• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Сайёра аҳолиси нафас олаётган ҳавонинг қарийб 99 фоизи ЖССТ стандартларига жавоб бермайди» — UNEP


Ҳаво ифлосланиши минтақадаги энг ўткир трансчегаравий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда Марказий Осиёда қайд этилган 65 мингдан ортиқ эрта ўлим ҳолати ҳавонинг майда дисперсли PM2,5 заррачалари билан ифлосланишига алоқадор бўлган.

Минтақадаги экологик вазият иқтисодиётга, инвестициявий жозибадорликка ва туристик оқимга ҳам бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда апрель ойи охирида Остонада (Қозоғистон) бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммитда сўз борди.

«2016 йилда Ўзбекистонга 1,3 млн сайёҳ келган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 12 миллионга етди», — деб таъкидлади Ўзбекистон президентининг экология бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Азиз Абдуҳакимов. Фото: Макс Байкенов.

У ушбу муаммога жавоб бериш учун саноат ва транспорт юкламасининг ортиши, урбанизация ва иқлим хавфлари шароитида нафақат миллий чоралар, балки мувофиқлаштирилган минтақавий механизмлар ҳам зарурлигини таъкидлади. Шундай механизмлардан бири Ҳаво сифати бўйича Марказий Осиё ҳукуматлараро коалицияси бўлади. Янги платформа иштирокчи давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш, маълумот алмашиш ва қўшма эколойиҳаларни ишга тушириш имконини бериши кутилмоқда.

Учта даражадаги ҳамкорлик

Азиз Абдуҳакимов Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни уч даражада — умумий далиллар базасини шакллантириш, институционал мувофиқлаштиришдан тортиб, энг заиф ҳудудларда қўшма тажриба лойиҳаларини амалга оширишгача ташкил этишни таклиф этди.

У чанг бўронлари ҳақида эрта огоҳлантирувчи минтақавий тизимни яратиш ва трансчегаравий ифлосланиш ҳолатларини биргаликда баҳолаш механизмларини ривожлантириш ташаббусини илгари сурди. Ўзбекистон томонининг ҳисоб-китобларига кўра, минтақадаги ҳаво ифлосланишининг 35 фоизгача бўлган қисми табиий омиллар билан боғлиқ бўлиб, бу антропоген чиқиндиларни камайтириш билан бир қаторда алоҳида ёндашувни талаб қилади.

Фото: Макс Байкенов.Фото: Макс Байкенов.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ва Финляндия метеорология институти билан ҳамкорликда Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида ҳаво сифати бўйича ҳисоботлар тайёрланмоқда. Ўзбекистонда бундай баҳолаш ишлари Тошкент, Наманган ва Термиз шаҳарлари учун ўтказиб бўлинган. «Афғон шамоллари» деб аталадиган ҳаво оқимлари таъсири доирасида жойлашган Термиз шаҳрида чанг бўронларининг частотаси ва давомийлиги сезиларли даражада ошиб, критик тус олмоқда.

«20 йил аввал бундай бўронлар мавсумда бир-икки марта содир бўлиб, бир неча соат давом этган бўлса, ҳозир улар деярли ҳар ўн кунда такрорланмоқда ва бир неча суткалаб давом этиши мумкин», — деб таъкидлади Абдуҳакимов.

Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев ҳаво сифати муаммоси трансчегаравий хусусиятга эга эканини тасдиқлаб, чегараолди ҳудудларида ифлосланиш манбалари аниқлангани ва уларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, томонлар аграр сектордаги ёндашувларни, жумладан, экологик тоза энергия манбаларига ўтишни биргаликда қайта кўриб чиқмоқчи. Хусусан, иссиқхона хўжаликларини газлаштириш ва фермерлар билан ҳамкорлик қилиш чора-тадбирлари муҳокама қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ерлан Нисанбаев май ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари келгуси қадамларни муҳокама қилиш учун чегараолди ҳудудларида учрашув ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

Ерлан Нисанбаев. Фото: Макс Байкенов.Ерлан Нисанбаев. Фото: Макс Байкенов.

Экология вазири, шунингдек, Қозоғистон энергетика ва транспорт соҳаларида чиқиндиларни камайтириш бўйича параллель равишда чора-тадбирларни амалга ошираётганини, жумладан, хусусий секторни газлаштириш, иссиқлик электростанцияларини модернизация қилиш ва жамоат транспортини экологик тоза ёнилғи турларига ўтказишни таъкидлади. Унинг фикрича, хусусий сектор иштирокисиз, шунингдек, халқаро қўллаб-қувватлашсиз қўйилган мақсадларга, жумладан, инфратузилмани янгилашга эришиш қийин бўлади.

«Бир мамлакат чиқарган нафасни бошқаси олади»

БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори, БМТ бош котиби ўринбосари Ингер Андерсен Марказий Осиё ҳаво сифати бўйича мақсадли кўрсаткичлардан анча йироқда эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ҳавонинг ифлосланиши бир вақтнинг ўзида ҳам экологик хавф, ҳам жамоат соғлиқни сақлаш инқирозидир, шу билан бирга, бу муаммо глобал хусусиятга эга.

«Сайёрамиз аҳолиси нафас олаётган ҳавонинг қарийб 99 фоизи ЖССТ стандартларига жавоб бермайди», — деди эксперт.

Рақамлар ортида аҳолининг заиф қатламлари ва, айниқса, болалар саломатлиги учун оғир оқибатлар ётибди, бу эса Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик нақадар муҳим аҳамият касб этаётганидан далолат беради.

Ингер Андерсен. Фото: Макс Байкенов.Ингер Андерсен. Фото: Макс Байкенов.

Унинг сўзларига кўра, халқаро ташкилотлар шаҳарларда ҳаво сифатини баҳолашдан тортиб, сиёсий стратегияларни ишлаб чиқиш ва минтақавий платформаларни яратишгача бўлган йўналишларда кўмак бериб келмоқда, бироқ эндиликда янада фаол ҳаракатларга ўтиш зарур. Биринчи навбатдаги вазифалар қаторига қисқа муддатли иқлим ифлослантирувчиларини — исишга ҳисса қўшадиган моддаларни: бир вақтнинг ўзида иссиқхона газлари бўлган ва инсонга бевосита таъсир кўрсатадиган қора углерод, озон ва гидрофторуглеродларни камайтириш киради.

«Бу икки томонлама ғалаба қозониш имкониятидир — бир вақтнинг ўзида ҳам иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ҳам аҳоли саломатлигини яхшилаш мумкин», — деб таъкидлади у.

Андерсен мисол тариқасида метанни келтириб ўтди, у нафақат иқлимга таъсир қилади, балки соғлиқ ва қишлоқ хўжалиги учун зарарли бўлган ерусти озони шаклланишида ҳам иштирок этади. Марказий Осиё давлатлари Глобал метан мажбуриятига қўшилган ва 2030 йилгача чиқиндиларни 30 фоизга камайтиришни режалаштирган. Ўзбекистон ҳам ушбу мақсадни қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақаси ҳозирча UNEP’нинг нефть ва газ соҳасида метан чиқиндиларини камайтиришга қаратилган, шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга йўналтирилган ташаббусига етарлича жалб этилмаган. Андерсен ҳаво ифлосланиши давлат чегаралари билан чекланиб қолмаслигини алоҳида қайд этди.

«Бир мамлакат чиқарган нафасни бошқаси олади», — дея таъкидлади у.

Фото: Макс Байкенов.Фото: Макс Байкенов.

Экспертнинг фикрича, натижаларга эришиш учун ЖССТ стандартларига мос келадиган кучли миллий стратегиялар, мониторинг тизимларини ривожлантириш, тармоқ сиёсатларини мувофиқлаштириш ҳамда давлат ва хусусий молиялаштиришни сафарбар этиш зарур.

«Аниқ тартибга солувчи стандартлар пайдо бўлиши билан бизнес мослашишга мажбур бўлади», — деб таъкидлади Андерсен.

Жаҳон банкининг атроф-муҳит масалалари бўйича гуруҳи директори Валери Хикки «яшил» технологияларни ривожлантириш ва экологик стандартларга риоя қилиш янада талабчан бозорларга чиқиш шартига айланаётганини қайд этди. Жаҳон банки минтақадаги лойиҳаларга 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирган, бироқ, унинг сўзларига кўра, бундай ўзгаришларни молиялаштиришда хусусий сектор асосий роль ўйнаши керак, чунки бу нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқлайди.

«Ҳаво ифлосланиши — мамлакатларни ўрта даромад тузоғида ушлаб турувчи омиллардан биридир», — деб таъкидлади Хикки.

Валери Хикки. Фото: Макс Байкенов.Валери Хикки. Фото: Макс Байкенов.

Gazeta аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарлари даражасида чегараолди ҳудудларида «Тоза ҳаво» қўшма кун тартибини илгари суришга келишиб олгани ҳақида хабар берганди.

Миллий даражада 2026−2030 йилларга мўлжалланган «Тоза ҳаво» лойиҳаси президентнинг 2026 йил 25 мартдаги фармони билан ишга туширилди. Ушбу узоқ муддатли дастур ифлослантирувчи моддалар чиқиндиларини 10,5 фоизга камайтиришни назарда тутади. Бунга ҳаво мониторинги бўйича автоматик станциялар ўрнатиш, биринчи ва иккинчи тоифадаги корхоналарда чанг ва газни тозалаш тизимларини жорий этиш, шунингдек, транспорт чиқиндиларини 10 фоизга камайтириш орқали эришиш режалаштирилмоқда.

2025 йилдан Тошкент шаҳрида 80 дан ортиқ экологик зарарли корхоналарни шаҳар ташқарисига босқичма-босқич кўчириш бошланган. Бундан ташқари, пойтахтда янги саноат зоналарини ташкил этишга муддатсиз мораторий жорий этилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *