Ўзбекистон ва Қатар меҳнат миграцияси соҳасида янги келишувларга эришди. Жорий йил май-июнь ойларида 65 нафар ўзбекистонлик Qatar Airways компаниясига ишга жойлаштирилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар қилди.
Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси вакиллари Доҳада миграция масалалари бўйича қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Қатар меҳнат вазири Али бин Саид билан мулоқотда ушбу мамлакат меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳалар — тиббиёт, туризм, авиация ва ахборот технологиялари учун кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистонда Қатар талаблари асосида мақсадли тайёрлов курсларини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунларига кўра, Қатарнинг Бандлик ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, шунингдек идоралараро ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Шунингдек, тиббиёт ходимларини Қатар стандартлари асосида тайёрлаш бўйича махсус таълим дастурини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Қатарнинг давлат бандлик ташкилоти — Jusour раҳбари Абдулҳади Баркан билан музокаралар давомида 2026 йил сентябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон — Қатар меҳнат форумини ўтказишга келишилди. Форумда 50 дан ортиқ иш берувчи иштирок этиши кутилмоқда.


Qatar Airways вице-президенти Фатҳи Атти билан учрашувда эса жорий йил май-июнь ойларида авиация соҳаси учун 65 нафар номзодни танлаб олиш режаси муҳокама қилинди. Улар борт кузатувчиси, муҳандис ва аэропорт ходими сифатида Qatar Airwaysда юқори маошли ишларга жойлаштирилади.
Томонлар келгусида учувчилик, механика, электротехника ва муҳандислик соҳалари бўйича 1600 нафар олий маълумотли мутахассисни ишга жалб қилиш лойиҳасини ҳам амалга оширишга келишиб олди.
Аввалроқ Ўзбекистон делегацияси Саудияда меҳнат миграцияси бўйича музокаралар ўтказганди. Томонлар тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳаларига ишчи кучини жалб қилишни муҳокама қилди. Кадрларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, малака имтиҳонлари ва қонуний ишга жойлаштириш тизими йўлга қўйилади.




