• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сингапур мактабларида буллинг учун ўғил болаларга нисбатан жисмоний жазо жорий этилади



Сингапур Таълим вазирлиги мактабдаги таҳқирлашлар, жумладан, кибербуллингга қарши курашишнинг янги қоидаларини тасдиқлади. Эндиликда тенгдошларини камситган ўғил болаларга нисбатан дарра билан савалаш жазоси қўлланиши мумкин, деб хабар бермоқда Guardian таълим вазири Десмонд Лининг баёнотига таяниб.

Янгиликлар сешанба куни мамлакат парламентида муҳокама қилинди. Дарра билан уриш жазоси истисно тариқасида фақат 9 ёшдан катта ўғил болаларга нисбатан қўлланади. Энг кўп зарбалар сони — учта. Ушбу тизим 2027 йилдан бошлаб Сингапурнинг барча мактабларида жорий этилади.

Сингапур қонунчилигига кўра, қиз болаларга нисбатан жисмоний жазо қўллаш тақиқлангани сабабли уларга нисбатан муқобил чоралар: синфда қолдириш, дарслардан четлаштириш ва хулқ-атвори учун баҳосини пасайтириш каби жазолар қўлланади.

Вазирнинг сўзларига кўра, жисмоний жазо фақат «ножўя хатти-ҳаракатнинг жиддийлигини ҳисобга олган ҳолда, бошқа барча чоралар етарли бўлмай қолган тақдирдагина» ишлатилади. У мактаб маъмурияти ўқувчининг хавфсизлигини таъминлаш учун «қатъий протоколларга» амал қилишини таъкидлади.

«Жисмоний жазо директор томонидан маъқулланиши ва фақат ваколатли ўқитувчилар томонидан амалга оширилиши керак. Мактаблар ўқувчининг етилганлик даражасини ҳамда жисмоний жазо унга ўз хатосидан сабоқ чиқаришга ва қилган ишининг жиддийлигини англашга ёрдам бериши каби омилларни ҳисобга олади», — деди Десмонд Ли.

Дарра билан савалашдан кейин мактаб «ўқувчининг аҳволи ва ютуқларини кузатиб боради» ҳамда зарурат туғилганда психологик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди, дея қўшимча қилди Ли.

Интизом чораларини кучайтиришга ўтган йили мамлакатда юз берган, жамиятда катта шов-шув уйғотган бир нечта таҳқирлаш ҳолатлари сабаб бўлган, деб қайд этади Guardian.

Дарра билан савалаш жазоси Сингапурда XIX асрда Британия мустамлакачилиги даврида жорий этилган бўлиб, бугунги кунда ҳам босқинчилик, фирибгарлик ёки виза муддатини 90 кундан ортиқ ўтказиб юбориш каби жиноятларни содир этган 50 ёшдан кичик эркакларга нисбатан қўлланмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўтган йили эълон қилинган маърузасида айтилишича, жисмоний жазолар ҳамон кенг тарқалган амалиёт бўлиб қолмоқда ҳамда болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига жиддий зарар етказмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 18 ёшгача бўлган қарийб 1,2 миллиард бола оилада жисмоний жазога дучор бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *