Амстердам гўшт маҳсулотлари, шунингдек, қазиб олинувчи ёнилғидан фойдаланиладиган товар ва хизматлар рекламасини тақиқлаган дунёдаги биринчи пойтахт бўлди, деб хабар бермоқда BBC News.
Шу тариқа шаҳар расмийлари 2050 йилга келиб Нидерландия пойтахтининг углерод нейтраллигига эришишини ва аҳоли томонидан гўшт истеъмоли икки баравар камайишини истамоқда.
1 майдан реклама шитлари, жамоат транспорти бекатлари ва метро станцияларидан бургерлар, бензинли двигателли автомобиллар ва авиакомпаниялар рекламалари олиб ташланди. Энди уларнинг ўрнида музейлар, концертлар ва кўргазмалар реклама қилинмоқда.
BBC нашрининг таъкидлашича, тақиқ кучга киргунга қадар углеводород хомашёси билан боғлиқ маҳсулот ва хизматлар рекламаси шаҳардаги жами рекламанинг 4 фоизини, гўшт ва гўшт маҳсулотлариники эса 0,1 фоизини ташкил этган.
2026 йилнинг январь ойида Амстердам шаҳар кенгаши 27 та рози ва 17 та қарши овоз билан қазиб олинувчи ёнилғи ва гўшт маҳсулотлари рекламасини тақиқлаш ҳақидаги қарорни қабул қилганди. Тақиқ углерод чиқиндиларининг катта миқдори билан боғлиқ товар ва хизматларга: авиапарвозлар, бензин ва дизель ёнилғисида ишлайдиган автомобиллар, газда иситиш бўйича шартномалар, шунингдек, фастфуд бургерлари каби гўшт маҳсулотларига тааллуқлидир.
Нидерландияда жамоат жойларида гўшт ва қазиб олинувчи ёнилғи маҳсулотлари рекламасини чеклаган биринчи шаҳар Харлем бўлган эди. У ерда тақиқ 2024 йилда кучга кирган. Шундан сўнг Нидерландиянинг Утрехт ва Неймеген шаҳарлари ҳам шундай йўл тутди. Қазиб олинувчи ёнилғи турлари рекламасига қўйилган тақиқ Эдинбург (Шотландия), Шеффилд (Англия), Стокгольм (Швеция) ва Флоренцияда (Италия) ҳам амал қилади.