Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаш ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштириш бекор қилиниши мумкин. Ушбу таклифлар 5 май куни Шавкат Мирзиёевга таништирилган тақдимотда акс этган.
Хусусан, йиғилишда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлаётган айрим масалалар ҳамда уларнинг ечими бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Жумладан, тадбиркорлик субъектларининг пешлавҳалари ва бренд белгиларини жойлаштириш, умумий овқатланиш ва савдо объектлари учун айрим маъмурий талаблар, меҳнат муносабатларидаги тартиб-таомиллар, нақд пулсиз тўловлар, солиқ имтиёзларини қўллаш, молиявий жарималар, ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳужжатбозлик каби масалалар муҳокама қилинди.
Масалан, амалдаги тартибга кўра, айрим ҳолларда корхона номи, фаолият тури ёки савдо белгиси акс этган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида паспорт расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш талаб этилмоқда. Бу тадбиркорлар учун қўшимча маъмурий юк бўлиши билан бирга савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг танилиши, мижозлар оқими ва тушумига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилди. Рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилди.
Умумий овқатланиш корхоналарига қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартибини соддалаштириш, айрим савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари учун экологик экспертиза ҳамда компенсация тўловлари билан боғлиқ тартибларни енгиллаштириш таклиф этилди. Шунингдек, меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходим ўртасидаги айрим тартиб-таомилларни аниқлаштириш таклиф қилинди.
Рақамлаштириш ва нақд пулсиз тўловлар йўналишида аҳоли ва бизнес учун қулайликни оширишга қаратилган таклифлар билдирилди. Хусусан, айрим товар ва хизматлар учун тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш амалиёти кенгайиб бораётгани боис, банк инфратузилмаси, комиссиялар ва истеъмолчиларга қайтариладиган кешбек тизимини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Контекст

Тошкент шаҳри туман ҳокимликлари март ойидан бошлаб пойтахт қиёфасини ягона меъморий кўринишга келтириш зарурати билан изоҳлаб, ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказмоқда. Ҳокимликлар ташқи рекламалар қаторига муассасаларнинг фирма пешлавҳаларини ҳам киритмоқда. Бироқ, бизнес вакиллари пешлавҳалар реклама эмас, балки шаҳарда мўлжал олиш ва йўл топишга ёрдам берувчи восита эканини, уларсиз мижозлар керакли манзилларни топа олмаслигини таъкидламоқда.
Тадбиркорлар Spot нашрига ҳокимиятнинг таҳдидли ва кескин ҳаракатлари жиддий молиявий йўқотишларга олиб келганини айтишди: айрим компанияларнинг зарари битта нуқта учун 12 минг долларга етган, бир қатор мулкдорлар эса бизнесини ёпишга мажбур бўлган.
Уларнинг қайд этишича, бизнесга янги пешлавҳаларни қандай тартибда ва қайси қоидалар асосида ўрнатиш мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Тижорат муассасаларидан бирининг эгаси «аввал дизайн-кодни тасдиқлаб, уни жорий этиш учун вақт бериш, шундан кейингина бунга амал қилмаганларнинг пешлавҳасини олиб ташлаш керак эди», деган фикрни билдирди.
Бизнес ҳамжамияти асосий муаммо сифатида конструктив мулоқот ҳамда конструкцияларни жойлаштириш бўйича аниқ ва олдиндан белгиланган қоидалар йўқлигини айтмоқда.
Ҳокимият режаларига кўра, йил охиригача узунлиги 432 км бўлган 36 та кўчада янги дизайн-код жорий этилиши кутилмоқда. Айни пайтда демонтаж ишлари 100 кмлик қисмда, яъни 14 та кўчада бошланган.
Хабарларга кўра, 6113 нафар тадбиркор пешлавҳаларни алмаштириш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш олган.
ССП раиси Даврон Ваҳобов Тошкент ҳокими билан музокаралар ўтказиб, дастлабки 100 км йўл тартибга келтирилмагунча қолган 332 км йўлларни демонтаж қилишни вақтинча тўхтатиб туришга ваъда берди. Эртаси куни палата томонлар ягона стандарт асосида, аввалроқ демонтаж ишлари ўтказилган 100 км ҳудуддаги 14 та кўчани тартибга келтиришга келишиб олганини маълум қилди. Қолган 472 кмлик ҳудуддаги кўчаларда эса демонтаж ишлари ўтказилмайди, улар 30 кун ичида босқичма-босқич янгиланиши режалаштирилган.
Тадбиркорлар, шунингдек, 254 саҳифадан иборат ҳужжатнинг ҳажми катталиги ва мураккаблигидан шикоят қилди.
Бизнес вакиллари эстетикага қарши эмасликларини, бироқ жуда катта зарар кўраётганликларини айтишди: битта пешлавҳани алмаштириш нархи 20 миллион сўмга етиши мумкин, йирик тармоқлар учун «реклама паспортлари»га тўланадиган ҳар чораклик тўловлар эса ўн миллионлаб сўмни ташкил қилади.
2025 йил ноябрь ҳолатига кўра, «ноқонуний реклама»га қарши кураш доирасида ҳамда дизайн-кодни жорий этишга тайёргарлик муносабати билан шаҳарда 2000 га яқин пешлавҳа олиб ташланди.
Аввалроқ умумий овқатланиш соҳаси тадбиркорлари Тошкентнинг янги дизайн-коди «саводсиз» эканини айтиб, пештахталарни мажбурий демонтаж қилиш чоғида электр энергиясини ўчириш билан таҳдид қилинаётганидан шикоят қилганди.
Шунингдек, бизнес омбудсман Тошкент шаҳри дизайн коди тўғрисидаги қарорнинг айрим бандлари амалдаги қонунчиликка зид эканини билдириб, уни қайта кўриб чиқиш юзасидан хулоса киритганди. Вакил қарор бизнес омбудсман билан келишилмасдан қабул қилинганини билдирган.
