1 июлдан Ўзбекистондаги хусусий тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат этилади. Бу президентнинг 5 майдаги соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.
Жумладан, нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси доирасида ва лицензиясида назарда тутилган барча йўналишлар бўйича беморларга давлат бюджети ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилади. Бунда даволаш харажатлари давлат ва хусусий клиникалар учун ягона базавий нархлар асосида қоплаб берилади.
Шу билан бирга, миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган тиббиёт ташкилотлари учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги эксперт комиссиясининг хулосасини олиш талаби бекор қилинади.
Янги тартибга кўра, Жамғарма маблағлари доирасида беморларга ихтисослаштирилган амбулатор хизматлар ва жарроҳлик амалиётлари учун йўлланма бериш механизми жорий этилади.
Шунингдек, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни тиббиёт ташкилотлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, маблағлар касалликлар йўналишлари бўйича ойлик ҳажмларда белгиланади.
Лицензия талаблари бузилган ҳолларда эса тиббиёт ташкилотининг бутун фаолиятини эмас, балки фақат қоидабузарлик аниқланган ихтисослик йўналиши бўйича лицензияни вақтинча тўхтатиш тартиби жорий этилади.
Туғуруқ хизматлари соҳасида эса бактериологик лаборатория хизматларини аутсорсинг асосида ташкил этишга рухсат берилади.
Аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилишга рухсат
Фармонга кўра, 2027 йил 1 майдан бошлаб миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига трансплантация амалиётларини ўтказишга рухсат берилади. Бунда инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тартибига риоя этиш лицензия талабларидан бири сифатида белгиланади. Ушбу фаолият «Хавфни таҳлил қилиш» тизимида юқори хавфли тоифага киритилади.
Шунингдек, трансплантация амалиёти ўтказилган беморлар ва донорлар ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиб борилади.
Вазирлик томонидан трансплантация учун зарур бўлган лаборатория текширувлари, жумладан молекуляр-генетик таҳлиллар бўйича талаблар белгиланади ва мажбурий таҳлиллар рўйхати тасдиқланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили давлат бюджети параметрларини шакллантиришда беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи ҳам инобатга олинади.
Бундан ташқари, трансплантациядан кейин беморларни реабилитация қилиш тартиби ишлаб чиқилади. Унда нодавлат клиникаларнинг реабилитация давридаги жавобгарлиги, шунингдек, бемор ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация тўлаш масалалари ҳам белгиланади.