• Вс. Май 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Хорижлик шифокорлар учун ижтимоий солиқ 1 фоизга туширилади, тиббий жиҳозлар ва махсус автотранспортлар учун божхона имтиёзи узайтирилади


Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси бўйича солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади. Бу 5 майда имзоланган «Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, тиббиёт ташкилотларида ишлаш учун жалб этиладиган чет эл фуқароси бўлган шифокорлар, менежерлар, консультантлар ва тиббий жиҳозларга хизмат кўрсатувчи техник мутахассислар учун 2029 йил 1 майга қадар ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланди. Шунингдек, уларга Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқнома учун йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари этиб белгиланади.

Клиникаларни ташкил этиш учун уларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишлари «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ўзсувтаъминот» корхоналари ҳисобидан амалга оширилади.

2026 йил 1 июлдан 2029 йил 1 июлга қадар иш берувчилар томонидан ҳар бир ходим ва унинг оила аъзолари учун йилига 10 млн сўмгача тўланадиган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари фойда солиғи базасидан чегириб ташланади.

Шунингдек, тиббиёт ташкилотлари томонидан олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва сарф материаллари, шунингдек, махсус тиббий автотранспорт воситалари 2026 йил 1 июндан 2029 йил 1 июнга қадар импорт божхона божидан озод қилинади.

Фармонда клиникалар тармоғини кенгайтириш бўйича алоҳида чоралар ҳам белгиланган. Хусусан, «Ўзмиллийбанк» томонидан 200 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилиб, тадбиркорларга Қорақалпоғистон ва вилоят марказларидан ташқари ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатувчи клиникалар ташкил этиш учун 10 йил муддатга (3 йиллик имтиёзли давр билан) 10 млн долларгача кредитлар ажратилади.

Кредитлар Марказий банкнинг асосий ставкасидан 3 фоиз банд юқори ставкада миллий валютада берилади. Шу билан бирга, ресурслар бошқа тижорат банклари орқали ҳам йўналтирилиши мумкин.

Клиникаларни барпо этган тадбиркорларга «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» ҳисобидан кредит фоизларининг 50 фоизигача компенсация тўланади.

Белгиланишича, бундай клиникалар фаолият бошлаганидан кейин 3 йил ичида миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтиши шарт бўлади. Уларнинг жойлашуви, ихтисослашуви ва техник талаблари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади.

Ҳокимликларга клиникалар учун ер участкаларини ажратиш, уларни «E-auksion» орқали инвесторларга таклиф қилиш ҳамда муҳандислик тармоқларига уланишда устуворлик бериш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, 2027 йилдан Самарқанд вилоятида тажриба тариқасида бирламчи тиббий-санитария муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда Health Invest компанияси ташкил этилиб, унинг бошқарувига 4 та давлат тиббиёт муассасаси берилиши хабар қилинганди.

Шунингжек, 2027 йил 1 майдан аккредитациядан ўтган хусусий тиббиёт муассасалари трансплантация билан шуғуллана олади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *