Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Склярни ўз администрацияси раҳбари этиб тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фармонда Скляр 2022 йил январидан бери эгаллаб келган бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилгани айтилади.

Скляр янги лавозимида «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» вазифасидан озод этилган Айбек Дадебайнинг ўрнини эгаллади. Дадебай 2024 йил февралидан буён Қозоғистон Президенти администрациясига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Президент матбуот котиби Айбек Смадияровнинг маълум қилишича, Дадебай эндиликда ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланади.

«Қасим-Жомарт Тоқаев Айбек Дадебайга самимий миннатдорлик билдирди. Маълумки, мамлакатда кенг кўламли сиёсий кампания кутилмоқда. Ушбу масъулиятли пайтда давлат раҳбарининг шахсий топшириғига биноан Айбек Аркабайули ижтимоий-сиёсий ишлар билан шуғулланади», — деб ёзди у.

Роман Скляр 1971 йил 8 майда Павлодарда туғилган. У турли йилларда индустрия ва инфратузилмани ривожлантириш вазири, бош вазир ўринбосари ва бош вазир вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.