Навоий вилояти Нурота туманида ичида 14 нафар бола бўлган Matiz йўл-транспорт ҳодисасига учради, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Воқеа 5 май куни соат 09:05 атрофида Янгиҳаёт маҳалласидан ўтувчи 85V-043 автомобиль йўлининг 8−9-километрлари оралиғида содир бўлган. 34 ёшли ҳайдовчи Г.Қ. (аёл) тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқараётиб, тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида руль бошқарувини йўқотган ва йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган. Автомобилда бўлган 14 нафар вояга етмаган йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Суриштирувлар давомида аёл оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари сифатида фаолият олиб боргани маълум бўлган.

«14 нафар боланинг Matiz автомашинасида қоидаларга зид равишда ташилишига уларнинг ота-оналари ҳам эътиборсиз бўлганини кўриш мумкин», — дейилади ЙҲХХ хабарида.

Kun.uz ёзишича, оилавий боғчалардан бирининг раҳбари бўлган аёл турмуш ўртоғи билан ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда йиллар давомида машина бошқариб келган. Яъни болалар доимий равишда шу ҳолда уйдан боғчага ва боғчадан уйга ташилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар боғчалари тарбияланувчиларини хавфсизлик қоидаларини бузган ҳолда 4−7 ўринли автомобилларда ташиш Ўзбекистонда анча кенг тарқалган. Сурхондарё вилоятида битта микроавтобусда хусусий боғчадан 32 нафар бола ташилган. Сирдарё вилоятида ҳайдовчи 28 нафар тарбияланувчини олиб кетаётган бўлган. Наманган вилоятида эса Damas’да бир вақтнинг ўзида 25 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланган.

Шунингдек, Бухоро вилоятидаги иккита Damas микроавтобусида 36 нафар боғча боласи — биринчисида 20, иккинчисида 16 нафар бола ташилган, ҳайдовчилар жавобгарликка тортилган эди.