Тошкентдаги айрим мактабларда давоматни «ақлли» камералар орқали назорат қилиш бошланди. Ижтимоий тармоқларда бу муҳокамаларга сабаб бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу борадаги тартиб амалда қандай йўлга қўйилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2025 йил 18 сентябрда тасдиқланган қўшма низомга кўра, ўқувчилар давомати ҳар куни синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари томонидан «e-maktab» платформаси орқали белгилаб борилади.

Шунингдек, сабабсиз дарс қолдирган ўқувчилар бўйича мактабда фаолият юритувчи инспектор-психолог томонидан ота-оналарга расмий огоҳлантириш хатлари юборилади. Унда фарзанднинг дарсларга мунтазам қатнашини таъминлаш талаб қилинади ва бу мажбурият бажарилмаса, қонуний жавобгарлик юзага келиши мумкинлиги билдирилади.

Вазирликка кўра, ўқувчиларнинг дарсларга мунтазам қатнашмаслиги ҳолатлари аниқланганда, ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги айрим мактабларда синов тариқасида ўрнатилаётган «ақлли» камералар давоматни назорат қилиш жараёнини самарали ташкил этишда қўшимча восита сифатида қўлланилмоқда.

Бу тизим мактаб маъмуриятига ўқувчиларнинг дарсларда иштирокини кузатиш имконини бериши, шунингдек, ота-оналарга фарзандларининг мактабдаги ҳолатини онлайн назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлашда ёрдам бериши таъкидланган.