Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Таклифлар пакетида рақамлаштириш ва банк хизматларидан фойдаланиш харажатларини камайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш тартибини жорий этиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, банк карталаридаги операциялар хавфсизлиги учун қўлланиладиган антифрод SMS хабарномалар харажатларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ўрнига мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинди.
Президент назорат ва тартибга солиш механизмларини соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Ҳозирда аксарият банклар ва тўлов иловалари (Uzum, Payme, Click ва бошқалар) учун стандарт комиссия ставкаси 0,5% дан 1% гачани ташкил этади. Агар сизда иккита турли банкнинг картаси бўлса (масалан, иш ҳақи картаси битта банкда, шахсий карта бошқа банкда), ўз пулингизни бир картадан иккинчисига ўтказиш учун ҳам баъзан 0,35% — 0,5% атрофида комиссия тўлашингизга тўғри келади.
Лекин сўнгги пайтларда банклар мижозларни жалб қилиш учун бепул лимитлар жорий қилган. Хусусан, кўпгина иловаларда ойига 3 миллиондан 10 миллион сўмгача бўлган маблағни комиссиясиз ўтказиш мумкин.
