Арманистон бош вазири Никол Пашинян Арманистон — ЕИ биринчи саммитида Ереван Европа Иттифоқига қабул қилинса, бундан бахтиёр бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.

Арманистон ҳукумати раҳбари саммит якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида буни тарихий воқеа деб атади. Пашинян, шунингдек, 2025 йилда Арманистонда фуқаролик жамияти ташаббуси билан Европа Иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисида қонун қабул қилинганини эслатиб ўтди.

«Менимча, бу демократик ва, умуман, институционал ислоҳотларимизга янги суръат бағишлаш, Арманистон имкон қадар тезроқ Европа стандартларига жавоб берадиган мамлакат мақомига эришиши учун яхши ва қўшимча рағбатдир… Бу бизнинг оралиқ асосий мақсадимиз, чунки ҳеч бир давлат ушбу стандартларга жавоб бермасдан туриб ЕИнинг тўлақонли аъзоси бўлолмаслигини тушунамиз… Агар бизни ЕИга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилишса, бундан мамнун бўламиз. Қабул қилишмаса ҳам, ҳар қандай ҳолатда биз ютган бўламиз, чунки Арманистон Европа стандартларига эга мамлакатга айланади», — деди мамлакат ҳукумати раҳбари.

У, шунингдек, у ёки бу давлатни ЕИ таркибига қабул қилиш масаласи сиёсий қарор эканини ва Брюссель исталган вақтда энди кенгайишни хоҳламаслигини айтиши мумкинлигини тан олди.

Арманистон парламенти депутатлари 2025 йил 26 март куни иккинчи ва якуний ўқишда республиканинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилганди. Пашинян таъкидлаганидек, бу Ереваннинг ҳамжамиятга қўшилиш жараёни автоматик тарзда бошланишини англатмайди, чунки бу масала референдумга қўйилиши лозим. Ўз навбатида, ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян қонун лойиҳаси зарур миқдорда имзо тўплаган жамоатчилик ташаббуси эканини тушунтириб ўтган.

РФ бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукка кўра, Россия бу ҳаракатларни республиканинг Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқишининг бошланиши деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, ЕИга аъзо бўлиш мамлакатнинг ЕОИИдаги аъзолигига мос келмайди.