• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Табақаланиш бўлмайди, „Янги авлод“ боғчаларининг оддий боғчадан фарқи — ўйингоҳларда» — вазирлик вакили



Ўзбекистонда ташкил этилаётган «Янги авлод» боғчалари оддий боғчалардан фақат ўйингоҳи — инновацион маркази билан фарқ қилади. Янги боғчалар табақаланиш келтириб чиқармайди. Бу ҳақда 21 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Шерзод Каримов маълум қилди.

Февраль ойида Ўзбекистонда Президент мактаблари ташаббусининг давоми сифатида болаларни ривожлантириш инновацион марказларига эга бўлган илк «Янги авлод» болалар боғчалари ташкил этилиши маълум қилинганди. Уларнинг илк намунаси Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистонда очилиши, 2028 йилгача бутун Ўзбекистон ҳудудларини қамраб олиши кўзланган.

Матбуот анжуманида журналистнинг бу боғчалар Президент мактабларидек табақаланишни вужудга келтирмайдими деган саволига Шерзод Каримов «йўқ» дея жавоб берди.

«Бу боғчада ҳеч қандай табақаланиш бўлмайди. Нимага? Бу боғчалар учун саралаб олиш механизми йўқ. Бу боғчада худди микроҳудудда қолган янги боғча қанақа ташкил қилинаётган бўлса, худди шу тартибда давом этади», — деди вазир ўринбосари.

Каримов энди боғчаларнинг сифат кўрсаткичлари билан ҳам шуғулланишга вақт келганини таъкидлади.

«Биз 10 йил давомида фақатгина, агар шу қувват яратишга, уни яъни бояги ҳард қисмига сарфланган бўлса, энди сифат даражасига ҳам шуғулланишга вақт келди», — деди у.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, қабулда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, имтиҳон йўқ. «Ўша микроҳудуднинг боласи, ўша микроҳудудда боладан жой ортиб қоладиган бўлса [қабул қилинаверади]», — деди Каримов.

«„Янги авлод“ боғчаларида оддий боғчадан фарқи — у ерда ташкил этилаётган ўйингоҳлар — инновацион марказларда», — деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, расмий боғчаларни битирган болага сертификат берилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Йўқ, сертификат бу айнан „Янги авлод“ мактабгача таълим муассасасига боғлиқ эмас. Яъни, сертификат масаласи бу умумий, олти ёшлиларга боғлиқ масала», — деди вазир ўринбосари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *