Сўнгги икки ўн йилликда Корея Республикаси пойтахти Сеулда майда дисперсли чанг даражаси сезиларли даражада пасайди, деб хабар бермоқда The Korea Times.
Сеул расмийларининг маълумотларига кўра, атмосферадаги PM2,5 майда дисперсли заррачаларининг йиллик ўртача концентрацияси 40 фоизга — 2006 йилдаги 30 микрограммдан 2025 йилда 18 микрограммгача камайди. Худди шу даврда PM10 концентрацияси 47 фоизга — 60 микрограммдан 32 микрограммгача пасайди.
PM2,5 даражаси юқори бўлган кунлар сони (бир куб метрга 36 микрограмм ёки ундан юқори) 2006 йилдаги 108 кундан ўтган йили 32 кунгача камайди, ҳавоси тоза кунлар сони эса (15 микрограмм ёки ундан паст) икки баравардан кўпроққа — шу давр мобайнида 73 кундан 182 кунгача кўпайди.
Шаҳар маъмурияти ҳаво сифатининг яхшиланишини жамоат транспортида дизель ёнилғисидан воз кечилгани билан боғламоқда. 2006 йилдан 2014 йилгача Сеулда 8900 га яқин дизель автобуси сиқилган табиий газ ва бошқа тоза муқобил ёнилғи турларига ўтказилди. Бугунги кунда электробуслар Сеул жамоат транспорти паркининг 23 фоизини ташкил этади. Ўтиш жараёни ҳали ҳам давом этмоқда: бу йил шаҳарда яна 400 та автобусни электр моделларга алмаштириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, The Korea Times нашрининг таъкидлашича, Сеулда озон билан ифлоланиш даражаси 2015 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда 48 фоиздан кўпроққа ошган. Нашрнинг ёзишича, бу ҳолат ушбу модда таъсирига энг заиф бўлган болалар ва кексалар ўртасида алоҳида хавотир уйғотмоқда. Бунга жавобан расмийлар август ойига қадар 1000 дан ортиқ корхонани, жумладан, ёнилғи қуйиш шохобчалари, бўёқчилик устахоналари ва кимёвий тозалаш шохобчаларини текширишни режалаштирмоқда.
2024 йил ҳолатига кўра, Сеул агломерациясида 26 миллион киши истиқомат қилган, бу Корея Республикаси аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2016 йилда миллий ялпи ички маҳсулотнинг 48 фоизи ушбу агломерация ҳиссасига тўғри келган. Бироқ иқтисодий фаолиятнинг салмоқли қисми транспорт, саноат, чиқиндилар ва электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига олиб келди, бу эса кўпинча ҳаво ифлоланиши даражасининг кўтарилишига сабаб бўлади, дейилади БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) томонидан мегаполисдаги ҳаво сифати ҳақида тайёрланган маърузада.
Маърузада қайд этилишича, ушбу муаммони ҳал қилиш учун мамлакат ҳукумати сўнгги икки ўн йилликда Сеул агломерациясида ҳаво сифатини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий базани яратди.
Қонунчиликка риоя этилишини баҳолаш мақсадида Сеул агломерацияси ва Жанубий Кореянинг бошқа ҳудудларида ҳаво ифлоланиши даражасини кузатувчи юзлаб мониторинг пунктлари очилди. 2007 йилдан 2020 йилгача Сеул, Инчхон ва Кёнги маъмуриятлари ҳаво сифатини ҳимоя қилиш чора-тадбирларига 9 миллиард доллар инвестиция киритди, бунда молиялаштиришнинг 56 фоизи транспорт чиқиндилари даражасини камайтиришга йўналтирилди. Бундан ташқари, фактик маълумотларни тўплаш ва ҳаво сифати муаммосини ҳал қилишга жамоатчиликни жалб этиш учун қарийб 3,2 миллиард доллар ажратилди.
Сеул автобус бекатида ҳаво ифлосланиши ҳақида огоҳлантириш.
