• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бу ҳамма нарсага таъсир қилади». Яқин Шарқдаги можаролар фонида Ўзбекистон қайси транспорт йўлакларидан фойдаланмоқда?


Логистика йўналишларининг низолар ва чегаралар ёпилиши сабабли ўзгариши Ўзбекистон учун ташиш нархига таъсир қилиб улгурди. Бу ҳақда Самарқанддаги Озиё тараққиёт банки (ОТБ) йиғилиши доирасида инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шохрух Гуламов маълум қилди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.

ОТБ йиғилишидаги нутқи давомида Шавкат Мирзиёев дунёдаги низолар ва қарама-қаршиликлар оқибатида логистика йўлакларининг ўзгариши Марказий Осиё давлатлари учун транспорт харажатларининг 30 фоизгача ошишига олиб келаётганини, етказиб бериш муддатлари эса бир неча ҳафтага узаяётганини таъкидлади.

Шохрух Гуламовнинг сўзларига кўра, транспорт харажатлари ошиши масаласи ҳозирда ҳукумат кун тартибида турибди.

«Бу масала чиндан ҳам жуда долзарб. Албатта, ҳукумат сифатида биз нархларнинг ошиши ҳақида ўйлашимиз керак ва бунга мажбурмиз, чунки бу ҳамма нарсага таъсир қилади», — деди у.

Вазир ўринбосари харажатларнинг 30 фоизга ошиши бўйича баҳолаш аниқ ҳисоб-китоблар ва йўналишларга боғлиқлигини, бироқ масалага комплекс ёндашиш зарурлигини таъкидлади.

«Бу жараёнларга, нархларнинг ошишига қайси ташқи омиллар таъсир қилмоқда? Сиз уларни ўзингиз айтиб ўтдингиз. Бу ҳозирда Яқин Шарқда, Эронда содир бўлаётган можаролардир. Бу Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегараларнинг ёпилишидир», — деди Гуламов.

У ушбу коридорлар Ўзбекистон учун сақланиб қолаётганини, бироқ улардан фойдаланиш қийинлашганини қайд этди.

«Бу коридорлар бизда бор, улар ҳеч қаерга йўқолмаган. Лекин бугунги кунда муайян ҳолатлар туфайли қийинчиликлар ва тўсиқлар мавжуд. Ҳурмуз бўғозида ҳозир содир бўлаётган воқеаларни инобатга олсак, барча ушбу оқимлар — юк оқимлари, транспорт оқимларининг бошқа йўналишларга ўтиши ва трансформацияси кузатилмоқда», — деб таъкидлади вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат юкларни муқобил йўналишлар орқали қайта йўналтириш устида ишламоқда.

«Бу масала устида илк кунлардан бери ишлаяпмиз. Буларнинг барчасини қандай амалга оширишни биламиз ва ўйлаяпмиз. Албатта, харажатлар бор, 30 фоиз атрофида — буни турлича ҳисоблаш мумкин», — деди у.

Гуламов энг сезиларли товарлар сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, гўштни тилга олди. «Гўшт — ҳукумат жуда катта эътибор қаратаётган энг нозик позиция», — деб таъкидлади у. Етказиб бериш таннархини пасайтириш мақсадида мол ва қўй гўшти импорт қилувчиларга авиаташинув харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

Бундан ташқари, унинг айтишича, Ўзбекистонга катта ҳажмда хомашё товарлари олиб кирилмоқда ва улар бўйича ҳам етказиб бериш йўналишлари таҳлил қилинмоқда.

«Бизда, албатта, катта ҳажмда олиб кириладиган хомашё товарлари позицияси ҳам бор. Лекин бизда барча давлатлар билан боғлиқ таҳлиллар мавжуд. Буларнинг барчаси қаердан келаётганини, бу жараённи қандай бошқариш кераклигини биламиз. Ҳукумат тегишли чораларни кўрмоқда», — деб қайд этди вазир ўринбосари.

Гуламов ҳозирда фойдаланилаётган ёки кўриб чиқилаётган асосий муқобил йўналишларни санаб ўтди. Биринчиси ғарбий йўналиш ёки Марказий коридор бўлиб, у Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали, шунингдек, Туркманистондан Озарбайжонга ўтади.

Иккинчи муқобил йўналиш эса, унинг сўзларига кўра, Хитой орқали бўлади.

«Биз Хитой портлари орқали Қозоғистон ҳудудидаги Хоргос ва Алашанькоу чегара пунктлари орқали ўтувчи темирйўл коридоридан фойдаланяпмиз. Автомобиль транспорти учун эса Қирғизистон орқали ўтадиган йўналишдан фойдаланиляпти», — деб таъкидлади Гуламов.

Учинчи йўналиш Россиянинг Находка шаҳри орқали ўтади. «Учинчи муқобил йўналиш — Находка орқали. Бу бизнинг энг биринчи коридорларимиздан бири. Ҳа, у муддат нуқтаи назаридан бошқаларига қараганда бироз узоқроқ, лекин бу ҳам ҳозирда фойдаланилаётган муқобил йўналиш ҳисобланади», — деди вазир ўринбосари.

У можаролар фонида юк ташиш нархи ошишини тан олди.

24 апрелдаги йиғилишда президент йил бошидан буён жаҳонда нефть нархи 40 фоизга ошганини, давом этаётган низолар туфайли эса одатий логистика йўлакларини ўзгартиришга тўғри келаётганини таъкидлаганди. Бу маҳаллий маҳсулотлар экспорти ва асосий истеъмол товарлари импорти учун транспорт харажатларини 25−30 фоизга оширмоқда.

Давлат раҳбари маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, гўшт импортини кенгайтириш ва логистикадаги узилишларни бартараф этиш ҳисобига нархлар ўсишини 6,5 фоиз доирасида жиловлашни топширган.

Контекст

Эрон портлари Ўзбекистон учун муҳим логистика марказлари ҳисобланади. Чабаҳар / Шимол-Жануб (INSTC) йўлаги орқали Марказий Осиё — Ҳиндистон йўналишида мамлакатнинг улуши 5,5 фоизни, Марказий Осиё ва Эрон ўртасидаги юк ташишларда эса 18,9 фоизни ташкил этади.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов аввалроқ Ўзбекистоннинг ташқи ташувлари тўққизта халқаро йўлак орқали амалга оширилишини маълум қилганди. Энг асосийларидан бири — Эрон денгиз портлари орқали ўтувчи жанубий йўлак. Экспорт ва импортнинг салмоқли қисми, жумладан, Туркия ва Европадан келадиган юкларнинг 60 фоизгача бўлган миқдори айнан шу йўналиш орқали ўтади.

Эрон йўналишида қийинчиликлар юзага келган тақдирда, ҳукумат юкларни Покистон денгиз портлари, Марказий йўлак, шунингдек, Грузия, Россия ва Қозоғистон орқали ўтувчи йўналишларга қайта йўналтиришни кўриб чиққан эди.

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегараларнинг ёпилиши ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда. Январь ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг тадбиркорлар билан учрашувида икки давлат ўртасидаги чегара 11 октябрдан бери ёпиқлиги, бу эса яна бир муҳим логистика йўлини тўсиб қўйгани ва айрим товарлар, жумладан, шакар етказиб беришда муаммолар туғдираётгани маълум қилинганди.

Транспорт харажатларининг ошиши импорт ва экспорт операциялари таннархини оширади ва инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *