9 апрель куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Россия-Украина урушида Россия томонида туриб жанг қилган 33 ёшли фуқаро М.А.га ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.
Суд материалларига кўра, у 2021 йил ноябрда ишлаш мақсадида Россияга кетган ва Москвада юк ташиш билан шуғулланган. Кейинчалик гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноятда айбланиб, Россия суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Судда судланувчи Россияга қандай боргани ва қандай қилиб жиноят ишига аралашиб қолгани ҳақида кўрсатма берди.
«2010 йил ноябрь ойида отамнинг олдига Россияга ишлаш учун кетдим, Екатеринбургда дачада қоровуллик қилиб, 6 йил ишладим. 2016 йилда ҳужжатсиз юрганим учун ушланиб, 5 йилга депортация қилинганман. 2017 йилдан Қозоғистонда, кейин 2021 йилдан Тошкентда устачилик қилиб яшаб келаётгандим. Танишимнинг таклифи билан 2021 йил ноябрда яна Россияга бордим. У билан бир неча ой юрдик, кейин у Ўзбекистонга кетиб, машина ва хонадонни менга қолдирди. Кейин бу машина наркотик ташишда ишлатилганини билдим. Бир шахснинг илтимоси билан юк олдим, аммо уни очиб кўрганимда оқ модда эканини билиб, ташлаб кетдим ва Москвага қочдим. У ерда бир муддат ишладим, аммо полиция автомашинани текшириб, героин топди. Қаердан келганини билмасдим. Кейин бир йилга яқин Москва вилоятидаги тергов изоляторида ушлаб туришди ва суд мени 9 йилга озодликдан маҳрум қилди», — деди судланувчи.
Суд ҳужжатига кўра, жазони ўтаётган вақтида у жазодан қутулиш мақсадида Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, 2024 йил октябрда ҳарбий хизматга кирган. У Ростов ва Луганск ҳудудларида тайёргарликдан ўтиб, кейинчалик ўзига бириктирилган АК-74 қуроли билан Донецк вилоятидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.
Судланувчи М.А. жазони ўтаётган вақтида қандай қилиб урушга жалб этилганини ҳам баён қилди.
«Уфадаги тергов изоляторида жазони ўтаётган вақтимда Россия ходимлари бир неча бор келиб, урушга боришни таклиф қилди. Дастлаб рози бўлмадим. Кейин яна келишиб, шартнома тузишни таклиф қилишди, лекин яна рад этдим. Шундан сўнг босим ва қийноқлар бошланди, тахминан 180 кун давомида изоляторда азоблашди. Шунинг учун охири рози бўлишга мажбур бўлдим. 2024 йил 1 октябрда Екатеринбургдаги колонияда бир йиллик шартнома имзоладим. Кейин Ростовга олиб кетишди, у ердан Луганскдаги тайёрлов лагерига жўнатишди. У ерда 21 кун тайёргарликдан ўтдик. 2024 йил 28 декабрь куни Донецк вилояти Горловка шаҳрига олиб боришди, 12 кун буйруқ кутиб турдик, шундан кейин жанговар ҳаракатларга кирдик», — деди у.
Ҳужжатда қайд этилишича, М.А. бир неча бор жароҳат олган: 2025 йил январда бошидан ўқ тегиб, кейинчалик елкаси, қўли ва бел қисмига снаряд парчалари кирган. Шундан сўнг ҳарбий госпиталларда даволанган.
Судланувчи жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ва олган жароҳатлари ҳақида ҳам баён қилди.
«Урушда тахминан 8 кун қатнашдим. 2025 йил 10 январь куни бошимдан ўқ тегиб яраландим, шерикларим мени жанговар ҳудуддан олиб чиқди. Донецк вилояти Енакиево шаҳридаги шифохонада бир ойга яқин даволандим. 6 февраль куни яна ҳарбий қисмига қайтиб, Торецк шаҳрини ҳимоя қилишда иштирок этдим. Шу вақтда снаряд портлаши оқибатида чап елкам ва қўл бармоқларимга металл парчалари кириб, яна яраландим. Яна бир ой даволаниб, қайта хизматга қайтдим ва миналарни зарарсизлантириш бўлинмасига ўтказилдим. 2025 йил май ойида Селидово шаҳрини эгаллаш бўйича ҳаракатларда иштирок этдим. 18 май куни „Жёлти“ қишлоғи учун жангларда белимга снаряд парчалари тегиб, яна оғир яраландим. Макеевкадаги ҳарбий шифохонага олиб боришди, реанимацияга ётқизиб, операция қилиб, парчаларни олиб ташлашди», — деди у.
2025 йил июль ойида М.А. госпиталдан қочиб, Ростов шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган. У ерда унга ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган ва у август ойида Ўзбекистонга қайтган.
Судланувчи ҳарбий госпиталдан қандай қилиб қочиб, Ўзбекистонга қайтганини ҳам баён қилди.
«Донецк вилоятидаги ҳарбий шифохонанинг реанимация бўлими операциядан кейин Қирғизистон фуқароси Элёр билан учрашдим, у билан аввал бир лагерда тайёргарликдан ўтганмиз. Икковимиз урушдан қочишга келишдик ва тахминан бир ой тайёрландик. Кейин Рома исмли озарбайжонлик билан танишиб, унинг ёрдамида 2025 йил 25 июль куни шифохонадан қочиб, Ростов шаҳрига бордик. У ерда Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, паспортимни йўқотганимни айтдим ва ватанга қайтиш гувоҳномасини олдим. 2025 йил 6 август куни Сочи — Самарқанд рейси орқали Ўзбекистонга қайтдим», — деди у.
М.А. судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Россия-Украина урушида қатнашишга мажбур бўлгани, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди ва енгиллик беришни сўради.
Судланувчи М.А.нинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий ва моддий аҳволининг оғирлиги, қарамоғида 5 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳамда муқаддам судланмагани жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳоланди.
Суд ҳукмига кўра, М.А. Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш) 1-қисми ва 154−1-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга 154-модда бўйича 57-модда (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, 154−1-модда бўйича иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
Жазоларни қўшиш тартибига кўра, ахлоқ тузатиш ишларининг ҳар уч куни озодликни чеклашнинг бир кунига тенглаштирилиб, якунда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Суд қарорига кўра, у жазони Наманган шаҳридаги яшаш манзилида ўтайди. Шу даврда иш вақтидан ташқари вақтда уйдан чиқмаслиги, назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслиги лозим.
Шунингдек, даволаниш ёки бошқа сабаблар билан яшаш ёки иш жойи ўзгарса, бу ҳақда Наманган шаҳар ички ишлар органларини дарҳол хабардор қилиши шарт. Озодликни чеклаш жазосини ижроси Наманган шаҳар ИИБ пробация гуруҳи зиммасига юклатилди.
Аввалроқ Қашқадарёда Украинадаги урушда Россия томонида туриб қатнашган 38 ёшли фуқаро 3 йилга қамалган эди. Унинг айтишича, Россияда жазо ўтаётганида босим ва қийноқлардан сўнг ҳарбий шартнома имзолаган. Луганскда жангларда иштирок этиб, дрон ҳужумида яраланган. Госпиталдан қочиб, Ўзбекистонга қайтган.
