Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 5 май куни Варшавада бўлиб ўтган Grand Chess Tour босқичининг биринчи ўйин кунидан сўнг 6 имкониятдан 4 очко тўплади.
Рапид бўйича дастлабки уч турда Синдаров Ҳанс Ниманн (АҚШ) ва Ян-Кшиштоф Дуда (Полша) билан дуранг ўйнаб, Радослав Войташекни (Полша) мағлуб этди. Биринчи кундан кейин у Фабиано Каруана, Уэсли Со, Владимир Федосеев ва Ҳанс Ниманн (барчасида 4 баллдан) билан бирга пешқадамлар гуруҳида бормоқда.
Дастлабки уч партияда мағлубиятга учрамаган ягона иштирокчилар Синдаров ва Ниманн бўлди.
Амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш биринчи кундан сўнг 50% очко тўплади. Иккинчи турда у эндшпилдаги хатоси туфайли Ниманнга имкониятни бой берди: қораларнинг ўтувчи пиёдаси ҳал қилувчи роль ўйнади ва Гукеш кўп ўтмай мағлубиятини тан олди.
6 май куни Варшавада рапид йўналишида яна учта партия ўтказилади. Синдаров Уэсли Со, Доммаражу Гукеш ва Максим Ваше-Лагравеларга қарши дона суради.
7 май куни ушбу форматдаги сўнгги уч партия бўлиб ўтади. 8−9 май кунлари иштирокчилар блиц баҳсларида курашни давом эттиради. Босқич ғолиби икки йўналишдаги очколар йиғиндисига кўра аниқланади.
Рапидда ғалаба учун 2 очко, дуранг учун — 1 очко берилади. Блицда эса стандарт тизим амал қилади: ғалабага 1 очко, дурангга — 0,5 очко.
Польшадаги босқич Grand Chess Tour 2026 сериясини очади. Турнирда Доммаражу Гукеш, Жавоҳир Синдаров, Фабиано Каруана, Алиреза Фирузжа, Ханс Ниманн, Максим Ваше-Лаграв, Ян-Кшиштоф Дуда, Уэсли Со, Владимир Федосеэв ва Радослав Войташек иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Super Rapid & Blitz Poland 5−10 май кунлари бўлиб ўтади ва Grand Chess Tour’нинг янги мавсумини очади. Варшавадан сўнг серия Бухарестдаги (Руминия) классик турнир, Загреб (Хорватия) ва Cент Луисдаги тезкор шахмат босқичлари ҳамда яна АҚШда бўлиб ўтадиган финал билан давом этади. Gazeta турнир формати ва унинг иштирокчилари ҳақида ёзган эди.
