• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шаҳар муҳитини янгилаш ва аҳоли манфаатлари ўртасидаги мувозанатни қандай топиш мумкин?


Реновация жараёнларида шаҳар муҳитини янгилаш ва аҳоли манфаатлари ўртасида қандай қилиб мувозанат топиш мумкин? Ушбу савол III Тошкент урбанфорумининг сессияларидан бирида муҳокама қилинди. Тадбир Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Прогрессив ислоҳотлар маркази кўмагида Ўзбекистон ёш архитекторлари ассоциацияси томонидан ташкил этилди. Gazeta маърузалардаги асосий фикрларни қисқача баён қилади.

«Реновация — шаҳар юрагидаги жарроҳлик амалиёти каби»

Tashkent Invest директори ўринбосари Рустам Қодиров шаҳар ривожланишини, жумладан, реновация жараёнини «бемор ухламасдан, одатий ҳаёт тарзини давом эттираётган вақтда юракда ўтказиладиган очиқ жарроҳлик амалиёти»га қиёслади.

Унинг сўзларига кўра, реновация зарурати аҳоли сонининг шиддат билан ўсиши билан бевосита боғлиқ. Аҳоли кўпайиши билан нафақат уй-жойга бўлган талаб, балки мактаблар, боғчалар, шифохоналар, офислар ва жамоат жойларига бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда, шаҳарнинг янги инфратузилмаларни жойлаштириш имкониятлари эса чекланган.

«Адашмаётган бўлсам, бугунги кунда янги мактабларга бўлган эҳтиёж тахминан 60−65 тани ташкил этади. Қарйиб 1500 ўқувчига мўлжалланган битта мактаб қуриш учун камида 2,5 гектар ер майдони керак бўлади. Асосий савол — бу ерни қаердан топиш мумкин?.. Охирги пайтларда дарахтлар ва боғлар масаласи жуда фаол муҳокама қилинмоқда. Уч фарзанднинг отаси сифатида мен учун, эҳтимол, фарзандларимнинг мактабга бориш имкониятига эга бўлиши муҳимроқдир. Яъни, ҳа, дарахтлар муҳим, лекин устуворлик, назаримда, таълимда бўлиши керак», — деди Қодиров.

Рустам Қодиров.

Шу билан бирга, у «идеалда ҳам боғ ҳудудлари, ҳам таълим муассасалари ва поликлиникалар бўлиши керак»лигини, буларнинг барчаси пайдо бўлиши учун эса «тўғри амалга оширилган тақдирда», реновация дастури имкон беришини таъкидлади.

«Яхши шаҳар — яшаш учун қулай ва болалар аравачалари билан сайр қилиш мумкин бўлган шаҳардир», — деб қайд этди маърузачи.

Унинг яна бир таърифига кўра, яхши шаҳарлар «чиройли қарийдиган» шаҳарлардир. Бу қобилият уларнинг молиявий имкониятлари билан боғлиқ. Қодировнинг сўзларига кўра, аҳолиси тахминан 3,3 млн кишини (агломерацияни ҳисобга олганда 4,5−5 млн) ташкил этадиган Тошкентнинг 2026 йилги бюджети тахминан 1 млрд долларни ташкил этади, бу эса бошқа йирик мегаполислар билан солиштирганда анча пастдир. Масалан, Олмаота бюджети тахминан 5,5 млрд долларга, Истанбулники — қарийб 15 млрд долларга, Москваники эса — тахминан 65 млрд долларга баҳоланмоқда.

Tashkent Invest раҳбари ўринбосари молиявий имкониятлардаги бундай фарқ инфратузилма ривожланиш суръатларига ва шаҳар муҳити сифатига бевосита таъсир қилишини таъкидлади.

«Шаҳар нормал ривожланиши, шаҳар инфратузилмаси сифати тегишли даражада бўлиши учун нафақат билим, балки маблағ ҳам зарур. Энг зўр урбанистларни йиғиш мумкин, лекин йўллар ёки бирор-бир инфратузилмани қуриш учун пул бўлмаса, жуда қийин бўлади», — деб ҳисоблайди у.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Қодировнинг сўзларига кўра, реновация дастури шаҳарнинг ҳар бир туманида бизнес ва савдо мажмуалари, боғ ва сув ҳавзаси жамланган Tashkent City каби «интилиш марказлари» пайдо бўлиши учун зарур. Бунда ҳудудни танлаш ва лойиҳаларни шаҳар аҳолиси билан келишиш асосий қийинчиликдир.

У реновация ҳудудида яшовчи мулкдорларнинг розилик чегараси 100 фоиздан «камида 80 фоизгача» туширилишини эслатиб ўтди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган реновация тўғрисидаги қонунга бундай ўзгартириш киритиш масаласи 6 март куни Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов иштирокидаги матбуот анжуманида муҳокама қилинганди.

«Бу нима учун қилинган? Компанияда ишлаётган икки йилим давомида шундай ҳолатларни кўрдимки, одам яшамайдиган, 30-йилларда қурилган уйдаги 5 „квадрат“ квартира учун 350 минг доллар сўрашади… Биз бир-бири билан уришаётган қўшниларни кўрамиз: бири туманни ривожлантириш керак, қурилиш қилиш керак деса, бошқаси шундай [рози бўлмаганлар] туфайли биз қолиб кетяпмиз, шундай шароитда яшашга мажбурмиз, дейди… Биз хусусий мулк ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз — у дахлсиз. Тўғри мувозанатни топиш муҳим. Ёки, таъбир жоиз бўлса, ёмоннинг ичидан яхшисини танлаш керак. Чунки дунёда „мана бундай қилинг — албатта яхши бўлади“ деб айта оладиган одам йўқ», — деди Рустам Қодиров.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Tashkent Invest директори ўринбосари президентнинг 24 февралдаги қарорида кўзда тутилган «тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида пойтахтнинг Сергели, Яшнобод ва Миробод туманларида реновация ўтказиш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

«Мастер-режани ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Фақат нуқтали қурилиш эмас, балки инфратузилмага эътибор қаратган ҳолда бутун ҳудудни ривожлантириш бўйича батафсил ҳисоб-китоб қилинмоқда. Қурувчи учун ўз объектини тезроқ битказиб сотиш муҳимроқ. Лекин инфратузилмани яратиш ва уни ишлатиш бўйича мажбуриятлар ёки уларнинг бир қисми шаҳар зиммасига тушади, бу эса катта юклама ва харажат демакдир. Шунинг учун биз шартли ер майдонлари лотлар кўринишида девелоперларга сотилишидан олдин инфратузилмани ҳисоблаб чиқиш ва кейин уни яратиш жараёнини тўлиқ назорат қилиш энг тўғри йўл деб топдик», — дея хулоса қилди у.

«Реновация транспортни режалаштириш билан ёнма-ён бориши керак»

Реновация ва урбанизация жараёнлари шаҳар транспорт тизимига, демакки, аҳолининг кундалик мобиллигига бевосита таъсир қилади. Бу ҳақда барқарор мобиллик ва инфратузилма сиёсати бўйича эксперт Бобур Сирожев сўз юритди. У янги туманларни лойиҳалашда нафақат уй-жой қурилишини, балки йўл тармоғи ва жамоат транспортига тушадиган келгуси юкламани ҳам ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлади.

Бобур Сирожев.Бобур Сирожев.

Мутахассис аҳолининг транспортдан фойдаланиш одатини иккита асосий омил орқали кўриб чиқишни таклиф қилди: шахсий хоҳиш-истаклар ва шаҳар инфратузилмаси тақдим этадиган имкониятлар. Ҳаракатланиш усулини танлашдаги асосий мезонлар қаторига сафар нархи, йўлга сарфланадиган вақт ва сафар сифати киради. Шу билан бирга, аҳолининг турли қатламлари учун устуворликлар фарқ қилиши мумкин: даромади юқори бўлган кишилар кўпинча тезлик ва қулайликка эътибор қаратса, даромади чекланган аҳоли биринчи навбатда нархни инобатга олади.

«Вақт ўтиши билан шахсий танлов эмас, балки шаҳар муҳитидаги шароитлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб боради. Марказдан узоқлашган сари транспорт муқобиллари камаяди ва янги мавзелар аҳолиси чекланган миқдордаги йўналишларга ёки шахсий автомобилга қарам бўлиб қолади», — деб қайд этди Сирожев.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Урбанизация жараёнида шаклланаётган янги турар жой мавзеларини у бунга мисол қилиб келтирди. Бундай ҳудудларда аҳолининг транспортдан фойдаланиш одатлари кўпинча уларнинг хоҳиш-истаклари билан эмас, балки инфратузилма — йўлга сарфланадиган вақт, жамоат транспортининг мавжудлиги ва умуман кўчаларнинг ҳолати билан белгиланади. Агар ушбу кўрсаткичлар режалаштириш босқичида ҳисобга олинмаса, муаммолар мавзелардан фойдаланишнинг дастлабки йиллариданоқ тўплана бошлайди.

«Агар биз зичлашиш ва янги ҳудудларни қуриш жараёнларига эътибор бермасак ва шу билан бирга аҳоли учун муқобил йўналишларни таклиф қилмасак, бир неча йилдан кейин улар муқаррар равишда оммавий тирбандликларга дуч келади», — деб таъкидлади эксперт.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Транспорт муаммоларининг олдини олишда қандай ечимлар ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, эксперт универсал рецептлар мавжуд эмаслигини таъкидлади. Турли мутахассислар турлича ёндашувларни таклиф қилади: транспорт муҳандислари янги йўл ўтказгичлар ва кўприклар қуришни, урбанистлар жамоат транспортини ривожлантириш ва шаҳар муҳити тузилишини ўзгартиришни, девелоперлар эса қўшимча парковкалар яратишни талаб қилиши мумкин.

«Шаҳарнинг вазифаси — ижтимоий ва иқтисодий нуқтаи назардан қайси ечим энг мақбул бўлишини ҳамда бюджетга ортиқча юклама туширмаслигини аниқлашдир. Бунинг учун асосий восита транспортни моделлаштириш ҳисобланади. У ҳудуд ривожланишининг оқибатларини: аҳоли ўсиши, транспорт оқимларининг ўзгариши ва кўча-йўл тармоғига тушадиган юкламани олдиндан прогноз қилиш ҳамда потенциал муаммоли нуқталарни аниқлаш имконини беради», — деб таъкидлади у.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Сирожевнинг фикрича, стратегик ва мастер-режаларни ишлаб чиқишда шунчаки расмиятчилик учун ҳужжатлар яратиш билан чекланмаслик муҳим. Асосий вазифа аниқ мақсадларга эришиш — ижтимоий объектларнинг қулайлигини таъминлаш, йўлга сарфланадиган вақтни қисқартириш ва шаҳар муҳити сифатини оширишдан иборат бўлиши керак.

Унинг қайд этишича, транспортни режалаштиришни реновация ва ҳудудларни ривожлантириш жараёнларига интеграция қилиш энг дастлабки босқичларда амалга оширилиши лозим. Шунда шаҳар келгусидаги юкламаларни олдиндан баҳолаши ва инфратузилмани аҳоли ўсишига тайёрлаши мумкин бўлади.

«Реновация, урбанизация ва ҳудудларнинг зичлашиши транспортни режалаштириш билан ёнма-ён бориши керак. Барча келгуси юкламалар ва муаммоларни олдиндан ҳисоблаб чиқиш ҳамда улар критик даражага етгунига қадар ечимлар таклиф қилиш мумкин», — деди Бобур Сирожев.

«Архитектура тозаланганида, шаҳар динамикаси яққолроқ кўзга ташланади»

Tashkent Invest компаниясининг шаҳарни барқарор ривожлантириш бўлими бошлиғи Рушана Ҳасанованинг сўзларига кўра, фаол реновация ва қурилишлар ҳажми ортиб бораётган, шаҳарда тобора кўпроқ янги турар жой мажмуалари, тижорат объектлари ва жамоат жойлари пайдо бўлаётган шароитда дизайн код муҳим аҳамият касб этади. У шаҳар муҳитининг ташқи кўринишини — бино фасадлари ва пешлавҳалардан тортиб, ёритиш тизими, навигация ҳамда ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва бекатлар каби ободонлаштириш элементларигача бўлган қоидалар ва тавсиялар тизимини ифодалайди.

Рушана Ҳасанова.Рушана Ҳасанова.

Ҳасанованинг таъкидлашича, дизайн коднинг жорий этилиши шаҳар муҳитидаги бир нечта тизимли муаммоларни бирваракайига ҳал қилишга ёрдам беради. Улар сирасига тартибсиз жойлаштирилган пешлавҳалар ва рекламалардан ҳосил бўлган визуал шовқин, кўчаларнинг меъморий тарқоқлиги, айрим туманларнинг тарихий қиёфаси йўқолиши ва пиёдалар учун қулайлик даражаси пастлиги киради. Бундан ташқари, ягона стандартлар тарихий биноларни ташқи кўринишдаги кескин ўзгаришлардан ҳимоя қилиш имконини тақдим этади.

«Шаҳар муҳитини лойиҳалашда Тошкентнинг иқлим хусусиятларини, жумладан, ёзда ҳаво ҳароратининг юқори бўлишини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Кўкаламзорлаштириш, соябонлар ва соя берувчи конструкциялардан фойдаланиш „иссиқлик ороли“ таъсирини камайтиришга ва кўчаларни кундалик ҳаёт учун қулайроқ қилишга ёрдам беради», — деб таъкидлади маърузачи.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Унинг фикрича, дизайн коднинг жорий этилиши нафақат шаҳарнинг ташқи қиёфасини яхшилаши, балки унинг ривожланиш жараёнларини барча иштирокчилар — аҳолидан тортиб, тадбиркор ва лойиҳачиларгача — тушунарли ва прогноз қилиб бўладиган ҳолга келтириши керак. Унинг сўзларига кўра, ягона қоидалар аста-секин тартибли ва уйғун шаҳар муҳитини шакллантириш имконини беради, бунда шаҳарнинг ўзига хослиги сақлаб қолинади ва визуал хаос камаяди.

«Шаҳар архитектураси тозаланиб, тушунарли ва ягона қоидалар асосида ривожланса, шаҳар тараққиётининг динамикаси янада сезиларли бўлади», — деди Ҳасанова.

рустам қодиров, бобур сирожев, рушана ҳасанова, реновация, урбанфорум

Таъкидлаш жоизки, Тошкентда дизайн коднинг жорий этилиши тадбиркорларнинг танқиди ва норозилиги билан кузатилмоқда — бунга биринчи навбатда ҳокимият вакиллари томонидан амалга оширилаётган шиддатли ҳаракатлар, очиқдан очиқ босим ва таҳдидлар сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан яқинда ташкил этилган очиқ мулоқотда тадбиркорлар пешлавҳаларни зудлик билан демонтаж қилишдан бош тортган тақдирда, электр энергиясидан узиб қўйиш билан таҳдид қилинаётганидан шикоят этди. Бизнес омбудсман офиси эса шаҳар кенгашининг дизайн код бўйича қарори қонунчиликка зид келгани сабабли уни қайта кўриб чиқиш юзасидан хулоса киритганини маълум қилди. Хулосада, хусусан, реклама рангларига қўйиладиган талаблар мавҳумлигича қолаётгани, уларни унификация қилиш эса брендларга бўлган ҳуқуқларга дахл қилиши мумкинлиги айтилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *