7 май куни Нурафшон — Пискент — Бўка — Бекобод — Боёвут — Янгиер электрлаштирилган темирйўл тармоғининг қурилиши бошланди, дея хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси. Тошкент ва Сирдарё вилоятларини боғлайдиган йўлнинг узунлиги 110 кмни ташкил этади.

Қурилиш бошланишига бағишланган тантанали тадбирлар Тошкент вилоятининг бирданига иккита туманида — Ўрта Чирчиқ ва Бекобод туманларида бўлиб ўтди. Уларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев ҳамда видеоалоқа орқали Бекобод тумани ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди.


Иштирокчилар Нурафшон ва Бекободда рамзий маънода илк қозиқларни қоқиб берди. Қурувчилар ушбу икки шаҳар ўртасидаги темир йўлнинг биринчи қисмини бир-бирларига қараб ётқизишни бошлайди.
Лойиҳа доирасида 4 та темирйўл станцияси, 21 та йўл ўтказгич, 6 та кўприк ва битта тортувчи подстанция қурилиши режалаштирилган.

Зойир Мирзаев янги темирйўл тармоғи вилоятнинг иқтисодий ўсишини тезлаштириш, аҳоли бандлигини ошириш ва ҳудудларнинг транспорт боғлиқлигини яхшилашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Бўлажак линия автомобиль ва темирйўллари билан кесишмайди, аҳоли пунктларини айланиб ўтади ва атроф-муҳитга салбий таъсири минимал бўладиган тарзда лойиҳалаштирилган, дейилади хабарда.
Ушбу ва бошқа электрлаштирилган йўналишларни қуриш режалари ҳақида 2025 йил ноябрь ойида хабар берилган эди. Умуман олганда, 2030 йилгача 151 км янги йўллар қуриш, амалдаги 182 км йўлни электрлаштириш, 27 та станцияни модернизация қилиш ва 1000 км темирйўлни янгилаш кўзда тутилган.


