Ўзбекистонда Health Invest компанияси ташкил этилади ва Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази, Миллий тиббиёт маркази давлат муассасалари ва Кўпфункцияли тиббиёт маркази унинг бошқарувига берилади. Бу 5 майда имзоланган «Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида кўзда тутилган.

Фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги этиб қайта номланди.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб агентликка қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  • нодавлат тиббиёт ташкилотлари тармоғини ривожлантириш, уларнинг соғлиқни сақлаш тизимига интеграциясини таъминлаш, илғор тиббий технологияларни жорий этиш борасида уларни қўллаб-қувватлаш;
  • тиббиёт ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, ДХШ ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
  • давлат тиббиёт ташкилотларини стратегик ривожланиш дастурлари асосида бошқарувга беришда иштирок этиш;
  • соғлиқни сақлаш тизимида «ягона дарча» тамойили асосида маҳаллий ва хорижий инвесторларга консалтинг ва бошқа хизматлар кўрсатилишини таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг мастер режасини ишлаб чиқишга ва уни такомиллаштириб боришга кўмаклашиш.

Агентлик таъсисчилигида акциядорлик жамияти шаклидаги Health Invest компанияси ташкил этилади.

Агентлик қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва қуйидагилар уни шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг беғараз асосда ажратиладиган 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари;
  • тиббиёт муассасаларини ёки тиббиёт ташкилотларидаги улушларни сотишдан тушган тушумларнинг 20 фоизи;
  • хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

2026 йил якунига қадар тиббиёт муассасалари фаолиятини замонавий бошқарув моделлари асосида самарали ташкил этиш мақсадида синов тариқасида Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази, Миллий тиббиёт маркази давлат муассасалари ва Кўпфункцияли тиббиёт маркази МЧЖ ҳудуди билан бирга Health Invest компанияси бошқарувига ўтказилади.

Агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда 2027 йил 1 апрелга қадар давлат тиббиёт муассасаларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи стратегияни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак:

  • самарасиз фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларига аниқ мезонлар асосида ДХШ ва бошқа шаклларда хусусий секторни жалб қилиш;
  • тиббиёт муассасаларини корпоратив бошқарув тамойиллари асосида трансформация қилиш, шу жумладан, кузатув кенгашларини ташкил этиш, мустақил аъзолар иштирокини таъминлаш, менежмент фаолиятини KPI асосида баҳолаш ва ташкилот раҳбариятини муддатли меҳнат шартномаси асосида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш.

Компаниянинг устав фонди Тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм миқдорида шакллантирилади.