Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда турли сабабларга кўра тўлиқ қувватда ишламаётган ва тушуми камайган корхоналар фаолиятини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бундай ҳолатлар асосан тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, нефть-кимё, электротехника ва бошқа тармоқларда кузатилмоқда.
Ушбу тоифадаги корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар орасида айланма маблағ етишмовчилиги, коммунал инфратузилма билан боғлиқ масалалар, лойиҳаларнинг кечикиши, ускуналарнинг эскиргани, хомашё занжиридаги узилишлар, маҳсулотга талабнинг пасайиши каби муаммолар кўрсатиб ўтилди.
Бу муаммоларни ҳал қилиш орқали корхоналарда ишлаб чиқаришни тиклаш ва мавжуд қувватларни тўлиқ ишга солиб, қўшимча 65,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти борлиги аниқланди.
Шу боис, ҳар бир корхона ҳолатини алоҳида ўрганиб, уларни тўлиқ қувватга олиб чиқиш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Бунинг учун мутасадди идоралар ва банклар иштирокида Республика штаби ташкил этилади. Штаб вакиллари жойларга чиқиб, икки ҳафта муддатда корхоналар фаолиятига тўсқинлик қилаётган масалаларни аниқлайди ва уларни жойида ҳал этиш чораларини кўради.
Фаолиятини тиклаш имконияти мавжуд корхоналарга зарур кредит маблағларини ажратиш, айланма маблағ билан таъминлаш, инфратузилма ва хомашё масалаларини ҳал этиш бўйича банклар ва масъул идоралар биргаликда ишлайди.
Тақдимотда тижорат банклари балансидаги йирик мол-мулклар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бугунги кунда банклар балансида қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган 70 та мол-мулк мавжуд. Мазкур активларни иқтисодиётга қайта жалб қилиш, уларга инвестор топиш ва ишлаб чиқариш майдонларига айлантириш бўйича алоҳида механизмлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Тақдимотда инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалар фаолиятини ҳисобга олиш ва уларнинг натижадорлигини баҳолаш масаласига тўхталиб ўтилди. 2021−2025 йилларда амалга оширилган қарийб 17 мингта лойиҳа натижасида ишга тушган корхоналарнинг айримлари ўз фаолиятини солиқ ва статистика ҳисоботларида тўлиқ акс эттирмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга ҳар бир лойиҳани ўрганиб, уларни солиққа тортиш ва статистика ҳисоботларида тўғри акс эттиришни таъминлаш топширилди.
Шунингдек, ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлаётган айрим масалалар ҳамда уларнинг ечими бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Солиқ маъмурчилиги ва молиявий жарималар йўналишида солиқ имтиёзларини қўллашда юзага келаётган низоли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш, чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш илгари сурилди.
Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Темур Исмоиловнинг таъкидлашича, тадбиркорларда пеня миқдори солиқ қарзининг ўзидан ошиб кетган ҳолатлар кузатилган.
«Тадбиркорлик субъектларини солиқ қарздорлиги бўйича пеня суммаси асосий солиқ қарздорлигидан юқори бўлган ҳолатлар вужудга келаётган эди. Бу ҳам тадбиркорлик субъектларига ноқулайликлар яратаётган эди. Белилаб қўйиляптики, солиқ қарздорлиги бўйича пеня суммаси асосий солиқ қарздорлигидан юқори бўлмаслиги нуқтаи назаридан тегишли ўзгартириш киритиш. Бу ҳам ўз навбатида тадбиркорлик субъектларига енгиллик беради», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тартибини ҳам ўзгартириш таклиф этилмоқда. Илгари бу жараён автоматик тарзда амалга оширилган, бу эса қарор суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатларда жавобгарлик масаласини мураккаблаштирган.
«Бугунги кунда судлар томонидан [автоматик] қабул қилинган қарор ҳақиқий эмас деб топилиб, жавобгарлик масаласи очиқ қолаётган эди. Чунки автоматлашган тартиб бўлгандан кейин кимлигини аниқлаш қийин бўлаётган эди. Шу нуқтаи назардан қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатини тўхтатиш юзасидан солиқ органи раҳбари ва ўринбосарини белгилаш вазифаси юклатиляпти», — деди Солиқ қўмитаси вакили.
Унинг таъкидлашича, бу солиқ органларининг шахсий жавобгарлигини ошириши керак.
«Яъни бу нима беради? Бу биринчи навбатда масъулиятни беради. Тадбиркорлик субъектларининг қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳномасини бекор қилишни раҳбар ёки унинг ўринбосари ўз зиммасига олади», — деди Темур Исмоилов.
Эслатиб ўтамиз, президент ҳузуридаги йиғилиш якунларига кўра сув ва алкоголсиз ичимликларни рақамли маркировкалаш тизимида агрегация жорий этилишини кечиктириш, маркировка қоидаларини бузганлик учун жарималарни камайтириш ва умумий овқатланиш ҳамда савдо соҳаси учун қатъий миқдордаги санкцияларни жорий этиш, шунингдек, кафе ва ресторанлар учун нақдсиз тўловлар улушидан қатъи назар ҚҚСни 40 фоизгача қайтариш тартибини соддалаштириш чоралари қўллаб-қувватланган эди.
Шунингдек, пешлавҳалар ва ташқи реклама тартибини қайта кўриб чиқиш, ўз карталари ўртасидаги ўтказмалар учун комиссияларни бекор қилиш, тадбиркорлар учун айрим жарималарга мораторий жорий этиш, бир қатор савдо объектлари учун экологик экспертиза ва компенсация тўловлари тартибини юмшатиш ҳамда бошқа чоралар режалаштирилмоқда.