Оқ уй АҚШ ва Эрон ўртасида урушга чек қўядиган ҳамда Эрон ядро дастури бўйича батафсилроқ музокараларга замин яратадиган бир саҳифалик ўзаро англашув меморандуми имзоланишига жуда яқин деб ҳисобламоқда, деб хабар бермоқда Axios ўз манбаларига таяниб.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, АҚШ 48 соат ичида асосий бандлар бўйича Эроннинг жавобини кутмоқда. Уларнинг қайд этишича, ҳали ҳеч нарса узил-кесил келишилмаган, бироқ бу уруш бошланганидан бери келишувга эришиш учун энг қулай пайтдир.
Меморандум 14 банддан иборат бўлиб, у АҚШ президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер томонидан Эрон расмийлари билан бевосита ҳамда воситачилар орқали мувофиқлаштирилмоқда.
Axios маълумотларига кўра, ҳужжатнинг ҳозирги вариантида урушни тўхтатиш ва Ҳурмуз бўғозини очиш, Эрон ядро дастурини чеклаш ҳамда АҚШ санкцияларини бекор қилиш бўйича 30 кунлик музокараларни бошлаш кўзда тутилган. Ушбу давр мобайнида АҚШ Эрон портлари блокадасини ҳам бекор қилади.
Музокаралар Исломобод ёки Женевада бўлиб ўтиши мумкин. Агар улар боши берк кўчага кириб қолса, АҚШ блокада ёки ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши мумкин.
Меморандумда яна қуйидагилар кўзда тутилган:
- Уранни бойитишга мораторий: Эрон 5 йил, АҚШ 20 йил муддат таклиф қилмоқда. Axios манбаларига кўра, эҳтимолий натижа 12−15 йилни ташкил этиши мумкин. Мораторий муддати тугагач, Эрон уранни 3,67 фоизлик паст даражагача бойитиши мумкин бўлади;
- Ядро қуролидан воз кечиш: Эроннинг ядро қуроли яратишдан воз кечиши ва БМТнинг режадан ташқари инспекцияларига розилиги;
- Иқтисодий чекловлар: АҚШ санкцияларининг босқичма-босқич бекор қилиниши ва Эроннинг музлатилган маблағларини очиш;
- Уранни олиб чиқиш: Юқори даражада бойитилган уранни Эрон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш. Теҳрон илгари бу талабга рози бўлмаганди.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлаган. Теҳрон дарҳол дунё нефтининг 15−20 фоизи ўтадиган Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйганди. Кейинроқ Вашингтон Эрон портлари блокадаси бошланганини эълон қилди. 8 апрелдан бери АҚШ ва Эрон ўртасида вақтинчалик сулҳ амал қилмоқда, бироқ томонлар мунтазам равишда бир-бирини уни бузишда айблаб келади.
