• Сб. Май 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бошқалар кўрган муаммога ечим яратамиз». Хоразмлик ўқувчи қизлар қандай стартаплар қилишяпти?


2024 йил Хоразм, бир йил ўтиб Қорақалпоғистон Республикасида мактаб ўқувчиларига IT ва инглиз тилини бепул ўргатадиган «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси иш бошлаган эди. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан март ойида Хоразмга пресс-тур уюштирди. Gazeta мухбири лойиҳада иштирок этган ўқувчи қизлар билан суҳбатлашди. Улар IT’га қандай қизиқиб қолгани, стартаплари ва келгусидаги мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.

Фото: Миролим Исажонов / Gazeta

Бу қандай лойиҳа?

«Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси мактаб ўқувчиларини дарсдан ташқари вақтларда замонавий касбларга тайёрлашни мақсад қилган. Номзодлар мактаблардаги 7−8-синф ўқувчилари орасидан математика ҳамда фикрлаш доирасини текширувчи IQ тестларидан иборат имтиҳон асосида саралаб олинади. 4 йиллик дастур асосида ўқувчилар халқаро даражадаги IT сертификатлар, B2 даражадаги инглиз тили сертификати ҳамда шахсий лойиҳа ва стартап портфолиога эга бўлиши мумкин.

Рақамли таълимни ривожлантириш маркази бошқарма бошлиғи Саидмурод Абдужабборовга кўра, лойиҳа Хоразм вилоятининг 13 та туман ва шаҳарлари, Қорақалпоғистон Республикасининг 8 та ҳудудида иш бошланган. 2026 йилнинг март ойидан бу рўйхатга Самарқанд ҳам қўшилган. Cентабр ойидан Ўзбекистоннинг барча вилоят марказларида лойиҳани жорий этиш режалаштирилган.

«Ҳозирда Хоразмда 3500 га яқин, Қорақалпоғистонда 1000 дан ортиқ ўқувчиларга жами 137 нафар амалиётчи менторлар таълим бермоқда. 2028 йилгача Ўзбекистон бўйича 50 минг малакали битирувчи тайёрлашни мақсад қилганмиз», — дейди Саидмурод Абдужабборов.

Саидмурод Абдужабборов.Саидмурод Абдужабборов.

Унинг таъкидлашича, 2024−2025 ўқув йилида 130 нафар ўқувчи лойиҳани тамомлаган. Шундан 84 нафари IT йўналишида халқаро ва маҳаллий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Қолган 46 нафари эса IT компаниялар, маҳаллий ва халқаро фрилансерлик платформаларида мустақил тарзда фаолият юритиб, даромад топмоқда.

дастурчи, дастурчи хотин-қизлар, муҳаммад ал-хоразмий ворислари, рақамли таълимни ривожлантириш маркази, рақамли технологиялар вазирлиги, стартап, хоразм

Пресс-тур давомида лойиҳа ўқувчилари ўзларининг стартaп тақдимотларини ўтказди. Улар орасида қизларнинг кўплиги қувонарли. Ташкилотчилар таъкидлашича, Хоразмдаги ўқувчиларнинг 1 200 га яқини (30 фоиздан ортиғи)ни қизлар ташкил этади. Хусусан, Gazeta мухбири билан суҳбатда бўлган Гурлан IT Park ментори Жамшид Ғуломов тумандаги 300 га яқин ўқувчиларнинг 60−70 фоизи қизлар эканини айтади.

«Бундан 5 йил аввал ҳам IT ўғил болаларнинг касби деган қараш бор эди. Лекин бугун соҳада қизлар иштироки ортиб бормоқда. Шу билан бирга улар интилувчан, жамиятга фойдали турли лойиҳаларни ўйлаш ва яратишдан тўхтамайди. Назаримда, бу қизларга ҳам шароит яратиб берилиши, тўсиқлар ўрнини имкониятлар эгаллаётгани билан боғлиқ», — дейди ментор.

Ўқувчи қизларнинг ҳикоялари

«Ўзбекистондаги гўзаллик салонлари ва барбершоплар хизматини рақамлаштиришмоқчиман»

Ҳосият Шарифбаева — Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 45-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. «Ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси доирасида Гурландаги IT Park’да 1,5 йилдан бери веб-дастурлаш ва инглиз тилини ўрганади. Ҳосият гўзаллик салонларини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳасини ҳозирча 500 долларга сотишга эришган. Келгусида уни такомиллаштириб, бутун Ўзбекистонда обуна тизими асосида ёйишни мақсад қилган.

Ҳосият Шарифбаева.Ҳосият Шарифбаева.

10-синфлигимизда мактабда дастурлаш тилларини ўргана бошладик. Устозимизнинг Python дастурлаш тилидан берган дастлабки билимлариданоқ бу йўналишга қизиқиб қолдим. Математикага ихтисослаштирилган синфда ўқишим қизиқишимни ошириб борарди. Буни кўрган дадам туғилган кунимда ноутбук совға қилдилар.

Мактабда дастурлаш фанидан бошланғич билимлар берилади холос — устозлар ҳам дарсликдан чиқолмайди. Мен эса ноутбугимдан фақат чегараланган доирада фойдаланишни хоҳламадим. Менга реал мақсад керак эди.

Буни билган устозим бир куни «Ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси борлигини айтиб қолди ва имтиҳонга тайёрлай бошлади. Математика ҳамда фикрлаш доирасини текширувчи IQ тестларини топшириб, саралашдан ўтдим ва Гурландаги IT Park’да ўқишни бошладим.

Бир неча ой ўзимиз учун қийин йўлни босиб ўтиб, ниҳоят, JavaScript тилини ўрганиб, ушбу тил асосидаги React кутубхонаси ёрдамида веб-иловалар ярата бошладик. Шунда бизга бирор муаммога ечим бўладиган илова ғояси ўйлаш топшириғи берилди. IT Park’даги устозим Ўзбекистондаги гўзаллик салонлари автоматлашмагани ҳақида айтиб қолди. Мен эса бу муаммони ўрганишга киришдим.

Ўзим соч кестириш учун ва оила аъзоларим билан бир неча марта салонларга борганда бир пайтда иккита мижоз келиб қолиши, мастерлар вақтни тақсимлай олмаслиги ва ҳатто тортишувлар бўлишига гувоҳ бўлдим. Бундай ҳолатларда тайёр мижоз кетиб қолади, натижада салон эгаларининг даромади ҳам ошмайди.

Интернетдан қараб кўрсам, бунга бошқа ривожланган давлатларда ечим бор экан. Биргина Гурланнинг ўзида салонлар сони йилдан-йилга ўсиб бораётганидан бутун Ўзбекистонда ҳам шу жараён кузатилаётган бўлса керак деган хулоса олдим. Нега бизда бу муаммога ечим бўлмаслиги керак деган савол билан илова яратишни бошладим.

Иловада уч хил интерфейс бўлиб, салон админи, мастерлар ва мижозлар фойдаланишига мўлжалланган. Бунинг учун телефонни зўр билиш ҳам шарт эмас. Интернети бор қурилма билан браузер орқали иловага киришни билса, етарли. Мижоз иловага киргач, ўзига керакли исталган хизматни танлайди, нархлари билан танишиб, маъқул мастернинг бўш вақтида рўйхатдан ўтиб, жой банд қилади. Бунга 30 сония кифоя. Қолаверса, бу ишни мастерлар ҳам мижозлар номидан бажара олади.

Кунлик навбатлар мастернинг иш режасига автоматик тушиб туради. Лойиҳанинг ақлли алгоритми сабаб бир вақтда икки одам ёзилиб қолмайди. Қолаверса, мастерлар ўзининг дашборди (бошқарув панели) орқали иловага янги хизматлар қўшиши ҳам мумкин. Масалан, соч бўяшнинг ҳам ҳар хил турлари бўлса, мастер шуларнинг ҳаммаси учун алоҳида бўлимлар очиб, нархи, қанча вақт кетиши, қандай имкониятлари борлигини белгилай олади.

Мастерлар лойиҳада ўзларининг ойлик ҳисоботи — бир ойда қандай даромад қилгани, қанча вақт ишлагани, қайси хизматларидан кўпроқ фойдаланилгани, қайси мижозлар унга кўпроқ келаётганини кўриб боради. Бугунги кунда аксар салонлар бу масалаларни қоғозларда ёки автоматлашмаган турли чалкаш ҳисоб-китоблар билан олиб боради.

Иловани яратиб бўлгач, хизматидан оилавий фойдаланадиган таниш салонга бориб, ундаги муаммоларни санаб, менда ечим борлигини айтдим. «Хўп, нима қилмоқчисан», деди салон эгаси. Лойиҳани тушунтирдим, бир ҳафта синов режимида текинга ишлатиб кўриши, агар маъқул келса, яна маслаҳатлашишимизни билдирдим.

У ишлатиб кўрди, навбатлардаги келишмовчиликлар камайгани, мижозларни банд қилиш учун кунига икки соатлаб бўладиган телефон қўнғироқлари, ишдан жуда кўп чалғитадиган Telegram ёзишмаларидан анчайин халос бўлганини айтди. Нархини сўради ва 500 долларга баҳоладим.

Дастурчи сифатида кейинчалик лойиҳамни ўзим истагандай ўзгартиришим мумкин. Ушбу илова устида ҳали ҳам ишлашда давом этяпман. Иловага чат қилиш имконини ҳам қўшмоқчиман. Бу орқали мижозлар ҳеч қандай СМС ва бошқа платформаларсиз лойиҳанинг ўзида мастер билан суҳбатлашиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, унга сунъий интеллектни ҳам қўшиш режам бор. Бу орқали салонлар бизнес-аналитика олиб боради. Қайси ҳафта кунларида мижозлар кўп келади, қанақа хизматларга талаб юқори, қайси мавсумда одам кўп бўладию, қачон бу ишнинг бозори камаяди — шу каби таҳлилларни автоматик тарзда олиш мумкин. Бу таҳлиллар асосида мижозларни жалб этиш учун уларга СМС хабарномалар ҳам юборилади. Дейлик, бир аёл сочини ҳар уч ойда бир бўяса, уч ойдан кейин унга «Сиз сочингизни бўятишингиз керак, вақтингиз ўтиб кетди, ўзингизга қараб юринг» тарзидаги хабарнома бориб туради.

Лойиҳани шу тарзда мукаммаллаштириб, обуна асосида ишлайдиган тизимга ўзгартмоқчиман. Масалан, салон эгалари битта мижоздан келадиган 89 минг сўм пул эвазига ойлик тўлов қилиб, иловадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу бир марталик йиллик тўловдан кўра яхшироқ таклиф.

Иловани дастлаб Хоразмдаги 20 та салонга, бир йил ичида эса республика бўйича 500 та салонга улашни режалаштирганман. Кейинчалик буни эркаклар барбершопларига ҳам мўлжаллаб, бутун Ўзбекистондаги салон хизматини рақамлаштириш мақсадим бор.

Лойиҳадан тушган дастлабки пулларни маркетингга сарфлайман. Илова ҳақида одамларга битталаб тушунтириш бергунимча анча вақтим кетиб қолади. Ҳозир Instagram, Telegram ривожланган, мақсадли аудиторияга эга блогерларга реклама учун берсам, янги мижозларни жалб қилади, деб ўйлайман.

Фақат шу лойиҳам билан банд бўлиб қолмайман. Ўқишимни давом эттиришим керак. Саудия Арабистонидаги Қирол Абдулазиз университети IT бўйича аёлларга мутлақо текин таълим беради. Университет QS рейтинги бўйича дунёда 163-ўринда туради, бундан сифатли эканини ҳам билиш мумкин. Қолаверса, аёллар учун хавфсиз давлатда жойлашган.

Ота-онамга олийгоҳда ўқиш армон бўлиб қолган. Шунинг учун бизнинг таълимимизга қаттиқ туришади. Икки опам ҳам университетда ўқийди. Тўғри, бугун қиз болага ўқишни ким қўйибди, IT нимага керак деб қаровчилар ҳам йўқ эмас. Аммо шу билан бирга қизлар учун шароитлар ҳам кўпаймоқда. Масалан, ушбу «Ал-Хоразмий» лойиҳасида биз нафақат IT, балки инглиз тилидан ҳам текинга сифатли таълим оляпмиз. Менимча, бу жуда катта шароит ва имконият. Ҳамма оила ҳам фарзандини иккита қиммат курсда ўқитолмайди.

Ўз ҳаракатларим орқали аёллардан нафақат яхши тикувчи, ўқитувчи, шифокор, балки яхши инженер чиқиши мумкинлигини ҳам исботлашга ҳисса қўшмоқчиман. Келажагимни FAANG (Facebook, Amazon, Apple, Netflix ва Google) компаниялардан бирида кўраман. Ўзимнинг IT компаниямга ҳам асос солиш ниятим бор.

«Бошқалар кўрган муаммога ечим яратаман»

Чаросхон Умарова — Хоразм вилояти Урганч туманидаги 3-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси. Урганчдаги IT Парк’да 1,5 йилдан бери таълим олади. У бошқа жамоадошлари билан биргаликда чиқиндини тўғри ташлашга рағбат уйғотадиган EcoHub лойиҳасини ишлаб чиққан.

Чаросхон Умарова — ўнгда.Чаросхон Умарова — ўнгда.

9-синфлигимизда мактабимизга «Ал-Хоразмий» лойиҳаси вакиллари келиб, лойиҳа, имтиҳонлари ҳақида маълумотлар беришди. Мен ўша пайтлари ТАТУда ўқийдиган опамнинг стартаплари, ёзаётган кодларини кўриб, қизиқиб юрардим. IT’нинг текинга ўргатилишини билгач, кўп синфдошларим қатори дарров рўйхатдан ўтиб, имтиҳон топширдим. Охирида эса саралашлардан фақат мен ўтибман.

Дарслар бошланди. Ҳафтасига уч кун, мактабдан чиқиб соат 15:00 да IT, кейин инглиз тили дарсига кирамиз. Тўғрисини айтсам, бошида жуда қийналдим. Чунки мактаб дарсларида IT жуда осон даражада ўргатилар экан. «Ал-Хоразмий» лойиҳасида оддий HTML тилини ўрганишнинг ўзидаёқ қўрқиб кетганман. Бу босқичдан ҳам бир амаллаб ўтиб, Python дастурлаш тилини бошладик. Мени янги қийинчиликлар кутиб турган экан. Баъзан йиғлар, бу йўлни танлаганим учун ўзимдан хафа ҳам бўлиб кетардим.

Устозларим ҳеч ким онасининг қорнидан ўрганиб туғилмаслиги, ҳамма нолдан бошлаб, ўзининг устида ишлаб, қийналиб ўрганишини кўп такрорларди. Катта IT устозлар билан суҳбатлашар, YouTube’дан шу йўналишдаги мотивацион видеолар кўриб, давом этишга куч топардим.

IT паркда ҳар хил мактаблардан келган дугоналар орттирдим. Улар ҳам мендек босқичлардан ўтишди. Ҳаммамиз мактабимиздаги ўқувчилар орасидан бекорга саралаб олинмаган эканмиз, анча иродали чиқиб, ҳар 2−3 ойда имтиҳонлардан ўтиб, ҳалигача давом этяпмиз. Улардан кўп билмаган нарсаларимни ўргандим, ўргатган вақтларим ҳам бўлди.

Гуруҳдошларим Мафтуна, Азизбек ҳамда менторим Ғофур Рўзиев бошчилигида EcoHub номли лойиҳа яратдик. Бугун кўча-кўйда юриб, оёғи тагида чиқинди кўрмаган одам бўлмаса керак. Бу кўнгилни хира қилиши билан бирга табиатга ҳам жиддий хавф солади.

Бир тарафдан бунга чиқинди контейнерларининг етишмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аммо аҳоли орасида контейнер бўлса ҳам чиқиндисини йўлга улоқтирадиганлар талайгина. Лойиҳамиз инсонларни чиқинди ташлаш бўйича тўғриликка рағбатлантириш, қолаверса, экологик билимларини оширишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида ақлли экомашиналар яратилади. Одамлар бу қурилмаларга чиқиндиларни топшириб, EcoCoin олишлари ва уларни турли харидларда ишлатишлари мумкин. Бу жамоавий иш бўлгани учун қуйида устозим кенгроқ маълумот берадилар.

Бугунги кунда EcoHub’дан ташқари менюлар, онлайн шоплар яратиш устида ишлаяпман. 1,5 йил ичида IT фикрлашимни, атрофимдаги ҳолатларга қаршимни ўзгартирди. Масалан, бошқалар кўрган муаммога мен ечим ярата оламан ва шу орқали жамиятга фойдам тегиши мумкин. Айнан шу хоҳиш келажагимни ҳам дастурлаш соҳасида кўришга туртки беради.

Атрофимда бу қиз боланинг касби эмас, нима қиласан деб шаштимни туширишга уринадиганлар ҳам бор. Айниқса, кўз шифокорим кўриш қобилиятим бироз пастлиги учун менга ўқитувчи ёки шифокорликни танлашим ҳақида кўп гапиради. Аммо мен бошқаларнинг фикрига эмас, ўз қизиқишларимга ва мени қўллаб-қувватлаётган ота-онамга қулоқ тутаман.

Чаросхон Умарованинг ментори Ғофур Рўзиев EcoHub ҳақида:

EcoHub лойиҳаси доирасида кўчаларга қуёш панеллари орқали ишлайдиган экомашиналар ўрнатилади. Одамлар шиша, пластик, қоғоз ҳамда бошқа қайта ишланадиган чиқиндиларни машинага топширишлари мумкин. Машина ўзидаги сунъий интеллект ёрдамида топширилган чиқиндининг турини аниқлаб, унинг миқдорини ўлчайди ва шунга қараб фойдаланувчига EcoCoin тақдим этади.

Ушбу coin’лар орқали EcoHub ҳамкорлик қилувчи йирик супермаркетларда харид қилганда чегирмаларга эга бўлиш мумкин. Масалан, EcoHub орқали 50 минг сўмлик EcoHub йиғган фойдаланувчи уни ҳамкор супермаркетларда исталган хариди учун ишлата олади. Ишлатилган coin’лар қийматини эса EcoHub бизнесларга қоплаб беради.

Бу орқали компаниялар корпоратив ижтимоий масъулиятни амалга ошириб, жамият ривожига ҳисса қўшиши ва ижобий имижга эга бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, платформада фойдаланувчилар турли видеолар орқали экологик билимларини ошириб, тест саволларига тўғри жавоб берганларида ёки EcoLab бўлими орқали дарахт экишда иштирок этганларида ҳам EcoCoin билан рағбатлантирилади.

18 ёшдан ошган инсонлар ўз электрон почтаси орқали рўйхатдан ўтиб, логин ва пароль ёрдамида мазкур тизимдан фойдаланиши мумкин. 18 ёшга тўлмаганлар эса ота-онаси ёки васийларининг логин-пароли орқали чиқинди топшириб, EcoCoin йиғиш имконига эга бўлади.

Экомашиналар одамлар гавжум бўладиган жойларга — аввало ҳамкорлик қилинадиган савдо тармоқлари, аэропортлар, вокзаллар, шунингдек мактаб, коллеж ва университетлар олдига ўрнатилиши режалаштирилган.

Ҳозирда веб-сайтимиз тайёр, аммо экомашинани ишлаб чиқиш учун қанча маблағ кетиши ва савдо тармоқлари, заводлар билан ҳамкорлик реализацияси масалалари устида бош қотиряпмиз.

EcoHub катта лойиҳа. Очиғи, уни ишга тушириш учун анчагина маблағ ва яхши инвестор керак бўлади. Лекин ҳисобимизча, лойиҳа 1−2 йил ичида ўзини оқлаб, фойда келтириши мумкин. Экомашиналарга топширилган чиқиндилар қайта ишлаш заводларига берилади ва айнан шу орқали лойиҳа аста-секин пул ишлай бошлайди. Бундан ташқари, яна бошқа даромад келтирадиган йўллар устида ҳам изланяпмиз.

Лойиҳани Урганч тумани ҳокими олдида намойиш қилдик. Ҳокимлик лойиҳага қизиқиш билдириб, бир қанча контактлар ҳам қолдирди. Агар уни молиялаштира олсак, аввал Хоразм, бир йил ичида бутун Ўзбекистонда жорий этиш режамиз бор. Кейинчалик тўпланган тажрибалар асосида чет давлатларига ҳам чиқишимиз мумкин.

«Иловамдан ҳозирча 1000 доллардан ортиқ даромад қилдим»

Чаманноз Ўрозбоева — 10-синф ўқувчиси. Гурлан туманида IT Park’да 1,5 йилдан бери таҳсил олади. У дўконларда сотилмай қолаётган ёки муддати тугаш арафасидаги маҳсулотларни тезроқ сотишга ёрдам берадиган «Zippy» иловасини яратган.

Чаманноз Ўрозбоева ҳамда ментори Ғофур Рўзиев.Чаманноз Ўрозбоева ҳамда ментори Ғофур Рўзиев.

Аслида IT’га қизиқишим бўлмаган. Дадам «Ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси ҳақида эшитиб қолиб, «компьютер билан ишласа бўларкан, бир қизиқиб кўрмайсанми», дедилар. Мен ҳам имтиҳонлардан ўтиб, ўқишни бошладим.

Аввалида мактабдаги ўқитувчиларим бу «қиз бола учун мос касб эмас»лигини айтишган. Лекин кейинчалик эришаётган натижаларим, танловлардаги иштирокимни кўриб, синфдошларим, мактабнинг бошқа ўқувчиларини ҳам IT Park’ка боришга ундай бошлашди.

Ўтган 1,5 йил ичида бир нечта стартап ва лойиҳаларда ишлаб кўрдим. Сотувчи қариндошларимдан сотилмай қолаётган маҳсулотлари зарар олиб келаётгани ҳақида кўп эшитардим. Янги илова яратишимиз ҳақида топшириқ берилганда биринчи шу муаммо хаёлимга келди ва ишга киришдим.

Савдони автоматлаштиришга қаратилган «Zippy» иловасини яратдим. Бу илова дўконларда сотилмай қолаётган ёки муддати тугаш арафасидаги маҳсулотларни тезроқ сотишга ёрдам беради. Иловада ана шундай маҳсулотлар алоҳида ажратиб кўрсатилади. Сотувчилар эса уларни кўпроқ сотгани сари юқорироқ фоиз олади. Яъни улар бу маҳсулотларни мижозларга фаолроқ тавсия қилишга қизиқиб қолади.

Биз бу лойиҳани Гурлан туманидаги «Аминов» техника маркази, «Фарҳод ота» дўкони ва «Хадича» минимаркетида синовдан ўтказдик. Мижозларимиз сотилмай қолаётган маҳсулотлар ҳам аста-секин кетишни бошлагани ҳамда даромадларида ўсиш бўлганини айтишмоқда.

Олдин дўкон эгалари ҳар куни ишчиларга қайси маҳсулотларни сотишни эслатиб туришга мажбур бўлган. Лекин маҳсулотлар кўплиги сабаб, қайси бири қачон келгани ёки қайси бирининг муддати тугаётганини эслаб қолиш осон эмас. Баъзан маълумотлар ва рақамларни оддий жадвалларда юритиш керак бўлган — бу эса жуда кўп вақт ва куч талаб қилади.

«Zippy»да эса барча маҳсулотлар тизимга киритилади, қолганини сунъий интеллект ўзи бажаради. У муддати яқинлашган ёки узоқ вақтдан бери сотилмаётган маҳсулотларни автоматик аниқлаб, алоҳида рўйхатга чиқаради.

Шу лойиҳанинг ўзидан 1000 доллардан ортиқ даромад қилдим. Ҳозирда иловам устида ишлашда давом этяпман. Уни янада яхшилаб, Ўзбекистондаги барча бизнес эгаларининг савдосини автоматлаштиришга ёрдам беришни мақсад қилганман. Келажагимни эса киберхавфсизлик йўналишида кўряпман. Билишимча, соҳа Ўзбекистонда унча яхши ривожланмаган. Буни ўзгартиришга ҳисса қўшишни хоҳлайман.

«Қийналганимда мен IT учун яратилмаганмиканман деб ўйлардим»

Муҳайё Сафарбоева — Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 28-мактабнинг 10-синф ўқувчиси. 1,5 йилдан бери Гурландаги IT Park’да ўқийди. У масофавий тез ёрдам беришга қаратилган Online Ambulance лойиҳасини ишлаб чиққан.

Муҳайё Сафарбоева.Муҳайё Сафарбоева.

Бундан икки йил аввал IT деган соҳанинг борлигини ҳам билмасдим. Дугоналарим бепул таълим берадиган лойиҳага тест топшириб кўраётганини билиб, кел, мен ҳам ўзимни синаб кўрайчи, дедим. Қарасам, имтиҳондан ўтиб қўйибман.

Дарслар бошланди. Аввалида анча қийналдим. Мен IT учун яратилмаганмиканман, деб ўйлаб юрган кезларим ота-онам ҳали қийинчиликлар ўтиб кетиши, сабр қилсам, бир касбли бўлиб қолишимни айтиб руҳлантириб турдилар. Боз устига ўша пайтларда шахсий компьютерим ҳам йўқ эди. Дадам икки ой аввал янги ноутбук олиб бердилар. Унгача IT Park биносидаги компьютерлардан фойдаланиб турдим.

Ўтган вақт давомида олган билимларим асосида бир нечта лойиҳаларда иштирок этдим. Коронавирусдан кўп одамлар оғир касалланганда шифокорлар уларнинг ёнига етиб боришга улгурмаётганини кўриб, нега онлайн ташхис қўйиб, маслаҳат беришмайди, дегандим ўзимга. Орадан йиллар ўтиб, IT Park’да лойиҳа қилишимиз ҳақида айтишганда шу ғоянинг устида ишлашни бошладим.

Масофавий тез ёрдам беришга қаратилган Online Ambulance лойиҳасини ишлаб чиқдим. Ҳозирча иловани тугаллаш жараёнидаман. Тез ёрдам етиб бориши узоқ ёки тоғли ҳудудларда яшовчи одамлар мазкур илова орқали профессионал шифокорлардан онлайн тавсиялар олиши мумкин. Хизмат пулли бўлади, шифокорлар беморга керакли дорилар, уларнинг қабул қилиш вақти ва дозаларини ёзиб қолдиради. Дориларни қабул қилиш вақти келганда илова махсус сигнал чиқариб, буни беморларга эслатиб туради.

Қолаверса, Online Ambulance орқали донорлар рўйхатдан ўтиб, қон топшириши, бир вақтнинг ўзида зарур инсонлар ўзларига керакли гуруҳлардаги қон берувчиларни топиши мумкин. Унда дориларни онлайн буюртма қилиш хизмати ҳам бор.

Айни дамда интернет муаммоси бор чекка ҳудудларда иловадан қандай фойдаланиш мумкин, деган саволга жавоб излаяпман. Бўш вақтларимда Upwork платформасидан сайтларнинг фронтенд ва бекенд қисмларини яратиш бўйича буюртмалар оламан. Ўртача 200 — 500 долларгача ишлаб тураман.

Биринчи маошимни олиб борганимда ота-онам мендан ҳам кўпроқ хурсанд бўлиб, ютуғимдан ғурурланишди. Натижаларимни кўрган бошқа синфдошларим ҳам IT Park’ка қатнай бошлади. Холам ҳам ўғилларини дастурлаш курсларига қўйди. Келажагимни, албатта, IT’да кўраман. Ҳозирча менторим ўзининг IT компаниясига ишга таклиф қилиб турибди, шуни қабул қилиб, тажрибамни ошириш ниятим ҳам йўқ эмас.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *