Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) ва Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Ўзбекистонда шамол электр станциясини қуриш бўйича 107 млн доллар миқдоридаги кредит шартномасини имзолади, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуриладиган, қуввати 300 МВт бўлган ушбу станция йилига тахминан 943 ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич 336 мингдан ортиқ хонадонни электр билан таъминлаш имконини беради ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 475 минг тоннага камайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ҳар бирининг қуввати 8 МВтгача бўлган 39 та шамол турбинасини, кучланиши 35/500 киловольтли янги подстанцияни ва станцияни миллий энергия тизимига улаш учун тахминан 1,5 километр узунликдаги электр узатиш линиясини қуриш режалаштирилган.
ШЭС яқин атрофда жойлашган «Баш II» станциясини тўлдириб, ҳудудда йирик қайта тикланувчи энергия кластерини ҳосил қилади. Мазкур ташаббусда ОИИБдан ташқари Осиё тараққиёт банки ва Standard Chartered Bank ҳам молиявий шерик сифатида иштирок этмоқда.
«Ушбу инвестиция Ўзбекистоннинг янада барқарор ва диверсификациялашган энергетика тизимига ўтишини қўллаб-қувватлашга бўлган садоқатимизни акс эттиради. Хусусий капитални жалб этиш ва ACWA каби тажрибали ишлаб чиқувчилар билан ҳамкорлик қилиш орқали лойиҳа қайта тикланувчи энергия қувватларини оширишга, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳамда узоқ муддатли иқлимий натижаларга эришишга хизмат қилади», — деди ОИИБ инвестиция блоки раҳбари Константин Лимитовский
ACWA Power молиявий директори Абдулҳамид Ал-Муҳайдиб эса давлат-хусусий шериклик модели капитални самарали жалб қилишда муҳим эканини қайд этди.
Маълумот учун, 2019 йилдан буён ОИИБ ва ACWA Power Ўзбекистон энергетика секторига жами 440 млн доллар атрофида инвестиция киритган. Янги лойиҳа доирасида ишлаб чиқарилган энергия «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан узоқ муддатли шартнома асосида сотиб олинади.
Аввалроқ ACWA Power раҳбари Ўзбекистон президенти билан учрашувда компания мамлакатга инвестицияларни кенгайтириш ниятида эканини билдирганди. Унинг айтишича, томонлар аввал инвестицияларни яна 5 млрд долларга оширишни муҳокама қилган, ACWA Power бу мақсадларни амалга оширишда «қатъият билан олдинга интилади».
Ҳукумат энергия тизимининг барқарорлигини ошириш мақсадида гидроэнергетика соҳасида 5,8 млрд долларлик 73 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Улар орасида Бўстонлиқ туманида қурилаётган 28 млн долларлик грант маблағлари ҳисобидан қуввати 20 МВт бўлган шамол электр станцияси ҳам бор.