Ўзбекистон ҳамон 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида. 6 май куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев ЖСТга «тўлақонли аъзоликни расмийлаштириш бўйича комплекс ишларни сифатли амалга ошириш» бўйича кўрсатмалар берди, деб хабар қилди унинг матбуот хизмати.
ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026 йил март ойида ўтказиладиган ташкилотнинг 14-Вазирлар конференциясига қадар якунлаш режалаштирилган эди, бироқ бу амалга ошмади. Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, айрим давлатлар ҳужжатларни кўриб чиқишни кечиктирмоқда. Ўтган йилнинг охирида у жараёнда «беихтиёр секинлашиш» хавфи борлигини қайд этганди.
Нималарга эришилди?
2025 йилда кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар доирасида «муҳим натижаларга» эришилди, дейилди тадбирда. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши бўлиб ўтди. Уларда мамлакат ЖСТ аъзоларининг 200 дан ортиқ саволига жавоб берди ва ташқи савдога оид 30 дан ортиқ ҳужжатни тақдим этди.
Икки томонлама музокараларнинг 40 дан ортиқ раунди ўтказилди. Музокаралар жараёни якунланган давлатлар сони 33 тага етди (йил бошида фақат Тайвань билан музокаралар қолгани хабар қилинганди). Ўтган йили 11 та давлат билан музокаралар якунига етказилган.
Йил давомида Ўзбекистоннинг 68 та норматив-ҳуқуқий ҳужжати ЖСТ талаблари ва халқаро нормаларга мувофиқлаштирилди. Хусусан, интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди ва бу соҳадаги қонунбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Экспорт чекловлари бекор қилинди, шаффоф механизмга эга экспорт божлари жорий этилди ва маҳсулотнинг айрим турларига минимал экспорт нархларини белгилаш амалиётига чек қўйилди.
Савдодаги техник тўсиқларни қисқартириш, шунингдек, санитария ва фитосанитария чоралари соҳасида ислоҳотлар ўтказилди. Хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш ўрнига сертификатлаш тизими жорий этилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги устидан назорат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига ўтказилди.
Озиқ-овқат маҳсулотларига оид 14 та техник регламент, шунингдек, 747 та товар позицияси бўйича мажбурий сертификатлаш талаби бекор қилинди. Бундай позициялар рўйхати 27 фоизга қисқартирилди.
Нималар режалаштирилмоқда?
Келгуси режалар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва савдони ҳимоя қилиш чоралари тўғрисидаги янги қонунларни қабул қилишни, шунингдек, санитария, ветеринария ва карантин соҳаларида хавфларни таҳлил қилиш, кузатиш ва илмий асосланганлик тартиб-таомилларини жорий этишни ўз ичига олади, дейилади хабарда.