Тошкент шаҳри ҳокимлиги пиёдалар инфратузилмаси ва сайр қилиш ҳудудларини яхшилашга, шунингдек, хавфсиз ва инклюзив жамоат жойларини яратишга эътибор қаратган ҳолда шаҳарнинг марказий қисмини комплекс ривожлантириш режаларини маълум қилди.
Лойиҳа «Бродвей» номи билан танилган Сайилгоҳ кўчаси ҳудуди, унга туташ хиёбон, яшил зоналар ва пиёдалар ўтиш йўлакларини қамраб олиши керак. Шаҳар инфратузилмаси унсурлари — ёритиш, суғориш ва хавфсизлик тизимлари ҳам янгиланади.
«Лойиҳа Ягона дизайн код ва ҳудудни комплекс ривожлантириш тамойилларига асосланган. Тайёргарлик жараёнида аҳоли ва профессионал ҳамжамият таклифлари ўрганиб чиқилади.», — дея қайд этди ҳокимлик.
«Ҳудуд очиқ шаҳар муҳити хусусиятини сақлаб қолади. Кўча рассомлари ва ижодий жамоатчилик вакиллари ушбу маконнинг бир қисми бўлиб қолаверади. Лойиҳанинг вазифаси жонли шаҳар фаоллигини йўқотиш эмас, балки уни тартибга солиш, муҳитни қулай, ҳаммабоп ва хавфсиз қилишдир», — дея қўшимча қилди маъмурият.
Лойиҳа доирасида қуйидагилар кўзда тутилган:
- йўл ва пиёдалар йўлаклари қопламасини янгилаш;
- пиёдалар йўналишлари ва ўтиш йўлларини яхшилаш;
- тўсиқсиз муҳит яратиш;
- «Бродвей», хиёбон ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;
- ёритиш тизимини модернизация қилиш;
- кўкаламзорлаштириш ва ирригация тизимини ривожлантириш;
- ўриндиқлар, чиқинди қутилари, ёритиш ускуналари ва бошқа кичик меъморий шаклларни ўрнатиш;
- фаввораларни реконструкция қилиш;
- пешлавҳа ва рекламаларни Ягона дизайн-код талабларига мувофиқ тартибга солиш;
- ноқонуний ва тартибсиз қурилмаларни демонтаж қилиш;
- савдо фаолиятини белгиланган меъёрларга мослаштириш;
- жамоат жойларида видеокузатув ва мониторинг тизимларини жорий этиш.
Мавжуд дарахтлар текширувдан ўтказилмоқда ва тегишли мутахассислар назоратида турибди. Шунингдек, камида 1000 туп янги дарахт, бута ва манзарали ўсимликлар экиш режалаштирилган.
«Бродвей» ва хиёбонни «зебра» ўрнига қурилган иккита ерости ўтиш йўлаги ажратиб туради. Фото: Шуҳрат Латипов / Gazeta.
Эслатиб ўтамиз, март-апрель ойларида Сайилгоҳ кўчаси бошланадиган Амир Темур хиёбони реконструкция қилинган эди. Бироқ хиёбон Бродвей ва унинг атрофидаги тротуарлардан ерости ўтиш йўллари билан ажратиб қўйилган. Gazeta шаҳар марказини ҳақиқатда пиёдаларга мўлжалланган ҳудудга айлантириш учун қулай ва хавфсиз (қисқа ва светофорли) ерусти ўтиш йўлакларини қайтаришга ҳокимликни чақирган эди.
