• Чт. Май 14th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши ҳақида хабар берганлар мукофотланади



Ўзбекистонда саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши ҳақида фото ёки видео орқали хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 4 майда қабул қилинган қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмалардан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фото ва видеоматериаллар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг ахборот тизими орқали қабул қилинади. Мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳужжатда айтилишича, фуқаролар саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши, авария, портлаш ёки инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларни видео ва фото орқали қайд этиб юбориши мумкин. Бунда материалларда ҳуқуқбузарлик моҳияти, содир бўлган жойнинг геолокацияси, сана ва вақт аниқ кўрсатилиши лозим.

Материаллар «Электрон ҳукумат» тизими орқали идентификация қилинган ҳолда юборилади. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари автоматик тарзда тизимга юкланади ва қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади.

Қарорга мувофиқ, фото ва видеоларни монтаж қилиш, таҳрирлаш ёки эффектлар қўшиш тақиқланади. Фақат техник сабабларга кўра видеонинг ҳуқуқбузарлик акс этган қисмини кесиб олишга рухсат берилади.

Келиб тушган мурожаатлар қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари томонидан уч иш куни ичида жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилади. Агар фото ёки видеодан ҳуқуқбузар шахсни аниқлаш имкони бўлмаса, материаллар ички ишлар органларига юборилади.

Қўмитанинг ҳудудий масъул ходими қонунчиликка мувофиқ маъмурий иш қўзғатади, далилларни расмийлаштиради ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига биноан қарор қабул қилади.

Жарима тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, тўлов ҳужжати (квитанция) ҳуқуқбузарга электрон почта, SMS-хабарнома ёки почта алоқаси орқали етказилади (заруратга кўра бевосита топширилиши мумкин).

Агар кўриб чиқиш натижасида қайд этилган ҳодиса бўйича қўмита ваколати мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар тегишли судга ёки ваколатли органга юборилади, бу ҳақида мурожаат қилувчи хабардор қилинади. Ҳуқуқбузарликда жиноят аломатлари аниқланса, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.

Ҳужжатда мурожаат қилган шахсларни рағбатлантириш механизми ҳам белгиланган. Ҳуқуқбузарлик бўйича ундириладиган жарима қуйидагича тақсимланади:

  • 20 фоизи — республика бюджетига;
  • 80 фоизи — Қўмитага.

Фото ёки видеоматериалларни тақдим этган шахс ҳуқуқбузарлик бўйича ундирилган жариманинг қўмитага ўтказилган қисмидан 20 фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Мукофот ҳуқуқбузарлик ҳақида биринчи бўлиб ишончли маълумот тақдим этган шахсга берилади. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан аввалдан аниқланган бўлса, бундай хабарлар учун мукофот тўланмайди. Пул мукофоти мурожаатчининг мобил рақамига боғланган тўлов тизими ёки банк картасига автоматик ўтказилади.

Шу билан бирга, қарорда фото ва видеоматериалларни қайд этиш шартлари ҳам белгиланган. Унга кўра, фуқаролар саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши, авария, портлаш, ёнғин ёки инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларни тасвирга олиши мумкин.

Бунда фото ва видеолар қўмита назоратидаги объектлар ва техник қурилмаларнинг фуқаролар қонуний равишда бўлиши мумкин бўлган ҳудудларида, ишлаб чиқариш жараёни, технологик жараён ёки ходимлар фаолиятига аралашмаган ҳолда олиниши керак.

Ҳужжатга мувофиқ, режимли, қўриқланадиган ва чекланган ҳудудларда тегишли рухсатларсиз фото ва видео олишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, бундай материаллар саноат хавфсизлигини таъминлашдан бошқа мақсадларда тасвирга олинмаслиги лозим.

Қарор билан қўмитага уч ой муддатда мурожаатларни қабул қилиш ва таҳлил қилиш имконини берувчи ахборот тизимини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Ички ишлар вазирлиги эса 2026 йил 1 июлга қадар ўзининг «E-ma’muriy ish» электрон тизимини ушбу платформага интеграция қилиши керак.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси 2024 йилда ташкил этилган. Қўмита ядро энергияси ва ядро технологиялари объектларида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *