғистонда ACWA Power иштирокида қуввати 1,5 ГВт ва 100 МВт бўлган иккита шамол электр станцияси қурилмоқда. Улардан бирининг қиймати 1,65 млрд долларга баҳоланмоқда.

Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бири 500 МВт қувватга эга шамол электр станциялари барпо этилмоқда. Уларни амалга ошириш учун 741 млн долларга яқин маблағ жалб қилинган.

Компания, шунингдек, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида қуёш электр станциялари устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, ACWA Power Чирчиқ шаҳрида «яшил» водород ишлаб чиқариш заводи лойиҳасига инвестиция киритмоқда. Унинг қурилишига PowerChina жалб қилинган. Лойиҳани якунлаш аввалроқ жорий йил декабрига режалаштирилган эди, дастлабки қиймати 88 млн долларга баҳоланган.

Янги ташаббуслар орасида Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистонда шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари бор. Улардан бирининг қиймати 262 млн долларга тенг. Шунингдек, Самарқанд вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита қуёш электр станциясини ишга тушириш, Тошкент вилоятида эса қуввати 334 МВт бўлган энергия сақлаш аккумулятор тизимини яратиш режалаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон энергетикасини ривожлантириш бўйича 10 йиллик мастер-режани ишлаб чиқиш учун BCG жалб этилгани хабар қилинган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *