• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Касаллик кузатилмади, аммо унинг кириб келиш хавфи юқори» — Ветеринария қўмитаси Ўзбекистонда оқсил вируси билан боғлиқ вазият ҳақида


Россия, Хитой, Қозоғистон сингари Ўзбекистон билан доимий олди-берди қиладиган кўплаб давлатларда чорва ҳайвонларида оқсил касаллиги аниқланганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ушбу вазият фонида Ўзбекистон 18 апрелдан 18 майга қадар «Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена» ойлигини эълон қилди.

Кейинроқ Gazeta томонидан эълон қилинган колонкада оқсил вируси Ўзбекистонда ҳам тарқалаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар таъкидланиб, мақолада ҳар ой санитария-эпидемия ойи бўлиши кераклиги оқсил аҳоли соғлигига жиддий хавф солмаса-да, агросектор учун ҳалокатли эканлиги қайд этилган эди. Колонкада расмийлардан максимал шаффофлик ҳамда мунтазам тестлар ва эмлаш талаб этилиши эслатиб ўтилган эди.

Gazeta оқсил қандай касалликлиги, унинг белгилари ва юқиш йўллари қандайлиги, одамларга ҳам юқиши мумкинми, у Ўзбекистон учун қай даражада хавотирли ва қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақидаги саволларга жавоб олиш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Турсагатовга муроожаат қилди.

Жаҳонгир Турсагатов.

— Оқсил касаллиги кўпроқ қайси ҳайвонларда учрайди? Унинг юқиш йўллари ҳақида гапириб берсангиз.

— Ветеринарияда кўпинча «яра-оғиз», деб аталувчи оқсил («ящур») — ўта тез тарқаладиган ва ўткир кечадиган юқумли касаллик ҳисобланади. У қорамол, қўй, эчки, туя, кийик, буғу, тоғ эчкиси, чўчқа сингари уй ва ёввойи жуфт туёқли ҳайвонларда учрайди. Вирус ташқи муҳит таъсирларига чидамли бўлиб, айниқса, нам ва салқин муҳитда узоқ сақланади.

Асосан, баҳор ва куз ойларида учрайдиган вирус бир қанча йўллар билан тарқалади. Хусусан, касал ҳайвон билан тўғридан-тўғри алоқа қилганда, ҳаво (айниқса, шамол), ифлосланган озуқа, сув, кийим-кечак орқали юқиши мумкин.

Касалликнинг кўп учрайдиган клиник белгилари: оғиз бўшлиғида, елинда ва туёқ атрофида афто пуфакчалар пайдо бўлади, сўлак оқиши, ҳарорат кўтарилиши, оқсаш, сут маҳсулдорлигининг кескин пасайиши каби симптомлар кузатилади. Бу белгилар вируснинг эпителий тўқималарга таъсири натижасида юзага келади.

Бизнинг минтақада ушбу вируснинг А, О ва Азия-1 турлари касаллик қўзғатади. Унинг ҳар бир тури ўзига хос иммунитет ҳосил қилади. Шу сабабли касаллик қўзғатувчисининг ҳар бир тури ва вариантлари иммунобиологик хусусияти билан бир-биридан фарқ қилади.

Касалланган соғин сигирларда сут беришнинг 50−75 фоизга камайиши, бўғоз молларда бола ташлаш, бузоқ, қўзи каби ёш ҳайвонларда 80−100 фоиз нобуд бўлиш кузатилади. Касалликка чалинган ҳайвонлар озиб кетади, соғломлаштириш тадбирлари учун катта маблағ сарфланади.

— Gazeta`да 26-апрель куни эълон қилинган мақолада ҳозирги тарқалаётган оқсил вируси бу Африкада учраган SАТ1 ва SАТ2 штаммлари бўлиши мумкинлиги бўйича хавотирлар мавжуд. Ушбу штаммлар Ўзбекистонга етиб келган ёки келмаганлиги лаборатор тарзда текширилдими? Ҳозирда ҳукумат томонидан тақдим этилаётган вакциналар ушбу штаммларга қарши қанчалик самарали ҳисобланади?

— Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотига кўра, 2025−2026 йиллар давомида жами 48 та давлатда 11,1 минг ҳолатда ҳайвонларнинг оқсил касаллиги қайд этилди. Дунё мамлакатларида Африка қитъасига хос бўлган оқсилнинг «SAT» типи тарқалиши кузатилмоқда.

Одатда аксарият давлатларда, шу жумладан республикамизда, касаллик қўзғатувчи вируснинг «А», «О» ва «Азия-1» типлари учрайди. Аммо охирги пайтларда бир қатор мамлакатларда вируснинг жуда кўп янги тип ва серовариантлари пайдо бўлмоқда.

Касаллик қўзғатувчи вируснинг асосан 7 та тури ва 100 га яқин серовариантлари мавжуд. Касаллик қўзғатувчи вируснинг бир типи ёки сероварианти билан касалланган ҳайвон вируснинг яна бошқа тур ва сероварианти билан ҳам касалланиши мумкин. Яъни, ҳар бир тип ўзига хос иммунитет ҳосил қилиб, бир тип билан касалланган ёки эмланган ҳайвонда бошқа типга қарши чидамлилик шаклланмайди.

Жаҳондаги эпизоотик маълумотларни таҳлил қилган ҳолда ҳукуматимиз барча зарурий чораларни кўриб келмоқда. Бу борада оқсил касалллигининг О, А, SAT ва Asia-1 типларига қарши поливалентли вакциналар харид қилиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

— Бу вирус инсон учун қанчалик хавфли? Ушбу хавфни камайтириш учун аҳолига қандай тавсиялар бера оласиз?

— Оқсил вируси хом сут ичиш, чала пишган гўшт истеъмол қилиш ва бевосита касал ҳайвон билан мулоқот қилиш орқали юқиши мумкин. Бу касалликнинг илмий жиҳатдан одамларга юқиши бор гап, лекин бу камдан-кам ҳолларда кузатилади. Асосий хавф ҳайвонлар учун ҳисобланади. Бу вирусга қарши даво йўқ, асосан, симптоматик даволаш, яъни ярани парвариш қилиш, дезинфекция қўлланилади. Шунинг учун ҳам профилактика жуда муҳимдир. Илмий жиҳатдан энг самарали усул — вакцинация.

— Қайси йилларда Ўзбекистонда оқсил касаллиги кузатилган? Ўшанда қандай курашилган?

— Мамлакатимизга оқсил вируси кириб келишининг олдини олиш бўйича ўз вақтида профилактик эмлаш ва чора-тадбирларнинг кўрилиши, айниқса, чегарадош, яъни буфер ҳудудларда кенг кўламли ишларнинг амалга оширилиши сабабли охирги 25−30 йил ичида ҳайвонлар орасида мазкур касаллик аниқланмаган.

— Мазкур давр ичида оқсилни аниқлаш бўйича нечта лаборатор таҳлиллар олиб борилган? Умуман, бундай лаборатор таҳлилларни қилиш учун Ўзбекистонда шароитлар мавжудми?

— Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида замонавий серологик ва молекуляр диагностика усуллари кенг жорий этилган. Хусусан, юқори аниқликка эга Полимераза занжир реакцияси (ПЗР) усули орқали хориждан олиб кирилаётган наслли қорамоллардан намуналар олиниб, улар чуқур лаборатория текширувларидан ўтказилмоқда. ПЗР усули оқсил вируси барча серотипларини аниқлаш имконини беради. Текширув натижалари салбий чиққан тақдирда ҳам, ҳайвонлар етти кунлик карантин муддатида алоҳида назорат остида сақланади. Фақатгина барча талаблар тўлиқ бажарилгандан сўнггина уларни боқиш ва хўжаликларга жойлаштиришга рухсат берилади.

Марказ оқсил касаллигига қарши эмланган қорамолларда иммунитет фаоллик даражасини аниқлаш бўйича 2024 йилда ISO 17025 стандарти бўйича аккредитaциядан ўтган. Ходимлар ҳар йили Россиядаги оқсил касалликлари референс лабораторияси томонидан ўтказиладиган малака тестида қатнашиб, 100 фоизлик аниқлик натижасига эришиб келяпти.

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, жаҳонгир турсагатов, оқсил, оқсил касаллиги, чорва моллари, яшур

Мавзуга оид сурат.

— Охирги ойларда Хитойда оқсил касаллиги таркалаётгани тасдиқлангани муносабати билан Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари долзарб штамларни ўз ичига олган вакциналар билан эмланмоқда. Шу мамлакат ҳудудлари ўртасида қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг ҳаракатланиши чекланди. Ушбу касалликнинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли қай даражада? Хавф мавжудми?

— Мамлакатимиз географик жиҳатдан ушбу касалликка нисбатан ўта хавфли ҳудудда жойлашган, яъни қўшни давлатлар: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Эронда мазкур вируснинг айрим вақтларда мавжудлиги ҳамда улар билан савдо-сотиқ ва бошқа алоқаларнинг доимий бўлиши сабабли оқсил касаллигининг ҳудудимизга кириб келиш ва тарқалиш хавфи сақланиб қолмоқда. Аммо ҳозирги кунда Ўзбекистонда оқсил касаллиги қайд этилмаган ва лаборатор тасдиқланмаган, эпизоотик ҳолат барқарор.

— Лаборатор тасдиқланмаган, деган фикирингизга аниқлаштириш киритсак. Ҳозирги ҳолатлардан намуналар олиниб, лабораторияда аниқлаш учун юборилганми ёки йўқми?

— Республикамизда фаолият кўрсатаётган Ҳайвонлар касаллиги ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази лабораторияларида 2023 йилдан буён йиллик режа ва тегишли кўрсатмаларга биноан, эмланган ҳайвонларда иммунитет фаоллик даражасини аниқлаш бўйича иммунофермент таҳлиллар амалга ошириб келинмоқда.

2023 йилда марказ лабораторияларида оқсил касаллигига қарши эмланган қорамолларда иммунитет фаоллик даражасини аниқлаш бўйича жами 2 минг 143 та таҳлил ўтказилган. Шундан, чорва ҳайвонларида оқсил касаллигининг «А» серотипига 49 фоиз, «О» серотипига 89 фоиз ва «Осиё-1» серотипига 88 фоиз иммунитет фаоллик даражаси мавжудлиги аниқланган.

2024 йилда жами 2 минг 283 та таҳлил ўтказилган. Унда оқсил касаллигининг «А» серотипига 61 фоиз, «О» серотипига 89 фоиз иммунитет фаооллик даражаси борлиги аниқланган. 2025 йилда 14 минг 583 та таҳлил ўтказилган бўлиб, «А» серотипига 83 фоиз, «О» серотипига 82 фоиз ва «Осиё-1» серотипига 84 фоиз иммунитет фаоллик даражаси мавжудлиги аниқланган.

Барча таҳлиллар «Idvet» (Франция), «UNIGEN» (Ўзбекистон) ва «thebridge» (Жанубий Корея) тест тўпламлари орқали иммунофермент ташхис (ИФА) усулида амалга оширилган.

— Оқсил касаллигининг кириб келиши ёки юқишининг олдини олиш мақсадида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Чегара ҳудудларида қандай талаб ва тартиблар жорий қилинди?

— Республикада ҳайвонларнинг оқсил касаллиги келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш ҳамда бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган тезкор ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилди.

Унга кўра, профилактик эмлаш тадбирлари учун 1 минг 286 та ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, 5 мингга яқин мутахассис ходим ва соҳа маъсуллари бириктирилди. Ҳудудларда фаолият олиб бораётган 260 та мол бозорларида чорва молларини клиник кўрикдан ўтказиб бориш бўйича ветеринария назорати ўрнатилди. Аҳоли хонадонларида парваришланаётган чорва ҳайвонларининг ҳудудлараро ҳаракатланиши юзасидан ветеринария хизмати ва ИИББ, ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмалари томонидан ветеринария назорати кучайтирилди.

Хусусан, ветеринария ҳужжатлари: гувоҳнома, сертификат ва ҳоказони текшириш, транспорт воситаларини тўхтатиб, чорва моллари ҳолатини ветеринария кўригидан ўтказиш, бирор касаллик аломатлари аниқланган ҳайвонларни вақтинча изоляция қилиш ва ноқонуний ташиш ҳолатларига чек қўйиш бўйича қатъий назорат ўрнатилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ЙПХ масканлари ва блок постлардан жами 48,4 минг бош чорва молларида текширув ўтказилди.

Ҳайвонларнинг юқумлик касалликлари кириб келишидан мухофаза қилиш мақсадида чегара ўтказиш пунктлари етарли миқдорида дезинфекция воситалари билан таъминланди. Шунингдек, 19 та давлат чегара ветеринария пунктларида 474,5 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари ветеринария-санитария ишлови (дезинфекция)дан ўтказилди. Чегара постларида ветеринария назорати остидаги барча товарлар ва тирик ҳайвонлар кучайтирилган тартибда кўрикдан ўтказиляпти.

Профилактик эмлаш ишлари биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан чегарадош бўлган жами 6 221 км узунликдаги буфер худудларимиздаги 82 та туманда чорва молларида амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ушбу туманларда 8 млн бош чорва моллари ва 14 млн бош паррандалар парвариш қилинади.

— Импорт қилинаётган чорва моллари ва гўшт махсулотларини назоратдан ўтказиш кучайтирилдими?

— Импорт қилинаётган ҳар қандай чорва моллари ва гўшт маҳсулотлари Республика ташхис марказида тегишли меъёрий хужжат талаблари асосида текширилиб, хулосалар бериб келинмоқда.

Бундан ташқари, қўшни давлатлар орқали тирик ҳайвонлар, чорвачилик маҳсулотлари ва хомашёсини олиб кириш ҳамда олиб чиқишда ветеринария-санитария қоидалари алоҳида назоратга олинди. Аҳоли ва чорвачилик субъектлари ўртасида оқсил касаллигининг олдини олиш, ветеринария қоидаларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари ташкил этиб келинмоқда.

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, жаҳонгир турсагатов, оқсил, оқсил касаллиги, чорва моллари, яшур

Мавзуга оид сурат.

— Қайси давлатлардан чорва моллари ва гўшт маҳсулотларини олиб киришга чекловлар қўйилди?

— Республика ҳудудида эпизоотик ҳолатнинг барқарорлигини таъминлаш ва чорва молларини оқсил касаллигига қарши поливалентли вакцина билан эмлаш тадбирларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилди.

Ушбу ҳужжат лойиҳасида мамлакатимиз ҳудудига четдан ҳайвонларнинг юқумли касалликларининг кириб келишидан муҳофаза қилиш мақсадида Россия Федерациясининг Доғистон, Иркутск, Ингушетия, Кабардин-Балкар, Қорачой-Черкасия, Шимолий Осетия-Алания, Чеченистон, Қалмоғистон, Олтой ва Бурятия Республикалари, Ставропол ва Олтой ўлкалари, Астрахан, Новосибирск, Омск, Волгоград, Саратов, Тамбов, Самара, Челябинск, Тюмен, Курганск ва Оренбург вилоятларидан жуфт туёқли ҳайвонлар, уларнинг термик ишловдан ўтмаган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари ҳамда хом ашёларини республикамиз ҳудудига олиб келиш ва транзит ўтказилишига вақтинчалик чеклов жорий этиш таклифи қайд этилган.

Мазкур чеклов Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилотининг (WОАҲ) Қуруқликдаги ҳайвонлар соғлиги кодекси ҳамда «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилган.

— Айни кунларда оқсил касаллигига қарши эмлаш жараёнлари бўляптими? Кунига қанча чорва ҳайвонлар вакцина қилиняпти? Умумий қанчаси вакцинацияланди?

— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида қисқа муддатларда республикамизга оқсил касаллигига қарши 20 млн доза миқдорида янги поливалентли вакцина харид қилиш ишлари бошлаб юборилди. Келтирилаётган вакциналар тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сарф-харажатлар амалга оширилмайди.

Жорий йил мобайнида 39 млн бош чорва ҳайвонларни 11 турдаги ва 106 млн бош паррандаларни 4 турдаги касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилиши тизимли йўлга қўйилиб, доимий равишда профилактик дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари олиб борилмоқда.

28 апрель ҳолатига кўра, баҳорги профилактик тадбирлар доирасида куйдиргига қарши 5,6 млн бош, оқсилга қарши 4,5 млн бош, нодуляр дерматитга қарши 2,6 млн бош ҳамда қутуришга қарши 560 минг бош ҳайвонлар эмланди. Профилактик эмлаш тадбирлари режа асосида давом эттирилмоқда. Қўмита томонидан доимий мониторинг олиб бориш йўлга қўйилган.

— Ўзбекистонда ушбу касалликка қарши эмлаш тадбирлари қанча муддатда бир ўтказилади? Бу мажбурийми?

— Бу касаллик асосан, йилнинг баҳор ва куз ойларида учрагани боис айни шу даврда профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилади. Чорва ҳайвонлари йилда икки марта доимий равишда мажбурий тартибда эмланади. Бу тадбирлар ҳудудлардаги тасдиқланган графиклар бўйича тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул ўтказилади.

— Чорва моллари учун оқсил касаллигига қарши вакцина олмоқчи бўлган аҳоли ёки фермерлар қаерларга мурожаат қилиш мумкин? Захира етарлими?

— Вакциналар тўлиқ равишда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади. Эмлаш тадбирлари ҳудудлардаги ветеринария ходимлари томонидан тасдиқланган режа асосида амалга оширилдаи. Ҳайвонларни эмлатиш учун маҳалладаги ветеринария ходимларига мурожаат қилиш ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали боғланиш мумкин. Бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йили етарлича миқдорда 11 турдаги юқумли касалликлар, жумладан, оқсил вирусига қарши эмламалар харид қилинади.

— Агар Ўзбекистонда оқсил касаллиги аниқланса, қандай чоралар кўрилади? Карантин жорий этиладими?

— Ўзбекистон Республикаси «Ветеринария тўғрисида» ги қонуннинг 28-моддасига асосан, ҳайвонлар юқумли касалликларининг ўчоқлари аниқланган ҳолларда муайян ҳудудлар нобоп пунктлар, деб эълон қилинади. Уларда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш тегишли бош давлат ветеринария инспекторларининг тақдимномасига кўра ҳудудлар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилади.

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, жаҳонгир турсагатов, оқсил, оқсил касаллиги, чорва моллари, яшур

Мавзуга оид сурат.

— Аҳоли ва тадбиркорлар учун озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан қандай хавф ёки чекловлар бўлиши мумкин?

— Аҳоли учун бозорларларга истеъмолга яроқсиз, хавфли маҳсулотлар чиқарилиши оқибатида юқумли ва токсик заҳарланиш каби касалликларга чалиниш, истеъмолчиларга тақдим этилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларнинг нотўғрилиги ёки маҳсулотнинг санитария-гигиена нормаларига жавоб бермаслиги асосий хавф ҳисобланади. Натижада, бозорларга маҳсулот танқислиги сабабли нарх ошиши ва харидорлар харид қобилиятининг чекланишига олиб келади.

Ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари тарқалиши ҳамда бошқа ҳайвонларга ва одамга ўтишининг олдини олиш, аҳоли истеъмоли учун етиштирилаётган чорвачилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда чорвачилик хўжаликлари ва паррандачилик фабрикаларига кириш жойларида дезинфекция тўсиғи ва дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланиш биохавфсизлик меъёрларининг мажбурий талаби хисобланади. Шунинг учун хар бир чорвачилик хўжаликларининг кириш қисмларида мажбурий равишда дезабарьер ва дезоматлар ташкил этилиши ҳамда хар бир хўжалик худуди доимий равишда дезинфекция қилиниб борилиши лозим.

Чорва молларини юқумли касалликлардан ҳимоя қилишнинг асосий шартларидан бири — хўжалик ҳудудига бегона кишиларнинг кириш-чиқишини таъқиқлаш хисобланади. Чорва моллари озуқаларининг сифати, тўйимлилиги бўйича мунтазам лаборотория тахлилидан ўтказиб борилиши, яроқли ичимлик суви берилиши ва парваришлаш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор берилиши керак.

Чорва ҳайвонларини ўз вақтида юқумли касалликларга қарши график асосида профилактик эмлаш мақсадида ҳудудий ветеринария бўлимларига мурожат қилиб, улар билан интеграцияни йўлга қўйиш лозим.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *