Ўзбекистон Саудия Арабистони билан ҳамкорлик доирасида ўзбекистонликларни тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳаларида ишга жойлаштириш тизимини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация Саудия Арабистонида меҳнат миграцияси масалалари бўйича қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Саудия Арабистони инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Аҳмад Ал-Шарқий билан бўлиб ўтган учрашувда меҳнат бозорининг янги стратегияси, хорижий ишчи кучини жалб қилиш механизмлари ҳамда меҳнат визаларини малака даражалари бўйича (бошланғич, ўрта, юқори) ажратиш тизими жорий этилгани маълум қилинди.
Учрашув якунларига кўра, Миграция агентлиги ва Саудия Арабистони Меҳнат вазирлиги ўртасида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистонда тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳалари бўйича кадрларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, малака имтиҳонларини ташкил этиш ҳамда номзодларни Саудияда ишга жойлаштириш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Саудия Арабистонида хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва иш берувчиларни кадрлар билан таъминлашга ихтисослашган KDOT рекрутинг ташкилоти ва йирик иш берувчилар билан юқори талабга эга касблар бўйича мақсадли таълим ва касбий тайёргарлик дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
20 апрель куни президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда меҳнат миграциясини кенгайтириш ва ўқитиш харажатларини қоплаш режалаштирилаётгани маълум қилинган эди. Қайд этилишича, Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида малакали ишчи кучига талаб ортиб бормоқда. Хусусан, хорижий иш берувчилар аллақачон 100 мингдан ортиқ мутахассисга буюртма йўллаган.
