Қозоғистон можаролар дипломатик йўл билан ҳал этилиши кераклигига ишонади, бироқ ўз манфаатларини «анча қаттиқ позициялардан» туриб ҳимоя қилишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда тегишлича 7 ва 9 май кунлари нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни ва Ғалаба куни арафасидаги маросимда маълум қилди.
«Биз барча можаролар дипломатик воситалар билан, музокаралар орқали ҳал этилиши кераклигига ишонамиз, бироқ зарурат туғилганда, ўз манфаатларимизни нафақат дипломатия ёрдамида, балки анча қаттиқ позициялардан туриб ҳимоя қилишга тайёрмиз», — деди Тоқаев.
«Қозоғистон дунёнинг барча мамлакатлари билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда давом этади. Ушбу ўзгармас тамойиллар янги Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилган. Бироқ бу қўл қовуштириб ўтириш мумкинлигини англатмайди. Мамлакатимиз турли муаммоларнинг олдини олишга ва ҳар қандай таҳдидларни қайтаришга тайёр бўлиши керак», — дея қўшимча қилди у.
Тоқаев Қозоғистон мудофаа салоҳиятини ошириши ва, энг аввало, ҳозирги «беқарор ва турбулент замон» талаб қилаётган қуролли кучларнинг технологик модернизациясини давом эттириши зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қуролли кучлар ва ҳарбийлаштирилган тузилмалардаги «чуқур ислоҳотлар» мамлакатнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
«Бу стратегик муҳим вазифа бўлиб, у қисқа муддатларда — икки йил ичида ҳал этилиши лозим», — деди Қозоғистон президенти.
«Хавфсизлик масалалари, мамлакат мудофаа қобилиятини кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш — давлатнинг асосий устувор йўналишлари ва вазифаларидир», — деб баёнот берди Тоқаев.
